Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Лойиҳа: Мирзиëев судья тайëрлашни прокуратурага бермоқчи


Озодлик манбаларига кўра, Шавкат Мирзиëев Бош прокурор, Судьялар олий кенгаши¸ Олий суд раҳбари ҳамда президент маслаҳатчисининг ўринбосари қўл қўйган таклиф юзасидан яқин кунларда қарор бериши кутилмоқда.
Озодлик манбаларига кўра, Шавкат Мирзиëев Бош прокурор, Судьялар олий кенгаши¸ Олий суд раҳбари ҳамда президент маслаҳатчисининг ўринбосари қўл қўйган таклиф юзасидан яқин кунларда қарор бериши кутилмоқда.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжат ва маълумотларга кўра¸Ўзбекистонда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси деган янги тузилма таъсис қилиш жараëни бошланган.

Жамоатчилик, жумладан, ҳуқуқшунослар, адвокат ва депутатлар иштирокисиз кечаётган жараëн Шавкат Мирзиëевнинг 2020 йил 10 августдаги“Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида деб номланган фармони ижроси сифатида талқин этилмоқда.

Озодликнинг республикa ҳуқуқ тизимларидаги манбаларига кўра, ўтган ой республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Мирзиëевга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси тузиш ҳақидаги лойиҳани тақдим қилган. Ëпиқ ҳужжат ва маълумотлар ҳақида гапирган Озодлик суҳбатдошлари ўз шахси сир тутилишини сўради.

Лойиҳа моҳиятидан хабардор мулозимларга кўра¸ мазкур янги тузилма Бош прокуратура Академияси базасида ташкил этилади ва Бош прокуратурага бўйсунади.

Лойиҳага кўра¸ Академия кадрлари прокуратура ходимлари ҳисобланади¸ улар Бош прокурор томонидан тайинланади¸ прокурор формасини кияди¸ уларнинг маоши прокуратура ходимлари маошига тенглаштирилади. Бу тузилмадаги энг фундаментал ўзгариш - суд кадрлари тайëрлашга ихтисослашган Судьялар олий мактабини янги Академияга қўшиб юборишдир”¸ дейди ҳужжат матнидан хабардор мулозим.

Озодлик ихтиëрида президентга тақдим этилгани айтилган қарор лойиҳасининг тўлиқ матни йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу маълумотни тасдиқлаш ëки рад этиш ҳақидаги Озодлик сўровини жавобсиз қолдирди.

Айни пайтда¸ Озодликка сиздирилган конфиденциал мактуб¸ бундай қарор лойиҳаси мавжудлиги ва унга Мирзиëев имзосини қўйдириш учун жиддий ҳаракат бораëтганини тасдиқлайди.

Босим остидаги розилик?

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги манбаларнинг сўзларига кўра, Судьялар олий мактабини янги Академия таркибига қўшиб юбориш ҳақидаги лойиҳани Мирзиëев тасдиғидан тезроқ ўтказиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими раҳбарларининг “гўë бу таклифни қўллаб-қувватлаш” ҳақидаги хати уюштирилган.

“Ҳурматли президент” деб бошланувчи Озодлик кўрган бу мактуб нусхаси ҳозирланаëтган лойиҳа моҳиятига ойдинлик киритади.

Топшириғингизга асосан судьяликка номзодларни тайëрлаш¸ суд ходимлари малакасини ошириш механизмларини тубдан такомиллаштириш масалалари ўрганиб чиқилди”¸ деб бошланади ушбу хат.

Бундан Судьялар олий мактаби фаолиятини тафтиш қилиш ва бу соҳада ўзгариш қилиш ташаббуси шахсан Шавкат Мирзиëевнинг ўзидан чиққани тушунилади.

Хатда судьяларни тайëрлаш ва улар малакасини ошириш тизимининг ишламаëтгани эътироф этилади. Тизим раҳбарлари муаммоларга барҳам бериш чораси сифатида “янги механизм” тузиш таклифини ўртага қўяди.

Бу таклиф моҳияти эса¸ “Судьялар Олий мактабини янги ташкил этилаëтган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ўтказган ҳолда¸ судьяларда юқори касбий салоҳиятни босқичма-босқич шакллантиришнинг яхлит тизими – Судьяларни тайëрлаш бўйича узлуксиз ўқув-карьера тизими (кластер)ни жорий этиш”¸ дейилади хатда.

Мактубга Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров¸ Олий суд раиси Бахтиëр Исломов¸ республика Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Дониëр Кадиров қўл қўйган. Сўнгги имзо остига 30 август деган сана ëзилган. Озодлик манбаларига кўра¸ мактуб сентябрь ойида Мирзиëевга тақдим этилган.

Хатда Судьялар олий мактаби ваколатини ўз ичига олиши айтилаëтган янги Академиянинг Бош прокуратура ҳузурида бўлиши¸ унинг Бош прокурорга бўйсуниши ҳақида бирор маълумот берилмаган.

Исломов (2022 йил августида Олий суд раиси этиб тайинланган Бахтиëр Исломов назарда тутилмоқда - таҳр.) президент маслаҳатчиси сифатида ишлаëтган пайтда Судьялар олий мактабини ягона Академияга қўшиб юбориш таклифига розилик берган. Ëдгоров бу хатга¸ биринчи навбатда¸ Судьялар олий мактаби раҳбарларига нисбатан шахсий ғаразидан келиб чиқиб қўл қўйган. Чунки у мактаб раҳбарларини на тайинлаш¸ на ишдан олиш ваколатига эга эмас. Қолаверса¸ тепадан қаттиқ босим бўлган¸ қўлидан ҳеч нарса келмаслигини билгани учун ҳам қўл қўйган. Бу лойиҳани ими-жимида ўтказиш уринишига қарамай¸ ундан айрим депутатлар хабар топди ва ўз норозилигини билдирди"¸ дейди Озодлик гаплашган жараёндан хабардор ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири.

Озодликка гапирган адвокатлардан бири¸ бу лойиҳани нафақат Судьялар олий мактаби¸ балки бутун суд тизимини яна прокуратура етовига қайтариш уриниши деб атади.

"Яқинларгача судьялар прокурорнинг айтганини қилиб келди - қама деса қамади¸ чиқар деса¸ чиқарди. Кейинги йилларда судьялар прокуратурадан сал мустақил бўлди. Бу дегани улар ижроия ҳокимияти босими ëки коррупциядан қутулганини англатмайди¸ албатта. Лекин прокуратуранинг суд тизимига таъсири сал бўлса ҳам камайди. Бу лойиҳа эски кадрларнинг прокуратурани ўтмишдаги "олтин даври"¸ қўрқинчли қудратига қайтариш уриниши".

Мутахассис ва депутат эътирози

7 октябрь куни Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев "Мустақил суд орзуси саробми?" деган пост қўйди.

Унда депутат мустақил ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаевга таяниб туриб¸ Олий суд¸ Судьялар олий кенгаши ва Бош прокуратура ташаббуси билан Судьялар олий мактабининг тугатилиб¸ унинг ўрнига Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиши кўзда тутилаëтганини ëзди.

"Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда судлардаги оқловлар асосан Судьялар олий мактаби битирувчилари бўлган судьялар ҳиссасига тўғри келган экан. Бу дегани улар ўзларини нисбатан мустақил ҳис қилишади, журъатли ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга мос қарор қилиш қобилиятига эга.

Умид қиламизки, Судьялар олий мактабини тугатиш ташаббуси унинг битирувчилари айнан шундай хусусиятларга эгалиги сабаби билан боғлиқ эмас.

Агар асл ва яширин сабаб шу бўлса бу мустақил ва одил судловга эришиш йўлидаги халқимизнинг орзулари яна саробга айланди, дегани.

Айблов ва босимлардан ҳоли, судга хос расмий изоҳ кутамиз"¸ деб ëзди Кушербаев.

Депутатнинг бу саволига на суд ва на прокуратура томонидан очиқ жавоб берилгани кузатилмади. Озодликнинг бу қарор лойиҳаси ва унга нисбатан билдирилаëтган эътирозларга муносабат билдиришни сўраб Бош прокуртура ва Олий судга қилган мурожаати ҳам ҳозирча жавобсиз қолди.

Ўзбекистонда қабул қилинадиган қарор ва бошқа норматив ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ваколатига эга Адлия вазирлиги расмийлари 17 октябрь куни Озодликка Судьялар олий мактабининг Бош прокуратура тасарруфига ўтказишга оид қарор лойиҳаси ҳозирча вазирликка келмаганини билдирди.

Озодликка ҳозирланган лойиҳа ҳақида шахси очиқланмаслигини сўраб маълумот берган мулозимлар¸ судлар мустақиллигига раҳна солувчи бу ҳужжатнинг на депутатлар ва на жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай¸ қабул қилиниш эҳтимолидан хавотир билдирди.

Агар бу таклиф маҳаллий ва халқаро қонунчилик актларига зид бўлмаса¸ уни Коленко (Бош прокуратура Академияси раҳбари Евгений Коленко назарда тутилмоқда - таҳр.)нинг сейфида яшириб ўтирмасдан¸ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйишсин. Қўйишмайди. Чунки бунақа абсурд қарор лойиҳаси ҳам халқаро¸ ҳам маҳаллий экспертлар танқидидан омон чиқмаслигини ўзлари ҳам яхши билади. Агар бу лойиҳани ими-жимида ўтказиб олишса¸ бундай ҳаракат Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини кескин тушириши муқаррар. Суд ва судьялар мустақил бўлмаган давлатдан ҳамма¸ биринчи навбатда булар жон бериб чақираëтган инвесторнинг қўрқишини тушуниш учун катта ақл керакмас”¸ деди Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимларидан бири.

Ислоҳотлардан чекиниш?

Шавкат Мирзиëев¸ юқорида келтирилган хатда ëзилган таклифни қабул қилиб¸ судья тайëрлашни прокуратура ваколатига берса¸Озодлик гаплашган юрист ва суд тизими мулозимлари таъкидича¸ бу давлат ҳокимиятининг бўлиниши ҳақидаги конституция моддасини бузиш деб талқин этилади.

(Конституциясининг 11-моддасида "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади"¸ деб ëзилган. Прокуратура ижро ҳокимиятининг назорат тизими ҳисобланади.)

Айни пайтда мутахассислар таъкидича¸суд тизими учун кадрлар тайëрлаш¸ судья лавозимига номзодларни ўқитишнинг Бош прокуратурага берилиши Мирзиëевнинг ўзи судлар мустақиллигини таъминлаш иддаоси билан қабул қилган олдинги қарорларнинг бекор қилинишини ҳам англатади.

Ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай Шавкат Мирзиëев прокурорларни “энг катта ўғри” деб атаб¸ улар ваколатларини чеклашга киришган эди.

Ўз сиëсатининг устувор принципи мамлакатда "адолат" ўрнатишини тинимсиз таъкидлаб келаëтган Мирзиëев 2017-2019 йилларда судлар мустақиллигини таъминлашга қаратилгани айтилган янги тузилмалар таъсис қилди.

Хусусан¸ 2017 йил 6 апрель куни Мирзиëев “суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлаш” мақсадида мамлакатда Судьялар олий кенгаши деб номланган тузилма таъсис қилди.

“Суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш”га қаратилгани айтилган жараëн бу кенгаш билан тўхтамади. 2019 йилнинг 6 январида Мирзиëев Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этиш ҳақида қарор чиқарди.

Судьялар Олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби тузилиши халқаро майдонда Шавкат Мирзиëев “ислоҳот”ларидан энг муҳимларидан бири сифатида кўз-кўз қилинди ва унга давомли мақтовлар олиб келди.

БМТ Тараққиёт Дастури¸БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари¸ Европа Иттифоқи каби нуфузли сиëсий идоралар бу икки тузилмани “муҳим ислоҳот” сифатида олқишлади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари – Элчи Шарлотт Адриан маҳаллий матбуотга Судъялар Олий мактаби тузилишини "демократлаштириш босқичидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири" деб олқишлаган бўлса¸БМТнинг Судья ва адвокатларнинг мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачи Диего Гарсия Саян уни суд тизимининг мустақил органи сифатида тан олинишидаги фундаментал қадам сифатида баҳолаган.

Иш бошлаганидан уч йил ўтиб-ўтмай¸ Шавкат Мирзиëев қарори билан очилган Судьялар олий мактабини яна айни президент қарори билан Бош прокуратурага буйсунувчи Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси деб аталадиган янги тузилмага бериш уриниши ҳозирданоқ судлар мустақиллигини кафолатлаш ваъдасидан ортга қайтиш сифатида баҳоланмоқда.

Бош прокурор ва Академия раҳбари бу ҳақдаги президент қарори лойиҳасини тайëрлаб¸ администрацияга тақдим этган. Бу лойиҳани жамоатчиликдан бекитиб¸ тез орада қабул қилдириш устида иш бормоқда. Президент бунинг ўз қарорларига қарши экани¸ ўзи ва сиëсатини обрўсизлантиришидан ë мутлақ бехабар¸ ëки бу таклифни унга бутунлай нотўғри тақдим этишмоқда”¸ дейди жараëндан билвосита хабардор Тошкент мулозими.

Озодлик мазкур жараëнга бевосита ва билвосита алоқадор давлат тизимларига қилган мурожаатларига расмий муносабат билдирилган тақдирда¸ уларни жамоатчиликка тўлиқ тақдим этади.​

XS
SM
MD
LG