Ўзбеклар қишда исинишнинг ибтидоий усулларига қайтмоқда
Йигирманчи асрда ўзбеклар хонадонига электр чироғи, сўнгра газ кириб келди. Одамлар қишда исинишнинг замонавий моделларига ўта бошлади. Газ ва электр энергиядан қиш пайтида маҳрум бўлган аҳоли исинишнинг ибтидоий усулларига қайта бошлади.
ZIMISTON-UZ XABARLARI. 9-qism
Пенсия жамғармаси аномал совуқ сабаб аҳолига мурожаат йўллади
Ўзбекистонда икки кундан бери кузатилаётган аномал совуқ сабаб Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси аҳолига мурожаат қилиб, қария ва кекса ёшдаги фуқаролардан аномал совуқда уйда қолишларини сўраган:
“Об-ҳаво шароитлари яхшилангандан сўнг пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишни сўраб қоламиз. Бунда, кечроқ мурожаат қилиш cизнинг пенсияга бўлган ҳуқуқингизга таъсир қилмайди, яъни пенсиялар пенсия ёшига етган санадан тайинлаб берилади”.
Бола туғилганда бериладиган бир марталик суюнчи нафақаси ва фуқароннинг вафоти муносабати билан бериладиган дафн нафақаси тайинлаш учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилмай, “Халқ банки”нинг исталган филиалига бориб, тегишли пулни олиш мумкинлиги эслатилган.
Шунингдек, фуқаролар нафақа рад этилишига доир маълумотларни маҳалла фуқаролар йиғинлари ёки Пенсия жамғармасининг 11-40 ишонч телефони орқали олиши мумкинлиги уқтирилган.
Расмий статистикага кўра, 2022 йил 1 декабрь ҳолати бўйича мамлакатда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 млн 316,7 минг нафарни ташкил қилади. Уларнинг аҳоли сонидаги улуши 12 фоизга тўғри келади.
Тошкент вилоятида “заправка”лар ноқонуний фаолият юритаётгани аниқланди
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги ишчи гуруҳ табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон туманида назорат тадбири ўтказди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Ишчи гуруҳ 10 январь куни соат 02:10 ларда Ўзар МФЙда жойлашган “Barhayot plyus” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда фаолият кўрсатаётганини аниқлаган.
Ушбу ҳудудда жойлашган “Metan trans servis” ҳамда “Barhayot plyus” МЧЖларига қарашли АГТКШларнинг газ ҳисоблагичлари белгиланган тартибга зид равишда ўрнатилгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, мазкур шохобчаларнинг газ ҳисоблаш ускуналари экспертизадан сўнг фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва охирги назорат кунидан бугунга қадар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Натижада икки ташкилотга жами 600 млн сўм қўшимча табиий газ тўлови ҳисобланган. Шунингдек, икки ширкат электр энергияси учун жами 111 млн сўм қарздорлиги юзага чиққан.
Вазирлик хабарида ушбу ҳолатда эътиборсизлик қилган “Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига чора кўрилган ёки кўрилмагани очиқланмаган.