Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:01
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

22:58 13.1.2023

Бепул ош. Ортиқхўжаев ошига тоғора билан келишмоқда

Тошкент ҳокими аномал совуқ сабаб пойтахтдаги тўйхоналарда бепул ош тарқатишга топшириқ берди. Икки кундирки, пойтахтда кунига 5тадан тўйхонада бепул ош тарқатилмоқда.

Озодлик мобил мухбири Чилонзор туманидаги Гавҳар тўйхонасида бўлиб, аҳолига тарқатилган бепул ош жараёнини тасвирга олди.

Тўйхона ходимларидан олинган маълумотга кўра, ҳокимлик томонидан 100 кг гўшт, 100 кг гуруч, 100 кило сабзи ва ёғ махсулотлари олиб келиб берилган. Шу маҳсулотлардан бир кунлик ош тайёрланган.

Ортиқхўжаев режасига кўра, бепул ош ҳамма учун эмас, фақат чекланган одамларгина бу ошдан текинга ейиши мумкин.

Бироқ текин ош тарқатилаётган тўйхонада бўлган мобил мухбир гувоҳ бўлишича, тўйхонага исталган одам кириб, бепул ошдан еб кетиши мумкин. Бунинг устига, агар уйдан лаган ёки тоғора олиб келган бўлсангиз, уйдагиларга ҳам текин ошдан олиб кетиш имкони мавжуд.

Тармоқларда Ортиқхўжаевнинг бепул ош ғояси танқид қилинмоқда. “Бепул ош халқни энергетик муаммолардан чалғитиш усули” дея атаётганлар ҳам бор.

Кўпчилик шунча ошга кетадиган харажат қаердан олинаётгани билан қизиқмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бепул ош 16 январгача пойтахтдаги 51 та тўйхонада тарқатилади. Ҳокимликнинг Телеграм каналида қайси тўйхонада соат неччида текин ош тарқатилиши рўйхати эълон қилинди.

22:49 13.1.2023

Наманганда портлаш: Она ва бола жароҳатланди

Портлаш оқибатида дераза жойидан кўчиб кетган
Портлаш оқибатида дераза жойидан кўчиб кетган

Намангандаги хонадонда газ портлаши оқибатида она ва бола куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса бугун тунда Наманган тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги хонадонларни бирида содир бўлган.

Расмий хабарга кўра, хонадон эгаси туника печига табиий газ ёққан ва газ жўмраги очиқ қолган, у чироқни ёққан пайти газ ва ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида 31 яшар аёл ва унинг 8 яшар боласи жароҳатланган. Аёл 70 фоиз, бола эса 8 фоиз куйиш жароҳати олган.

Портлаш оқибатида ёнғин содир бўлмаган, лекин уйнинг деразаси жойидан кўчган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

22:45 13.1.2023

Қор кураш челленжи. Талаба ва ҳамширалар шикояти
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев жамоаси билан чиқиб, кўчада қор курагани видеоси тармоқларга қўйилгач, жойларда бу ташаббус ўлароқ қабул қилинди.

Озодликка бўлаётган мурожаатларга кўра, айрим олийгоҳларда талабалар кўча тозалашга жалб қилинган.

Қуйидаги суратда Самарқанд давлат университетининг талабалари акс этган.

Талабалар Озодликка ёзга хатида қор кураш мажбурий тарзда бўлаётганидан шикоят қилишган.

Бу эса Чортоқ туман поликлиникаси ходимлари. Озодликка мурожаат қилган ҳамширалар бу ишга чек қўйилишини сўрашади.

22:37 13.1.2023

Қорда қолган ўзбеклар. Қозоғистонда яна 31 ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Эвакуация қилинган ўзбекистонликлар
Эвакуация қилинган ўзбекистонликлар
Эвакуация пайти
Эвакуация пайти

Қўшни Қозоғистонда ҳам аномал совуқ давом этмоқда. Кеча Самара-Чимкент йўлида қорда тўхтаб қолган автобусдан яна 31 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди.

«Дунё» ахборот агентлигига кўра, 12 январь куни 31 нафар Ўзбекистон ватандоши чиққан автобус Самара—Чимкент автомобиль йўлининг 819-километрида Краснодар—Сариоғоч йўналишида кетаётган пайти автобуснинг дизель ёнилғиси кучли совуқ сабаб музлаб қолган.

Қорда тўхтаб қолган автобус йўловчилари Ақтўбе вилоятининг Хромтау тумани қутқарувчилари томонидан эвакуация қилинган.

Агентлик хабарига кўра, йўловчилар орасида ҳеч ким жароҳатланмаган, қутқариб олинган ўзбекистонликлар Хромтау шаҳридаги Шерхон кемпингига жойлаштирилган.

Бир кун аввал ҳам иккита автобусда Қозоғистонда қорда қолиб кетган 69 нафар ўзбекистонлик эвакуция қилинган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG