Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:50
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

19:58 11.1.2023

“Ўзбекнефтгаз”: Аномал совуқ туфайли станцияларда авариялар бўлмоқда

Кейинги икки кунда “Ўзбекнефтгаз” ширкатининг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида бир қанча авариялар содир бўлган.

Бунда аномал совуқни айблаган “Ўзбекнефтгаз”га кўра, аварияларга электр тизимидаги узилишлар ва шарли кранлар ҳамда қувурларнинг музлаб қолгани сабаб бўлган. Оқибатда сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари аварияли ҳолатда тўхтаб қолган.

“Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шимолий Нишон” сиқув копрессор станциясидаги 3 та газ ҳайдаш агрегатлари, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Зеварда” ва “Денгизкўл” конларидаги 2-сиқув копрессор станцияларида агрегатлар аварияли ҳолатда тўхтади”, дейилади ширкат баёнотида.

Ширкат тўхтаб қолган газ ҳайдаш агрегатлари ва технологик қурилмаларни навбатма-навбат ишга тушириш ишлари олиб борилаётганини қайд қилган.

Бироқ ажми қанча агрегат қанча муддатга тўхтаб қолгани ва бунинг натижасида кўрилган зарар ва оқибатлар очиқланмаган.

19:15 11.1.2023

ФВВ: Кўчада қулоқчин тақманг!

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аномал об-ҳаво муносабати билан аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди:

  • Қор массалари, сумалак ва музлар бўлиши мумкин бўлган томлар, баланд уйларга яқинлашманг ва болаларнинг бундай жойларда ўйнаши ва бўлишига йўл қўйманг.
  • Агарда хавфли жойда панжараси, огоҳлантирувчи белгилари мавжуд бўлса, улардан ўтишга уринманг, хавфли жойни бошқа йўл билан айланиб ўтинг.
  • Қулоқчин таққан ҳолда кўчада юрманг, томдан тушаётган қор массалари шовқинини эшитмаслигингиз мумкин.
  • Пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда, юқори қаватларда шубҳали шовқинни эшитсангиз, тўхтамаслигингиз керак, бошингизни кўтаринг ва у ерда нима бўлганини ўйлаб кўринг. Эҳтимол, бу қор массалари ёки сумалак ва музлар тушаётган бўлиши мумкин. Бундай вақтда қочиб кета олмайсиз, имкон қадар тезроқ бино деворига ёпишиш керак, бу хавфсиз бўлишга хизмат қилади.
  • Автотранспорт воситаларини томи баланд бинолар ёки тепасида қор массалари, сумалак ва музлар бўлган иншоотлар яқинига қўйманг.
  • Агар одам томдан тушган қор массалари, сумалак ва музлар туфайли жароҳатланса, дарҳол тез ёрдам чақириш керак.
18:35 11.1.2023

Қозоғистонда совуқ сабаб йўлда қолиб кетган 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинди

Эвакуация пайти.
Эвакуация пайти.

Қозоғистоннинг Актобе вилоятида ноқулай об-ҳаво сабаб йўлда қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди.

Мактабга жойлаштирилган ўзбекистонликлар
Мактабга жойлаштирилган ўзбекистонликлар

Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни иккита автобусда йўлда қолиб кетган жами 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинган.

Дастлаб Самара-Чимкент йўлида қолиб кетган автобусдан 38 нафар ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик эвакуация қилиниб, Ирғиз туманидаги мактаблардан бирига жойлаштирилган.

Шу куни Самара-Чимкент йўлида жами 31 нафар ўзбекистонлик чиққан яна бир автобус йўловчилари эвакуация қилиниб, Қорабутоқ қишлоғи масжидига жойлаштирилган.

Иккала ҳолатда ҳам йўллар қалин қор сабаб беркилиб қолгани боис автобуслар йўлда қолиб кетган.

18:12 11.1.2023

Амударё музлади

Амударёнинг 11 январдаги кўриниши.
Амударёнинг 11 январдаги кўриниши.

Амударёнинг Қорақалпоғистондан ўтган қисми музлади.

Қарақалпақгидромет хабарига кўра, Амударёнинг Мўйноқ туманидан ўтган қисми 11 январь куни музлаган.

Ташкилот эълон қилган видеода дарёнинг у қирғоғидан бу қирғоғигача музлагани акс этган.

Бир кун аввал худди шу жойдан эълон қилинган видеода дарё оқиб турганини кўриш мумкин.

Мўйноқ- Қорақалпоғистон шимолидаги туман бўлиб, Қозоғистоннинг Оқтўба ва Қизилўрда вилоятлари билан чегарадош.

Ўзгидромет хабарига кўра, Волгабўйи ҳудудларидан 10 январь куни кириб келган аномал совуқ Ўзбекистонда бир ҳафта давом этади. Мамлакат шимолида 30 даражагача совуқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳозирда кузатилаётган аномал совуқ ҳарорат бундан 15 йил аввал- 2008 йилнинг январь ойида кузатилганини маълум қилди Ўзгидромет.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG