Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Мишустин Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасини тезлаштиришга чақирди. Экспертлар иккиламчи санкциялардан хавотирда


Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан. Самарқанд, 2 декабрь, 2022. Government.ru
Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан. Самарқанд, 2 декабрь, 2022. Government.ru

Россия томони Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ва РФ ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида билдирган.

Мишустинга кўра, атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик бўйича энг йирик лойиҳа Россия дизайнига кўра атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлиши керак. Бу борада “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”, деган Россия бош вазири.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.

Путин ва Мирзиёев Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасига 2018 йилда старт берган эди.
Путин ва Мирзиёев Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасига 2018 йилда старт берган эди.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат имзолангани ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.

Шу йилнинг июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.

Таҳлилчилар Москва Ўзбекистонга АЭС қурилишини тезлаштириш борасида босим ўтказаётганини тахмин қилганлар.

Санкциялардан четда қолаётган "Росатом"

“Росатом” шу йил февралида Россиянинг Украинага тажовузи ортидан рус ширкатларига қарши киритилган мислсиз санкциялардан ҳозирча ташқарида қолаётган саноқли давлат ширкатларидан ҳисобланади.

Россияга Украинага бостириб кирган илк кунлардаёқ украиналик фаоллар ва нодавлат ташкилотлари "Росатом"ни санкциялар рўйхатига киритиш ва Россиядан импорт қилинадиган ядровий ёқилғига тақиқ қўйишга чақирганлар.

Reuters хабар агентлиги президент Байден маъмурияти "Росатом"га санкция қўллаш масаласини кўриб чиққани, аммо ядровий эгергия лоббистлари ҳамда Байденнинг ядро энергиясини яшил энергия қаторига қўшиш режалари туфайли фикрини ўзгартиргани ҳақида ёзган.

АҚШдаги Колумбия университети Глобал энергетика сиёсати маркази 2021 йил майида эълон қилган ҳисоботга кўра, дунёдаги 439 та атом реакторларидан 38 таси Россия ҳиссасига тўғри келади. Бунга қўшимча 42 та реактор Россия технологияси билан ишлайди ва ҳозирда руслар яна 15 та реакторни қуриш ишларини олиб боряпти.

"Газ иттифоқи"

Михаил Мишустиннинг Россия бош вазири сифатида Ўзбекистонга илк ташрифи Тошкент ва Остона билан уч томонлама "газ иттифоқи" ҳақидаги баёнотлар манзарасида содир бўлмоқда.

Мишустин 28 ноябрь куни Москвада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашган ва икки томонлама иқтисодий алоқаларни муҳокама қилганди.

Ушбу учрашув ортидан Тоқаев Москва Ўзбекистон ва Қозоғистон билан "уч томонлама иттифоқ" тузишни таклиф қилаётганини айтди.

“Владимир Владимирович (Путин) бугун қандайдир уч томонлама иттифоқ яратишимиз кераклигини айтди. Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Биз истаган натижа ва келишувларга эришиш учун ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак”.

Тоқаевнинг баёнотидан бир кун ўтиб, Россия ва Қозоғистон президентларининг матбуот котиблари сўз "газ иттифоқи" ҳақида бораётганини айтишди.

Тоқаев таклифни маъқуллаган, аммо қозоқ томони уни ҳар томонлама ўйлаб кўриш кераклигини билдирган.

Ўзбекистон ҳозирча Путиннинг "газ иттифоқи" ҳақидаги таклифига расман муносабат билдиргани йўқ. 30 ноябрь куни президент Мирзиёев президент Путин билан телефон мулоқоти чоғида "истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари"ни муҳокама қилгани билдирилди.

Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов фикрича, Ўзбекистоннинг Путин таклиф этаётган учликка қўшилиши мамлакат суверенитетига путур етказади.

“Қозоғистонда бу борада танқидлар янграяпти. Расмийлар бу ерда уч томонлама газ иттифоқи ҳақида гап боряпти, деб тушунтиришга уринмоқда. Лекин, Ўзбекистоннинг бу ерда манфаати нимадан иборатлиги аниқ эмас. Бундай иттифоқларга қўшилиш Ўзбекистон манфаатига тўғри келмайди. Аксинча, Ўзбекистон Россияни айланиб ўтувчи муқобил йўналишлардан манфаатдор. Агар Ўзбекистон бу уч томонлама альянсга қўшиладиган бўлса, муқобил йўналишлар бўйича режаларини доим Москва билан мувофиқлаштиришга мажбур бўлади”.

Ғарбнинг мисли кўрилмаган санкцияларига учраган Россия томонидан илгари сурилган иттифоқ таклифи ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларида кескин эътирозларни уйғотди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров уни “бўйинтуруқ илиш йўли” деб баҳолади.

Экспертга кўра, Москва тўрт босқичли стратегия орқали Марказий Осиёнинг икки йирик давлати энергетика тармоғи жиловини буткул ўз қўлига олмоқчи.

Биринчи босқичда энергетика тизимининг барча занжирларига россияпараст шахслар жойлаштирилса, кейинги босқичда тармоқни модернизациялаш шиори остида Россиядан мўл-кўл кредит олинади. Учинчи босқичда бошқариладиган инқироз юзага келтирилади. Пировардида эса, сунъий бўҳрон орқали энергетика тармоғи устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Украинага босқин: 233-кун | Кремль: Ғарбдан тўхтаган импортни Ўзбекистондан олишга тайёрмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:41 0:00

Иккиламчи санкциялар риски

Экспертлар Ғарб санкциялари остидаги Россия билан яқин савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа собиқ совет давлатлари учун қўшимча санкциялар хавфини келтириб чиқаришини айтишмоқда.

Шу йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий корхонаси иккиламчи санкцияга тушган илк ширкат бўлди.

Аввалроқ Россия матбуоти Ўзбекистон Марказий банки маҳаллий ширкатларни хорижий ҳамкорлар билан Россиянинг Ғарб санкцияларига тушган банклари орқали ҳисоб-китоб қилмаслик ҳақида огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди.

2022 йилда Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан савдоси ҳажмини каррасига оширган. Озодлик суҳбатлашган экспертларга кўра, Москва Ғарб санкцияларига чап берган ҳолда ўзига яқин мамлакатлар орқали четдан товарлар олиб кирмоқда.

Минтақадан Россияга асосан техника, электрон жиҳозлар, шунингдек ҳарбий саноат учун бутловчи қисмлар етказиляпти. Амалда буни реэкспорт дейиш мумкин.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2021 йилнинг 8 ойида Россия билан маҳсулот айланмаси 4,4 млрд долларни ташкил этган. Жорий йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 5,6 млрд долларга етган ёки йил бошидан бери 27,1 фоизга ўсган.

Ўзбекистоннинг маҳсулот айланмаси умумий ҳажмида биринчи ўринни Хитой эгаллайди. Россия эса энг кўп товар экспорт қилинган мамлакат ўлароқ қайд этилган. Қиёслаймиз: ўтган йили Тошкент Россияга 1,2 млрд долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, жорий йилнинг 8 ойидаёқ бу кўрсаткич 1,8 млрд долларни ташкил қилган, яъни экспорт 45,4 фоизга ошган.

Қизиғи, айни чоғда Ўзбекистон Хитойдан импорт ҳажмини ҳам оширган: ўтган йилнинг 8 ойида мамлакатга ХХРдан 3,2 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида 4,2 млрд долларлик мол импорт қилинган. Ушбу миқдорнинг каттагина қисми реэкспорт тарзида Россияга жўнатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG