Дронлар Россия шаҳарларига ҳужум қилмоқда
Якшанбага ўтар кечаси Россия марказий ҳудудлари устида камида 20 та дрон уриб туширилди. Мудофаа вазирлиги хабарномасига кўра, дронлар Москва, Тула, Калуга, Смоленск ва Брянск вилоятларига ҳужум қилган.
Тулада дрон кўпхонадонли уйга урилиб, балконга шикаст етказган ва бир неча дераза ойнасини тўккан. Ойна синиқларидан уч киши жароҳат олган.
Shot телеграм-каналига кўра, зарар кўрган хонадон жойлашган подъездда яшовчи 60 киши кўчирилган. Уларга меҳмонхонадан ва болалар уйидан жой берилган.
Москва мэри Сергей Собянин дронлар нишони Москва шаҳри бўлганини айтди. Пойтахтдаги Домодедово ҳамда Внуково аэропортлари вақтинча ишини тўхтатди.
Россия Мудофаа вазирлиги тунги воқеаларни “Киев режимининг террорчилик ҳужумини амалга оширишга уриниши” деб атади. Украина томонидан расмий изоҳ бўлганича йўқ.
Нежин шаҳрида Украина Ҳимоячилари – Қаҳрамонлар мемориалини яратиш давом этмоқда
Бу ҳақда “Интерфакс-Украина” агентлигига ички ишлар вазирининг собиқ маслаҳатчиси Антон Герашченко маълум қилди.
Мемориал ўртасига Украина қаҳрамони, Нежинда туғилган Александр Мациевскийнинг бронза ҳайкали ўрнатилади. У ўлимга тик боққанча “Украинага шон-шарафлар!” дея хитоб қилиб, рус аскарлари ўқларидан ҳалок бўлган эди.
“Украинлар асрлар давомида шу сўзлар билан Ватан ҳимоясига отланганлар, бутун маданий дунё бу сўзларни Россия террорига қарши мардона кураш рамзи деб билади. Александр Мациевский қиёфаси озод ва мустақил Украина мудофааси учун оёққа қалққан барча эркак ва аёллар жасоратининг рамзи бўлади”, дея урғулади Герашченко.
Украина Қора денгизда ғалла ташувчи кемаларини қўриқлаш учун ҳарбий кемалар олади
Бу ҳақда президент Владимир Зеленский Швейцария, Латвия президентлари ҳамда Литва бош вазири билан Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Зеленскийга кўра, Украина Россия иштирокисиз очилган “ғалла йўлаги”ни ўзининг жорий йилдаги энг катта ютуқларидан бири деб ҳисоблайди.
“Биз денгиздаги кемаларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун уларга кузатувчи кемалар бириктиришга қарор қилдик. Аниқ келишувлар бор. Масала яқин истиқболда ҳал бўлади”, дея Зеленскийдан иқтибос келтиради РБК-Украина.
Шу йилнинг июлида Россия “ғалла битими”дан чиққанини эълон қилган эди. Айни чоғда Россия қўшинлари Украина портлари ва ғалла инфратузилмасини ўққа тутишга киришди.
Шундан сўнг Украина Россия билан бирон келишувсиз ғалла экспортини тиклашга қарор қилди.
Россия “ғалла йўлаги” ишлашига халал беришга уринмоқда. Хусусан, йўлак яқинидаги ҳудудларга вақти-вақти билан авиабомбалар ташлаяпти.
Ғалла экспортини ҳимоя қилиш учун Украинага кўпроқ ҲҲМ воситалари керак – Зеленский
Ғалла экспорти йўналишларини, шунингдек Россия чегарасига туташ ҳудудларини муҳофаза қилиш учун Украинага кўпроқ ҲҲМ воситалари зарур, деди президент Владимир Зеленский шанба (25 ноябр) куни Киевда бўлиб ўтган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро саммитда сўзлаган нутқида.
“Киевда ҲҲМ воситалари етишмаслиги сир эмас. Аммо айрим шаҳарларимизда ҲҲМ билан боғлиқ жиддий муаммолар бор.
Қаерда қандай ишлар қилаётганимизни батафсил айта олмайману лекин яхши натижалар бор. Биз ҳамкорларимизга ва ўзимизга умид боғлаганмиз. Гап ҲҲМ тизимини кучайтириш ҳақида бормоқда”, деган у.
Зеленскийнинг ушбу сўзларидан бир кеча олдин Россия Украинага 75 та дрон билан ҳужум қилган ва бу бутун уруш мобайнидаги энг йирик дронлар ҳужуми бўлган эди.
Уч мамлакат лидерларининг қўшма матбуот анжумани чоғида ҳам ҳаво тревогаси сиренаси чалиниб турди.
Зеленскийга кўра, хорижий ҳамкорлар Украина портларидан йўлга чиқадиган юк кемалари карвонини қўриқлаш учун Киевга ҳарбий кемалар беришади.
Июл ойида Россия “ғалла битими”дан чиққанидан сўнг Украина ўз дон маҳсулотларини Қора денгиздаги бир томонлама йўлак орқали экспорт қилиб келмоқда.