Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Иссиқхоналар: Умурзоқов газни қайтарди, бироқ "Ҳудудгаз" истаган пайт узиши мумкин


Энергетика вазирлиги иссиқхоналарни кўмир билан иситишни таклиф қилмоқда.
Энергетика вазирлиги иссиқхоналарни кўмир билан иситишни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, иссиқхона хўжаликларига газ тўловини ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача ҳисобланмайди.

Иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлаш мақсадида 6 ойлик имтиёзли давр билан 1 йил муддатга банклар кредит ажратади.

Аммо қарорда яқинда тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлган газ таъминоти ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар “Ҳудудгазтаъминот” билан шартнома қилишдаги бюрократиядан азият чекаётганини, иссиқхонларнинг газ таъминотида аниқ бир кафолат йўқлигини айтмоқда.

Норозилик

Ўтган ҳафта Ўзбекистонда иссиқхонаси бор тадбиркорлар газ таъминотидан узилиши ортидан буткул касод бўлиш хавфи остида қолди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ жойлардаги газ таъминоти филиалларига юборган мактубида иссиқхоналарни кетма-кет газдан узиш ҳақида топшириқ берди.

Юзлаб иссиқхонанинг бирданига табиий газдан узиб қўйилиши ва бошқа ёқилғи турига ўтиш ҳақидаги расмийларнинг қимматли “маслаҳати”дан сўнг тадбиркорлар оёққа турди ва нажот истаб Тошкентга борди.

Норози тадбиркорлар 25 октябр куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдида тўпланди. У ердан бир жўяли жавоб ололмагач президент админстрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов қабулига киришга ҳаракат қилишган. Аммо, у ерда уларни Вазирлар Маҳкамасига боришни маслаҳат беришган.

Тадбиркорларнинг бу юришлари маҳаллий ОАВда ёритилди ва бу хабар президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга ҳам етиб борди.

Муаммо ҳал этилди, лекин...

Сардор Умурзоқов дарҳол газга масъул тегишли идоралар раҳбарларини йиғиб йиғилиш ўтказди ва иссиқхоналарга газ беришни зудлик билан тиклаш ҳақида фармойиш берди:

“Энг заиф ва жавоб беролмайдиган қатламни қурбон қилишга аҳд қилдик. Майли, 1,5 фоиз газни иқтисод қилдик, бунинг ҳисобига экспортни ва иш жойларини «ўлдирдингиз», кредитини тўлолмай, тадбиркор банкротга учрайди. [Кейин] нима қилади булар? Ким буларга жавоб беради? Мен бекорга ҳозир ДХХ раҳбарларини ҳам чақирмаганман. Бу давлат хавфсизлигига таҳдид қиляпти ёки нотўғрими? Эртага экспортни давлатга ким тиклаб беради? Тадбиркорга даромадини ким тиклаб беради, ким кредитини қайтариб беради?”, деди Умурзоқов вазирлик ва агентликлар масъуллари билан ўтказган йиғилишда.

Сардор Умурзоқов Президент администрациясининг назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримовга, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Туробовга ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга топшириқ бериб, айбдорларни жавобгарликка тортиш лозимлигини тайинлади.

Бу мажлисдан сўнг, тадбиркорлар енгил нафас олди, иссиқхоналарга яна газ берилди, гўёки муаммо ҳал бўлди.

Лекин аслида муаммо ҳал бўлдими? “Ҳудудгазтаъминот” тадбиркорларга энди газни қаердан етказиб беради. Қиш мавсумида табиий газга эҳтиёж ошади.

Бу газ энди аҳолининг эҳтиёжидан қисиб олиб бериладими ёки Умурзоқов мажлисда тилга олган “ўғри газ-заправкалар” ҳисобиданми?

Сўнгги тўрт йилда президент топшириғи билан ташкил этилган, умумий майдони 6 минг гектардан ошган иссиқхоналарни иситиш манбаси қаердан олиниши ўйлаб кўрилганми, сарфу-харажатлар ҳисоб-китоб қилинганми?

Нега тадбиркорлар ҳар йили газ муаммосига дуч келадилар?

Муаммонинг илдизи қаерда?

2019 йилнинг 20 мартида президент қарори билан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Бу қарордан сўнг юзлаб тадбиркор ўз кучи билан, ё кредит олиб, ёки четдан инвестиция жалб қилиб иссиқхона қуришга киришди.

Вилоят ва туман ҳокимлари президент қарорини бажариш мақсадида тадбиркорларга иссиқхона қуриш учун ер ажратиб берди, газ билан таъминлашга ваъда берди, банклар кредитлар бера бошлади.

Иссиқхоналарнинг аксарияти хорижий технологиялар асосида газ ва дизел ёнилғисида ишлайдиган қилиб қурилди.

Озодлик суҳбатлашган самарқандлик тадбиркорлардан бири ҳам хориждан қарийб ярим миллион доллар инвестиция киритиб 1 гектар ерда иссиқхона қурган.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳокимият газ етказиб беришни ваъда қилди, аммо газ ташкилотлари ўз шартларини қўйди.

Монополнинг “куракда турмас” шартлари

Озодлик суҳбатлашган тадбиркорларнинг айтишларича, президентнинг қароридан сўнг иссиқхонани узлуксиз газ билан таъминлаш борасида ҳокимлар қуюқ ваъдаларни берган.

“Туман ҳокими давай қур, инвестиция кирит, газни мен топиб бераман деди. Узоқ музокаралардан сўнг, Россиядан 500 минг долларлик инвестиция олиб кириб, бир гектар ерга замонавий иссиқхона қурдик. 50 минг долларга коллектордан труба тортиб келдик, 4 минг долларга газ ҳисоблагичи олдик, 35 минг долларга газ ва соляркага мосланган қозон сотиб олдик. Миллиард-миллиард пул сарфладик. Энди эса газ бўлади деган ҳокимлар ишини қилиб бўлди, президентга мана бунча инвестиция киритдик, бунча иссиқхона қурдик деб рапортларни бериб бўлган. Бу ёғи энди нима бўлади, уларга иссиқ-совуғи йўқ”, дейди тадбиркор.

"Ҳудудгазтаъминот" билан шартнома тузиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар.
"Ҳудудгазтаъминот" билан шартнома тузиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар.

Унинг айтишича, “Ҳудудгазтаъминот” билан шартнома қилиш учун бир ой давомида ишни ташлаб фақат ҳужжат йиғиш билан овора бўлиш керак:

“Агар октябрнинг 25ларидан совуқ тушадиганини ҳисобга олсак бир ой олдин газга шартнома қилишни бошлаш керак. Аммо бу шартнома қилишнинг ўзи бир азоб. Турли хил ташкилотлардан ўнта рухсатнома. Ичидаги нарсалар яна ўнта бўляпти. Масалан, “Ўзгазнефтинспекция”дан хулоса олиш учун яна ўнта ҳужжат олиб боришингиз керак. Бунинг ичида эса коррупция. Ҳамма жойга узатиш керак. Бўлмаса бермай чўзиб юраверади. Махсус шундай қилишган. Бир ой фақат документ йиғасиз. Экинга қарамайсиз, қоғоз тўплайсиз. Бундан кўра, газ бермаймиз, деб қўйишса бўладику”.

“Лимитдан ортиқ газ ёқсанг яна 40 фоиз кўпроқ тўлайсан”

Тадбиркорнинг айтишича, газ шартномасидаги ҳар бир банд тадбиркорларнинг зарарига қилиб тузилган ва бу шартларни имзолашга мажбурсан:

“Монопол ширкатда, айтганимга рози бўлсанг, газ бераман дейди. Бўлмаса йўқ. Масалан, бир куб газга минг сўмдан тўлаймиз. Масалан, мен айтаманки, шу ойда 30 минг куб газ ёқаман ва шунинг 70 фоизини олдиндан тўлаб қўяман. Энди, қаранг, мабодо ҳаво узоқ муддат совуқ бўлиб турса, мен кўпроқ газ ёқаман. Лимитдан ошиб кетиши табиий. Ошгандан кейин мендан 1400 сўмдан ундирилади. Ахир бу нима деган гап, биз истеъмолчимизку, газни сотиб оляпмизку, нега ошиқча пул тўлашимиз керак?”

“Ультиматум - уч ойлик солярка ёки кўмир захира бўлиши шарт!”

“Ҳудудгазтаъминот” билан тадбиркор ўртасидаги шартнома тузишда яна бир ғаройиб ҳужжатга қўл қўйдириб олинади. Агар тадбиркор бу ҳужжатга имзо чекмаса у билан шартнома имзоланмайди.

Тошкент вилоятида иссиқхонаси бор, исми сир қолишини сўраган тадбиркорнинг айтишича, бу банд таъминотчига хоҳлаган вақтида газ беришни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини беради:

“Бу ҳужжатда биз хоҳлаган вақтда газни узиб қўйишимиз мумкин, уч ойга етадиган альтернатив ёқилғи захиранг бўлиши керак, деб ёзилган. Бу уларнинг бизга ультиматуми! Имзоламасак шартнома йўқ! Агар газ бўлмаса бир суткада 1 тонна солярка ёқишим керак. Бу бир суткада 10 миллион сўм дегани. Демак уч ойга мен 90 тонна солярка йиғишим керак. Солярканинг ўзи қишлоқ хўжалигига етмай ётибдию, мен 90 тонна соляркани қаердан топаман, топган тақдиримда ҳам қаерга сиғдираман, қаерга қўяман? Бу абсурд эмасми? Кулгули эмасми? Қиш ўзи уч ой бўлса, унда шартноманинг нима кераги бор? Биз газ берамиз дегани учун бу ишга қўл урганмиз. Агар соляркада бу қозонни ишлатсак уйимизни тополмай қоламизку”.

Озодлик тадбиркорларнинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот котиби Меҳрибон Маметова билан боғланди. Маметова Озодлик Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаганлигини пеш қилиб, суҳбатлашишдан бош тортди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарорга кўра, иссиқхона хўжаликларига газ тўловини ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача ҳисобланмайди.

Иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлаш учун банклар томонидан 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади.

Аммо қарорда, иссиқхоналарни узлуксиз газ билан таъминлаш “Ҳудудгазтаъминот” АЖга юклатилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Президент Матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ иссиқхона бор. Уларнинг жами майдони 6 минг 300 гектардан зиёд бўлиб, шундан 4 минг 300 гектари сўнгги беш йилда ташкил этилган.

“Лекин сўнгги пайтларда ташқи бозорлардаги чекловлар ва транспорт логистикасидаги узилишлар бу тармоққа ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, аксарият иссиқхоналар бизнес-режасида 1 тонна маҳсулот таннархи ўртача 600 доллар деб ҳисоб-китоб қилинган бўлса, 2020 йилда таннарх 900 долларни ва 2021 йилда 1 минг 200 долларни ташкил этган. Айрим иссиқхона хўжаликларида кредит, солиқ, табиий газ ва электр энергияси тўловлари бўйича қарздорлик юзага келган”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Форум

XS
SM
MD
LG