Украинага урушнинг 297-куни муҳим янгиликлари
- Россиянинг Волгоград вилояти Эланский туманига бир нечта "номаълум учувчи жисмлар" қулаб тушган. Талафотлар ҳақида маълумот йўқ. Бу Россиянинг Украинага янги ракета ҳужуми билан бир вақтга тўғри келди.
- Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Украина шаҳарларига 70 та қанотли ракета ва 4 та бошқариладиган ҳаво ракеталарини отган. Қуролли кучлар 60 та қанотли ракетани уриб туширишга муваффақ бўлган.
- Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг тўққизинчи пакети кучга кирди. Унга рус армияси, амалдорлар, депутатлар ва сенаторлар, судялар, губернаторлар кирган. Уруш бошланганидан бери Россияда 1300 дан ортиқ шахс санкцияга учради.
- Британия бош вазири Риши Сунак Украинага ҳарбий ёрдамни текширишни сўради - қанча маблағ ва нималар юборилгани, қандай натижага эришилганини баҳолаш зарурлигини айтди.
Путин биринчи марта Украинага босқинда қатнашган қўшинлари штабига борди
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган ҳарбий қисмларнинг қўшма штабига боргани хабар қилинди.
Кремль сайтидаги хабарда айтилишича, президент 16 декабрь куни бутун кун давомида штаб-квартирада қолган. Ҳарбий раҳбарларнинг яқин истиқболдаги ва ўрта муддатли истиқболдаги чора-тадбирлар бўйича таклифлари тинглнган.
Фотосуратлар ва видеоларда Путин билан бирга Мудофаа вазири Шойгу, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва Украина билан урушда бирлашган кучлар гуруҳи қўмондони Сергей Суровикин акс этган.
Президент ҳарбийлар билан айнан қаерда учрашгани ҳақида Кремль хабар бермади. Россия президенти ҳеч қачон уруш зонасида бўлмаган.
АҚШ Россиянинг Украинадаги уруш жиноятларини ҳужжатлаштирмоқчи
АҚШ Конгресси Оқ уйга Украина ҳудудида Россия армияси томонидан содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар ҳақидаги далилларни тўплашни буюрди.
Қонун лойиҳаси Конгресс томонидан Мудофаа харажатлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ маъқулланган.
“Уруш жиноятларининг олдини олиш ва Украинага бостириб кириш пайтида содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик тўғрисида”ги қонунга кўра, АҚШ маъмурияти Конгрессга “босқин пайтида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва бошқа ваҳшийликлар тўғрисида”ги маълумотларни тўплайдиган ҳисобот тақдим этиши шарт.
Ҳужжатда тинч аҳолига қасддан ҳужумлар уюштириш, шифохоналар, мактаблар, бошпаналарни бомбардимон қилиш, тинч аҳолини ноқонуний депортация қилиш, гаровга олиш, зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонлик шакллари алоҳида тилга олинган.
Ракета ҳужумига тутилган Киевда электр ҳамда иссиқлик таъминоти қисман тикланган
Киевда жума кунги ҳужумлардан сўнг, сув, электр ҳамда иссиқлик таъминоти қисман тиклангани, метрода ҳам поездлар ҳаракатлана бошлагани айтилмоқда.
Киев мери Виталий Кличко пойтахт аҳолисининг 40 фоизи электр энергиясига эга ва одамлар ер остида бошпана топиши учун ўз ишини тўхтатган метро 17 декабр куни эрта тонгдан ишга тушганини айтди.
Бундан ташқари, Харьковда ҳам электр таъминоти тикланди", деб ёзди маҳаллий маъмурият раҳбари Олег Синегубов.
Жума куни Россия армияси Украинанинг бир қанча ҳудудларини ракета ҳужумларига тутди.
Бу Россия армиясининг Украина энергетика инфратузилмасига октябр ойидан бери тўққизинчи йирик ҳужуми бўлди.
Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Украина шаҳарларига 70 та қанотли ракета ва 4 та бошқариладиган ҳаво ракеталарини отган. Қуролли кучлар 60 та қанотли ракетани уриб туширишга муваффақ бўлган.
“Укрэнерго” энергетика инфратузилмасидаги тизимли авария туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилганини билдирди.
Кривой Рог ҳужумга тутилиши оқибатида қурбонлар сони 4 кишига етди. Расмийлар бир ярим ёшли боланинг ўлими ҳақида хабар берди.
Россия ракета ҳужуми оқибатида уй вайроналари остидан бир ярим ёшли боланинг жасади чиқарилгани ҳақида Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко маълум қилди.
Яраланганлар сони 13 кишини ташкил этмоқда, деди у.