Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

21:47 28.9.2022

БМТ Украина шарқидаги сохта референдумларни қоралади

Сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Россияни Украинанинг босиб олган ҳудудларида ўтказган сохта референдумларини қоралади.

Москвапараст расмийларнинг айтишича, Украинанинг босиб олинган тўртта вилояти ҳам Россияга қўшилишни ёқлаб овоз берган. Россия томонидан тузилган сайлов комиссиялари маълумотларига кўра, Запорожье вилоятида берилган сайлов бюллетенларининг 93 фоизи, Херсон вилоятида 87 фоизи, Луганск вилоятида 98 ва Донецк вилоятида 99 фоизи аннексияни қўллаб-қувватлаган.

Халқаро ҳамжамият томонидан ноқонуний деб аталган референдумлар 23 сентябрда бошланди ва кеча якунланди. Сайлов мулозимлари қуролли шахслар билан бирга уйма-уй юриб овоз тўплашди. Сайлов бюллетенларида аҳолидан бу ҳудудларнинг Россия таркибига киритилишини хоҳлайсизми, деган савол берилди.

Референдумлар Кремлга таниш бўлган ҳудудий кенгайиш ва тажовузкор ҳарбий ҳаракатларга мос тарзда олиб борилди. 2014 йилда Россия ҳукумати Украинанинг Қрим яримороли бўйича худди шундай референдумни рус қўшинларининг яқин назорати остида ўтказган эди.

Овоз бериш натижасида Россия Қримни аннексия қилиб олганди. 24 феврал куни Украинага бостириб кириши учун баҳона сифатида Путин Украинанинг шарқий вилоятларида яшовчи руслар ҳимояси, уларнинг Россияга қўшилиш истаги ва Россия хавфсизлигига ҳақиқий таҳдид эканлигини иддао қилган эди.

21:52 28.9.2022

В.Зеленский: Кремл бошчилигидаги референдумлар - майнавозчилик

Украина президенти Владимир Зеленский сешанба туни қилган анъанавий видеомурожаатида Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Кремл бошчилигидаги референдумларни “майнавозчилик” деб атади.

- Биз Херсон, Запороже вилоятларида, Донбассда, Харков вилоятининг ҳозир босиб олинган ҳудудларида ва Қримда халқимизни ҳимоя қилиш учун ҳаракатни давом эттирамиз. Босиб олинган ҳудуддаги бу майнавозчиликни референдумга тақлид деб ҳам аташ мумкин эмас. Натижа нима бўлишини олдиндан билардик. Ҳатто махсус хизматлар ҳам кўп ишлашлари шарт эмас эди. Бу ўйин бўйича келишилган рақамлар оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди. Россия уни ҳатто яширмаяпти ҳам. Босқинчининг бундай ҳаракатларига ягона оқилона жавоб - Украинани янада кўпроқ қўллаб қувватлашдир, деди Украина президенти.

Зеленский, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг Украина ғалласи энг муҳтож мамлакатларга етиб бормаётгани ҳақидаги баёнотини, экспорт маълумотларига таянган ҳолда, рад этди.

22:07 28.9.2022

Қўшма Штатлар Украина шарқида ўтказилган референдумларни қораловчи резолюция қабул қилади

АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд бу ҳақида маълум қилар экан, референдумларни “сохта” ва “Москвада олдиндан келишилган” деб атади.

- Қўшма Штатлар Украина ҳудудида ўтказилаётган сохта референдумни қораловчи резолюцияни қабул қилади. Бизга маълумки, бу сохта референдумларнинг натижалари Москвада олдиндан белгилаб қўйилган. Украина халқи Россия ҳукмронлигига бўйсунишни ҳеч қачон қабул қилмаслигини аллақачон кўрсатди . БМТ ва халқаро ҳамжамият ҳам худди шундай қилиши керак. Биз Албания билан биргаликда сохта референдумларни қораловчи, барча давлатларни Украинанинг ўзгартирилган мақомини тан олмасликка чақирувчи ва Россияга Украинадан ўз қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиш мажбуриятини юклайдиган резолюцияни илгари сурамиз”, деди элчи.

Томас-Гринфилднинг айтишича, резолюция шу ҳафта охирида ёки келаси ҳафта бошида БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим қилинади.

“Агар Россия ўзини жавобгарликдан ҳимоялаш учун вето ҳуқуқидан фойдаланса, биз БМТ Бош Ассамблеясидан Москвага аниқ сигнал юборишини кутамиз”, деди Томас-Гринфилд.

22:13 28.9.2022

Ҳабиб Нурмагомедов Доғистондаги намойишлар масаласида изоҳ бермади

Khabib Nurmagomedov
Khabib Nurmagomedov

Машҳур аралаш жанг санъати устаси, UFC талқини бўйича енгил вазнда собиқ чемпион Ҳабиб Нурмагомедов “Инстаграм”даги обуначилари Доғистонда сафарбарликка қарши бўлаётган норозилик чиқишлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг намойишчиларга куч ишлатишига ўз муносабатини билдиришга чақириши ортидан саҳифасида изоҳ ёзиш функциясини ўчириб қўйди. Бу ҳақда Кавказ.Реалии хабар бермоқда.

Нурмагомедовнинг изоҳ ёзиш мумкин бўлган сўнгги пости 16 сентябрь санасида қолдирилган. Унинг остида бир неча мингта изоҳ бўлиб, аксарида обуначилар спортчидан республикада бўлаётган воқеаларга ўз фикрини билдиришни сўраганлар.

“Биродарларингни тўп еми қилиб урушга жўнатишяпти, сен эса миқ этмайсан, “қаҳрамон”, – дейилади энг кўп “лайк” тўплаган изоҳлардан бирида.

16 сентябрдан кейин эълон қилинган тўртта постда изоҳ қолдириш имконияти ўчирилган. Айни чоғда Нурмагомедов саҳифасида реклама беришда давом этмоқда.

Сафарбарлик бошланганидан сўнг Доғистонда Россия бўйича энг йирик норозилик чиқишлари бўлиб ўтди. Махачқалъада одамлар иккита катта намойиш ташкил қилишди, республиканинг бошқа жойларида эса фуқаролар икки марта йўлларни тўсиб қўйишди. Намойишчиларда юзлаб киши ушланди, улар устидан бир қанча жиноят ишлари очилди.

Доғистон ғарбида туғилган 34 ёшли Ҳабиб Нурмагомедов аралаш жанг санъати бўйича дунёнинг энг машҳур спортчиларидан биридир. У 29 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Нурмагомедовнинг “Инстаграм”даги саҳифасига 33,5 миллион киши обуна бўлган. Спортчи ўз карьераси бошида украин клуби номидан иштирок этган ва ушбу мамлакат фуқаролигини олишга ҳаракат қилган. У Россиянинг Украинага босқинига ўз муносабатини билдирган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG