Шайх Термизий: Сабр қилинг
Масжидлар ва тармоқларда диндорларнинг свет ва газ тақчиллигидан аҳоли норозилиги фонида одамларни сабр қилишга даъватлари кўпайди.
Тошкент шаҳар бош имом хатиби Саид Рахматуллоҳ Термизийнинг худди шу мазмунда ўтган жума қилган маърузаси тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Унда аввал ҳам қатор зиддиятли чиқишлари билан танилган уламо свет ва газ бандасига боғлиқ эмаслиги, Аллоҳдан келган синовлигини айтиб, мусулмонларни сабрли бўлишга чақиради.
"Сенатда ҳам свет йўқ"
Ҳозирча соҳа мутасаддиларигина вазият борасида муносабат билдирмоқда. Бироқ на президент Шавкат Мирзиёев ва на бошқа бирор ҳукумат раҳбари мамлакатдаги энергетик вазиятга ўз муносабатини билдирганича йўқ.
Турли воқеаларга изоҳ билдиришлари билан танилган Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов тандеми ҳам бу сафар сукут сақламоқда.
Айрим мулозимлар эса ўзларининг идораси ва яшаш жойларида ҳам свет ўчаётганини айтиш билан жамоатчиликни тинчлантиришга уринмоқда.
Ўтган йили Сенат раиси Танзила Норбаева мамлакатда беш йил олдингидек счет ўчишлари кузатилмаётгани, электр муаммоси тарихда қолиб кетганини айтиши ортидан тармоқларда танқидга учраганди. Норбаева хоним бу йил энергетика инқирози бошланганидан буён газ свет масаласида бирон баёнот берганича йўқ…
Rost24.uz: ССВ Чияли туғруқхонасидаги вазиятни ёпишга ҳаракат қилмоқда
Кейинги икки кундан бери трендда қолаётган видеода Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси туғруқхонасида электр энергияси йўқлиги сабабли гўдаклар совуқдан қийналаётгани айтилган.
11 декабрь куни бу видеони эълон қилган Rost24.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлигини “ишни ёпишга ҳаракат қилиб, ёлғон маълумот” берганликда айблаб чиқди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кўкдаладаги туғруқхонадан видео тарқалгач, вазиятга шундай муносабат билдирган эди:
«Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси, яъни қишлоқ участка шифохонасида 2022 йил 11 декабрь куни соат 03:30 да электр энергиясида узилиш кузатилган. Аммо иссиқлик таъминотида узилиш бўлмаган.
Шифохонада 4 кун аввал жами 7 нафар аёл фарзандли бўлган, 11 декабрь соат 12:00 да уларнинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. 1 нафар аёл чақалоғи билан Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига кўчирилган. Ҳозирда она ва болаларнинг саломатлиги яхши, шифокорлар назоратига олинган”.
Вазирлик ўз баёнотида шифохонада электр таъминоти тикланлангани ва муассаса қўшимча электр генератори билан таъминлангани қайд қилинган.
Rost24.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотини шубҳа остига олиб, ўтказган суриштируви натижасида Ички ишлар ходимлари шароити йўқ туғруқхонадаги она-болаларни чиқариб юбориш билан муаммони ҳал этишгани аниқлангани қайд қилинган.
Нашр хабарига кўра, ИИБ ходимлари туғруқхонани ёпиш билан таҳдид қилган ва вазиятни видеога олган ҳамширалардан бошқа бундай мурожаат билан чиқмаслик борасида тушунтириш олишган.
Сўнгги бир ҳафтада ис газидан 13 киши ўлди
Ўзбекистон расмийлари мамлакат энерго тизимида юзага келган инқирозни бартараф этиш учун чоралар кўраётгани ҳақида баёнотлар бераркан, газ ва электр тақчиллиги кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлишда давом этмоқда.
Шанба куни Қашқадарёда бир оиланинг уч аъзоси ис газидан вафот этди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, воқеа 10 декабр куни соат 20:20 да Қарши тумани «Дашт» маҳалласидаги оилалардан бирида содир бўлган. Қўлбола усулда ясалган иситиш печидан чиққан ис газидан 67 яшар аёл ва унинг 31 яшар келини ҳамда 8 яшар набираси заҳарланиб ўлган. Заҳарланиш оқибатида оиланинг яна яна икки аъзоси шифохонага ётқизилган.
Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин.
Расмийлар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган. Ўтган ҳафта содир бўлган ўлим ҳолатларидан бирида қурбонлар қарздорлик сабаб газдан узилгани ва ноқонуний улангани айтилган.
Ис газидан сўнгги бир ҳафтада жами 13 киши ўлди:
Бухорода 5 киши
Қашқадарёда 3 киши
Тошкент вилоятида 3 киши
Хоразмда 2 киши вафот этди.
Тўртта хабар ҳам расман тасдиқланган, ҳозирда тўртт ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари кетяпти.
Жорий йил 10 ноябрдан 12 декабргача бўлган даврда маҳаллий матбуотдаги хабарлардан келиб чиқилса, камида 24 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.