Етти вилоятда қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Жорий йилнинг 11-16 январ кунлари Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд , Жиззах, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида тоғ кўчиши мумкин.
Бу ҳақда Ўзгидромет маркази хабар қилди:
- Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
- Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
- Самарқанд вилояти: Қўшработ, Нуробод, Самарқанд, Ургут, Булунғур туманларида;
- Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Фориш туманларида;
- Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ тумани ва Чотқол тизмасининг Чимён тоғларида;
- Наманган вилояти: Поп туманида;
- Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди.
Ўзгидромет тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли худудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўради.
4 январь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чимён тоғолди ҳудудида 61 яшар Россия ватандоши қор кўчкиси тагида қолиб ҳалок бўлган эди.
Бугун ҳам об-ҳаво сабаб ўнлаб рейслар бекор қилинди
Uzbekistan Airways 11 январь куни ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли айрим халқаро рейслар кечикиши, баъзи маҳаллий рейслар эса бекор қилинишинимаълум қилди:
Жумладан, Тошкент-Фарғона-Тошкент, Фарғона-Истанбул-Фарғона, Тошкент-Термиз, Термиз-Москва, Тошкент-Санкт-Петербург-Тошкент, Тошкент-Самарқанд ва Наманган-Уфа-Наманган кечикиб амалга оширилади.
Наманган-Бухоро-Наманган ва Наманган-Самарқанд-Наманган қатновлари ҳам ноқулай об-ҳаво шароити сабабли бекор қилинди.
Uzbekistan Airways бекор бўлган авиақатновлар авиачипталарининг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олиш ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш мумкинлигини эслатган.
10 январь куни ҳам Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилган эди.
Амударё музлади
Амударёнинг Қорақалпоғистондан ўтган қисми музлади.
Қарақалпақгидромет хабарига кўра, Амударёнинг Мўйноқ туманидан ўтган қисми 11 январь куни музлаган.
Ташкилот эълон қилган видеода дарёнинг у қирғоғидан бу қирғоғигача музлагани акс этган.
Бир кун аввал худди шу жойдан эълон қилинган видеода дарё оқиб турганини кўриш мумкин.
Мўйноқ- Қорақалпоғистон шимолидаги туман бўлиб, Қозоғистоннинг Оқтўба ва Қизилўрда вилоятлари билан чегарадош.
Ўзгидромет хабарига кўра, Волгабўйи ҳудудларидан 10 январь куни кириб келган аномал совуқ Ўзбекистонда бир ҳафта давом этади. Мамлакат шимолида 30 даражагача совуқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳозирда кузатилаётган аномал совуқ ҳарорат бундан 15 йил аввал- 2008 йилнинг январь ойида кузатилганини маълум қилди Ўзгидромет.
Қозоғистонда совуқ сабаб йўлда қолиб кетган 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинди
Қозоғистоннинг Актобе вилоятида ноқулай об-ҳаво сабаб йўлда қолиб кетган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди.
Актобе Фавқулодда вазиятлар департаменти хабарига кўра, 11 январь куни иккита автобусда йўлда қолиб кетган жами 69 нафар Ўзбекистон ватандоши эвакуация қилинган.
Дастлаб Самара-Чимкент йўлида қолиб кетган автобусдан 38 нафар ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик эвакуация қилиниб, Ирғиз туманидаги мактаблардан бирига жойлаштирилган.
Шу куни Самара-Чимкент йўлида жами 31 нафар ўзбекистонлик чиққан яна бир автобус йўловчилари эвакуация қилиниб, Қорабутоқ қишлоғи масжидига жойлаштирилган.
Иккала ҳолатда ҳам йўллар қалин қор сабаб беркилиб қолгани боис автобуслар йўлда қолиб кетган.