Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

22:03 20.12.2022

Жазолаш кампанияси давом этмоқда: 50 ширкат раҳбарига иш очилди

Бир қанча мулозимлар ҳибсга олинди
Бир қанча мулозимлар ҳибсга олинди

Тармоқларда кучайган норозиликлар фонида ҳукумат соҳа мутасаддиларини жазолаш кампаниясини олиб бораётгани кузатилмокда.

Хабарларга кўра, 50 га яқин ширкат раҳбарига жиноий иш қўзғатилган. Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи жами 1000 га яқин бошқарув органлари фаолияти ўрганилган. Унда 250 та уй-жой мулкдорлар ширкатлари томонидан 20 млрд сўм маблағларни талон-торож қилингани аниқланган.

Ўтган ҳафта бир неча мулозим ҳибсга олинди, яна бир қанчасига жиноят иши очилди. Ҳозирча жазоланаётган мулозимларнинг аниқ сони маълум эмас.

Ҳозиргача энергетика инқирози сабаб ҳайфсан олган ҳукуматнинг энг катта мулозими бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовдир. Аммо Раматов ҳукуматда энергетика эмас, балки транспорт соҳасига масъул. Раматов бундан аввал Сардоба сув омбори ҳамда Юнусобод метросининг ўпирилиши сабаб ҳайфсан олган эди. Аммо ҳозиргача бу унинг ҳукуматдаги мавқейига таъсир қилмаган. Ҳозиргача бирон мулозим ҳайфсанлар ортидан истеъфога чиқарилгани маълум эмас.

Шу боис прездидент ва унинг админитсрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг асосан, ўрта бўғин амалдорларни намойишкорона жазолаш кампанияси тармоқларда заҳарханда қилинмоқда. Жумладан, Фейсбук фойдаланувчиси Фахриддин Низамов шундай ёзди:

“Ҳокимиятнинг 7 раҳбарга ҳайфсан бериш билан лаб бўяши ёки қош териши газ ва электр йўқлигидан сабр косаси тўлган халқни қониқтирмайди. Ҳоқимият, газни четга сотмаяпмиз, деяпти, Туркманистондан газ сотиб олаётганини айтяпти. Лекин Россиянинг "Лукойил" компанияси билан тузилган контракт-чи? Унга амал қиляптими ёки ўзимизнинг газ учун уларга яна қарз бўлиб, пул тўлаяптими?”.

21:58 20.12.2022

Энергетик бўҳрон сабаб авариялар кўпайди

Мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳрон йўл транспорт ҳодисалари сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.

19 декабрь куни соат 7:30да Сурхондарё вилояти Термиз туманида содир бўлган аварияда икки киши вафот этди, тўрт киши жароҳатланиб шифохонага ётқизилди.

Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодисага электр тармоқларида узилиш бўлгани ортидан светафор ишламай қолгани сабаб бўлган.

Мамлакатда кузатилаётган қалин туманли об ҳаво ҳам авариялар сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Андижон-Шаҳрихон йўлида ҳам қуюқ туман тушгани ва йўл музлагани оқибатида саккизта машина тўқнашиб кетган. Иккита машина жиддий шикастланган. Қурбонлар ва жароҳатлатланганлар бўлмагани хабар қилинди.

21:55 20.12.2022

Андижонда газ портлашида икки киши шифохонага тушди

Мамлакатда энергетик бўҳрон давом этаркан, фожеали ҳодисалар сони ҳам ортмоқда. 19 декабрь куни Андижон шаҳри Навоий шохкўчасида портлаш содир бўлди.

Ҳодиса Навоий шоҳкўчаси, “Нефттрест” бекати ёнидаги янги қурилган домнинг 8-қаватида юз берган.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, портлашга газ чақнаши сабаб бўлган. Ходиса оқибатида 2 киши жароҳат олиб, шифохонага ёткизилган.

Ҳодиса бўйича тегишли органлар текширув олиб бормоқда.

21:52 20.12.2022

Мирзиёев энергетика соҳаси учун $25-30 миллиард инвестиция кераклигини айтди

Мамлакатда авжига чиққан энергетик инқироз ва жамоатчиликнинг кескин танқиди фонида президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни парламент ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.

Мирзиёев ўз нутқида энергетик бўҳронга, худди ўтган йиллардаги каби, мамлакатдаги инфратузилманинг эскиргани ва аҳоли сонининг кўпайганини сабаб қилиб келтирди.

Президентга кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг ошгани ҳам энергия тақчиллигига сабаб бўлмоқда. У мамлакат энергетика инфратузилмасини янгилаш учун яна 25-30 миллиард инвестиция кераклигини айтди.

Аммо ўтган олти йилда соҳага киритилган миллиардлаб доллар инвестициялар қаерга сарфлангани ҳақида лом-мим демади.

Айни пайтда Мирзиёев газ қазиб чиқаришга илгари берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилишини таъкидлади. Аммо бу газ конларини миллийлаштиришни англатадими, йўқми, маълум эмас.

Президент Мирзиёев газ-свет муаммосини ечиш учун ҳукумат олдига аниқ муҳлат қўйгани йўқ. Ваҳоланки, у 2016 йил декабридаги илк президент сайловолди кампаниясида аҳолининг газ ва свет муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Ўтган олти йилда муаммо нафақат ечилмади, балки Ўзбекистон иккита йирик энергетика инқирозини бошдан кечирди. Жойларда одамлар вазият йилдан йилга оғирлашиб бораётганини айтишади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG