АҚШ Киевни қўллашда давом этади
Киевга ташриф буюрган икки АҚШ сенаторлари демократ Крис Кунс ва республикачи Роб Портман келаси ҳафта АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлардан кейин ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
“Қўшма Штатлар азалдан озодлик учун курашган давлат бўлиб келган. Ҳозирги уруш эса бугунги дунёдаги озодлик учун энг муҳим курашдир”, деди Кунс.
Ташриф сайловда фаворит республикачилар Украинага ёрдамни сусайтириши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар фонида содир бўлди. Бироқ сенатор Портман буни рад этди:
“Шубҳасиз, Украинада содир бўлаётган воқеалар республикачилар эътиборини тортади, чунки бу бизнинг миллий хавфсизлигимиз манфаатларига бевосита боғлиқ. Владимир Путин ғалаба қозонишига йўл қўйиб беришнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўринг”.
Путин: Херсон аҳолисини эвакуация қилишимиз шарт
Россия президенти Владимир Путин 4 ноябрь куни Херсондаги тинч аҳоли хатарли ҳудудлардан эвакуация қилиниши шарт, деди.
Россия сентябрь ойида Херсонни аннексия қилиб олганини эълон қилган. Россияда бирдамлик куни муносабати билан Қизил майдонга борган Путин тинч аҳоли ҳарбий ҳаракатлардан азият чекмаслиги лозим, деб таъкидлади:
“Херсон аҳолисини энг хавфли ҳарбий ҳаракатлар бўладиган ҳудудлардан олиб чиқиш керак. Тинч аҳоли қарши ҳужумлардан ёки бошқа ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлардан азият чекмаслиги лозим".
Херсоннинг Россия томонидан тайинланган мулозими, Москва ўз қўшинларини Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғидан олиб чиқиб кетиши мумкинлигини айтган. Агар бу иш амалга ошса, Москва қўшинларининг ортга сезиларли чекиниши бўлади.
Донецкда кучли ёмғир ҳаракатни оғирлаштирди
Украиналик ҳарбийлар Харьковдан туриб, Россиянинг бир қанча позицияларига ракета зарбалари берди. Сўнгги кунларда Харьков Россиянинг тинимсиз ракета ва дрон ҳужумларига учраб, инфратузилма обектлари вайрон бўлди ва электр тармоғига зарар етди.
Кучли ёмғир Донецк вилоятидаги асосий йўлларни ювиб кетди. Бу ўз навбатида ўқ-дори ва озиқ-овқат етказиб беришни қийинлаштиради. Ҳозирда йўлдан фақатгина юк машиналари ва махсус транспорт машиналари юра олиши мумкин.
Украина қўшинлари айни пайтда душманни ўзиюрар 2С3 “Акация” гаубицаларидан ўққа тутмоқда. Ноқулай об-ҳаво сабабли дронлар ёрдамида ҳужум қилиш имконсиз. Шу сабабли Украин ҳарбийлари асосан белгиланган нишонларни- рус ҳарбий техникалари, омборларини нишонга олаётгани хабар қилинмоқда.
АҚШ: Ядро қуроли ҳамда ракетага қарши мудофаа қобилиятини оширамиз
Украина қўшинлари жанубдаги стратегик аҳамиятга эга Херсон шаҳрини Россиядан қайтариб олишга қодир, дея таъкидлади АҚШ расмийси.
“Энг муҳими, украиналикларда буни уддалай олишларига ишонч бор. Биз уларнинг ўз ҳудудларини қайтариб олиш учун анча изчил ҳамда самарали ҳаракат қила олишларини кўряпмиз”, деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.
Остин, бу Россия учун катта мағлубият бўлиши мумкин, деб қўшимча қилди. Бироқ Украина расмийлари, Россиянинг Херсондан қўшинларини олиб чиқиб кетиши - қурилаётган бир тузоқ аломати бўлиши мумкин, деган хавотирда.
Шунингдек АҚШ мулозими, дунёда тобора ядровий таҳдид ортаётгани, иттифоқчиси Жанубий Корея билан бугунги вазиятни муҳокама қилганини ҳам билдирди:
“Жанубий Корея мудофаа вазири Ли билан бугун ажойиб мулоқот олиб бордик. Биз КХДРнинг давомли провокациялари ва беқарорлик келтириб чиқарувчи ҳаракатлари борасида суҳбатлашдик. Ҳозирги кескин даврда ҳамкорлигимиз янада мустаҳкам бўлади. Қўшма Штатлар Жанубий Корея республикаси мудофаасини таъминлаш саъй-ҳарактларига тўлалигича содиқ қолади. Бизнинг кенгайтирилган тийиб туриш ҳаракатларимиз қатъий, ва у ядро қуроли ҳамда ракетага қарши мудофаа қобилиятини оширишни кўзда тутади».