Совуқ сабаб Ангрен нефть базасида авария: 11500 литр бензин исроф бўлди
Ангрен нефть базасида резервуарлардан бирининг сифони жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб ёрилган. Оқибатда АИ-80 бензин ёқилғисидан 11 минг 500 литри сизиб чиққан.
Буни Ангрен нефть базаси раҳбарияти тасдиқлади. Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳам воқеа юзасидан баёнот эълон қилди.
Расмий хабарга кўра, авария завод ишчилари томонидан ярим соат ичида бартараф этилган, ҳодиса чоғида ҳеч кимга зарар етган эмас.
Ҳолат юзасидан ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.
Вазиятни ўрганган Давлат экология қўмитаси ушбу нефть базаси билан боғлиқ бошқа муаммони ҳам кўтарди:
"Корхонадаги мавжуд ҳовузлар белгиланган талаб даражасида эмаслиги натижасида нефть маҳсулотлари маҳаллий ариқ орқали Дукенсой сойининг сув ҳавзасига сизиб чиққан.
Ҳозирда нефть билан ифлосланган сув ҳавзасидан олинган таҳлил намуналари лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. Таҳлил натижалари асосида табиатга етказилган зарар суммаси ҳисоб-китоб қилинади".
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда завод атрофида тўкилган бензиндан олиш учун идиш кўтариб юрган кишилар видеолари тарқалмоқда.
ZIMISTON-UZ XABARLARI. 3-қисм
Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.
Сиз яшаётган худудда вазият қандай?
Қандай қишлаяпсиз?
Газ ва свет борми?
Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!
Андижонда иситиш печидан ёнғин чиқди: Бир киши ўлди
Андижонда иситиш печидан келиб чиққан ёнғинда 63 яшар аёл воқеа жойида вафот этган, унинг 31 яшар фарзанди куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Буни тасдиқлаган ҳокимликка кўра, воқеа 12 декабрь куни Андижон вилояти, Андижон тумани, Саноат МФЙ, Саноатчи кўчасидаги 34- уйда содир бўлган.
Андижон тумани ҳокимлиги эълон қилган суратларда Абдуллаевлар хонадонининг ёнғиндан кейинги аҳволи акс этган.
Ҳокимликка кўра, уйнинг 40 м\кв қисми ёнғинда зарарланган.
Расмий версияга кўра, ёнғин иситиш печидан фойдаланишда эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққан.
Қиш чиққунча бензин 10 центга арзон бўлди
Ҳукумат қиш пайти бензин нархини арзонлатишга қарор қилди. Президент қарорига кўра, қиш тугагунча АИ-80 бензинига акциз солиғи бекор қилинди.
Мазкур қарор натижасида ушбу бензин турининг чакана нархи 8,7 фоизга арзонлайди. Эндиликда АИ-80 бензинини 1100 сўмга арзонроқ сотиб олиш мумкин. Буни АҚШ долларида ҳисобланса, тахминан 10 цент арзонлаган бўлади.
Янги нархда бензиннинг бир литрини 5700 сўмдан сотиб олиш мумкин. Бу тартиб кейинги йилнинг 1 мартигача амалда бўлади.
Ҳукуматнинг ушбу қарори мамлакатда кузатилаётган энергетик инқирозни юмшатиш уриниши сифатида баҳоланмоқда.
Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ҳозирда фақат “Ўзбекнефтгаз” шохобчаларида АИ-80 бензини 5700 сўмдан сотилмоқда. Бошқа АЁҚШларда эса эски нархда сотилаётидан шикоятлар бўляпти. Бунинг оқибатида эса “Ўзбекнефтгаз заправкалари"да турнақатор навбатлар пайдо бўлган.