Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:20

Москванинг Тошкентга эътирози бор – рус матбуоти Мишустиннинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида


Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Самарқанддаги музокаралардан сўнг. Самарқанд, 2 декабрь, 2022.
Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Самарқанддаги музокаралардан сўнг. Самарқанд, 2 декабрь, 2022.

1 декабрь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мишустин икки кунлик сафар давомида Самарқандда Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари раислигидаги қўшма комиссиянинг 3-мажлиси ва бизнес форумда қатнашди.

Гарчи ҳукуматлараро комиссия йиғилиши аввалдан режаланган бўлса-да, Мишустиннинг ташрифи Россия мулозимлари Тошкентга серқатнов бўлиб қолгани кузатилаётган паллага тўғри келди. Аввалроқ Россия думаси спикери Вячеслав Володин Тошкентда президент Мирзиёев томонидан қабул қилинган, рус матбуоти Володин Тошкентни "Америка билан яқин алоқаларнинг оқибатларидан огоҳлантиргани" ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон матбуотида мазкур ташрифларга доир таҳлилий мақолалар эълон қилинмади. Россия нашрлари эса ҳукумат раҳбарлари учрашувини батафсилроқ ёритди. Рус ОАВда чоп этилган мақолаларнинг умумий руҳидан Москванинг расмий Тошкентга нисбатан эътирозлари мавжудлиги англашилади.

Кремль шамсияси остига ўтиш чорлови

“Коммерсант” нашрининг ёзишича, Михаил Мишустин ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашувда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолигини пайсалга солмасликни сўраган.

Кремль мулозими Иттифоққа аъзолик тўғридан-тўғри кооперацион алоқаларга янги куч бағишлаши, божхона, миграция масалаларида енгиллик туғдиришини айтган.

Ўзбекистон жамоатчилиги “ЕОИИ оиласи”га кириш Жаҳон савдо ташкилоти йўлини ёпиши, сиёсий, иқтисодий, илмий жабҳада иҳоталашувга олиб келишидан хавотир изҳор қилиб келади. Боз устига, ушбу бирлашмага тўлақонли қўшилиш буткул Кремль шамсияси остига ўтиш ўлароқ баҳоланади.
Арипов рус ҳукумати раҳбарининг талабига жавобан Ўзбекистон жамоатчилигининг бу борадаги хавотирларини етказган ёки етказмагани маълум эмас.

Россия матбуоти ҳам Мишустинга жўравоз равишда Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомига қаноат қилаётганидан ёзғирди.

"Тошкент Иттифоққа аъзолик бобида ўта эҳтиёткор бўлиб қолаётир. Абдулла Арипов ҳам тадбирларнинг оммавий қисмида бу масалани умуман кўтармади”, – деб ёзди “Коммерсант” мухбири Евгения Крючкова.

“АЭС қуришни бизга қўйиб беринг!”


“EADaily” ахборот агентлиги хабарига кўра, Мишустин Самарқанддаги учрашувда Ўзбекистон томонини Россия технологияси асосида атом электростанция қуриш ишларини тезроқ бошлашга ундаган.

Сентябрь ойи охирида Ўзбекистоннинг янги тайинланган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов АЭС қуриш бўйича музокалар давом этаётгани, бу масалада миллий манфаатларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаган эди. Мишустиннинг баёнотидан эса бу борада “келишувга эришилгани” ойдинлашади.

“Атом энергетикаси бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблаймиз. Россия тарҳи асосида атом электростанцияси барпо этилиши йирик лойиҳа саналади. Эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштирмоқ лозим”, – деган у.

Ўзбекистонлик фаоллар АЭС лойиҳаси Россияга берилишига қатъий қарши чиқаётгани сир эмас. Жумладан, иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров “дунёни ядровий уруш ёқасига келтириб қўйган, ядровий шантаж ва босим кундалик сиёсатига айланган зўравон давлат билан ҳеч қандай музокара бўлмаслиги, бошлангани ҳам тўхтатилиши зарурлиги”ни таъкидлайди.

Самарқанддаги музокараларда Ўзбекистон томони бу сирадаги эътирозлардан гап очгани ҳам маълум эмас.

Учлар иттифоқи

Мишустин ва Арипов Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида газ иттифоқи тузиш ташаббусини ҳам муҳокама қилди, деб хабар берди “Ura.ru”. Мишустин Россиянинг Ўзбекистон энергетика секторига киритган сармояси 12 миллиард долларга етганини қайд этиб, газ иттифоқи бўйича келгуси қадамларни келишиб олишни таклиф қилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида Владимир Путин таклиф қилган газ иттифоқига қўшилиш “бўйинтуруқ илиш” деб баҳоланган эди. Россиялик экспертлар эса, бу ҳар уч томонга ҳам манфаатли эканидан баҳс этган. Қолаверса, Кремлнинг нафақат Хитой, балки Ҳиндистонга газ етказиш режаси ҳам борлиги аён бўлмоқда.

“Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё–Хитой газ қувурининг иштирокчилари саналади. Эҳтимол, айни пайтда тўхтаб турган Тожикистон–Туркманистон–Покистон–Ҳиндистон лойиҳасига ҳам қўшилиб, Ҳиндистонга газ етказишни ташкил этармиз. Россиянинг иштироки ушбу лойиҳага қўшимча куч бағишлаши мумкин”, – дейди Миллий энергетика институти директори ўринбосари Александр Фролов“Ura.ru” нашрига берган интервьюсида.

Россия ҳукумати ҳузуридаги Молия университети эксперти Игорь Юшков эса учлар иттифоқи “Шимолий оқим” қувури ўрнига муқобил йўналишлар қидираётган Европага чақириқ эканини яширмаган.

“Мамлакатлар Хитой энергетика бозорида рақобатчи саналади. Лекин, айни чоқда, ўзаро яқин ҳамкорлик ҳам мавжуд”, – дейди у.

Дарвоқе, “Коммерсант”нинг Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакка таяниб ёзишича, расмий Тошкент газ иттифоқига қизиқиш билдирган.

Талаб ортидан ташаккур

Кремль бир замонлар ўз қаламравида бўлган собиқ Иттифоқ давлатларидан рус тили мақомини оширишни талаб қилиб келиши маълум. “Комсомольская правда” газетасига кўра, Мишустин Самарқанддаги учрашувда Ўзбекистон ҳукуматига “рус тилига алоҳида эътибор учун” ташаккур билдирган. Рус тили ўзбек мактабларида мажбурий фан сифатида ўқитилаётгани, қонунчилик ҳужжатлари ўзбек тили билан бирга рус тилида эълон қилинаётгани, шунингдек, Ўзбекистон давлат идоралари ва вазирликларида иш юритувнинг сезиларли қисми рус тилида экани Россия томонини мамнун этган.

"Ёқимсиз ва очиқчасига русофоб". Рус пропагандаси Алламжоновни Россияга қарши кампанияда айблади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:52 0:00

ТАСС хабарида қайд этилишича, Ўзбекистон бош вазири Россия билан ҳозирги муносабатларни “мисли кўрилмаган даражада” деб алқаган ва саноат, туризм, энергетика ҳамда транспорт-логистика йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини изҳор қилган.

Жорий йилнинг 10 ойида икки мамлакат товар айланмаси 7 миллиард долларни ташкил қилган. Томонлар ушбу кўрсаткич 10 миллиард долларга етказилишига ишонч билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG