Зеленский: Қарийб 6 миллион одам электр таъминотига қайта уланди
17 декабрь куни Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги 24 соат ичида қарийб 6 миллион одам электр энергияси билан таъминланганини айтди. Аввалроқ Россия Украина электр энергияси тизимига кенг кўламли зарба берган эди.
«Кечаги террор ҳужумидан кейин таъмирлаш ишлари узилишсиз давом этмоқда», - деди Зеленский ўз видеомурожаатида.
«Ҳали қилинадиган иш бор. Ҳали-ҳануз якуний тасдиқланиши ва амалга оширилиши кутилаётган муҳим қарорлар бор. Хусусан, қадрли ҳамкорларимизга доимий равишда эслатиб келяпман: Украинани ишончли осмон ҳимояси, ишончли ҳаво мудофааси қалқони билан таъминлаш йўлини топинглар. Бу қўлингиздан келади. Халқимизни Россиянинг мана шунақа террор ҳужумларидан 100% ҳимоя қила оласиз».
Зеленский иссиқлик ва сув таъминотида муаммолар борлигини айтиб, Киев, шунингдек, ғарбдаги Винница ва Львов вилоятларида вазият энг оғирлигини айтди.
Украина расмийларининг айтишича, Россия 16 декабрь куни 70 дан зиёд ракета отган, натижада мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар содир бўлган.
Украина аскарлари: Осмонни мудофаа қилишга тайёрмиз
Украина ҳарбийларининг сўзларига кўра, улар Россия Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини нишонга олиш учун фойдаланаётган дронларга қарши курашишга тайёрлар.
Эронда ишлаб чиқариладиган «Шаҳид» дронларини украиналик аскарлар «мопедлар» деб аташади. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси қўмондони Денис Reuters агентлиги билан суҳбатда ўз аскарлари «мопедлар»ни осонликча уриб туширишга қодир эканликларини таъкидлади.
«Эҳтимол, кимдир 5 000 долларлик мопедни бир неча ўн минг доллар турадиган ракета билан уриб тушириш иқтисодий жиҳатдан мантиқсиз деб ўйлайди. Аммо бу мопедлар юз минглаб долларлик талафотларга сабаб бўлиши мумкин. Яқинда бизга эҳтимолий мопед ҳужуми ҳақида хабар берилди. Бизга барча воситалар билан уни йўқ қилиш буйруғи берилди. Бу дронларни йўқ қиламиз. Биз учун улар мўлжал. Уларни қандай қилиб нишонга олишни биламиз. Учиб келаверсин», - деди Денис.
Дениснинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларига Ғарб зенит қуроллари етказиб берилгани учун россиялик учувчилар учун нишона яқин учиб бориш қийинлашган.
«Қуролни синаб кўриш учун жанг майдонидан яхшироқ ет йўқ», - деди Денис.
Киевнинг маълум қилишича, Россия Эронда ишлаб чиқарилган юзлаб «Шаҳид-136» дрони билан Украина бўйлаб зарба берган. Зарбалар ортидан тинч аҳоли катта зиён кўраётгани учун Украина Россия ҳужумларини уруш жинояти деб баҳоламоқда. Москва эса тинч аҳолини нишонга олмаётганини иддао қилмоқда.
Киев марказида янги йил арчаси ўрнатилди
17 декабрь куни Киев шаҳри марказида янги йил арчаси ўрнатилди. Аввалроқ шаҳардаги муҳим инфратузилмага Россия ҳаводан зарба берган эди.
Киев мэри Виталий Кличко арчани «Енгилмас Рождество арчаси» деб атади. Арча қоронғи София майдонида қад кўтарди.
Кўп асрлик Авлиё София собори олдидаги кенг майдонда ҳар йили улкан арча ўрнатилар эди. Аммо бу йил расмийлар 12 метрли сунъий дарахтни ўрнатдилар. Сунъий арча энергияни тежовчи чироқлар билан безатилган бўлиб, улар генератор билан ёқилди.
Шаҳар турғуни Татьяна Reuters агентлиги билан суҳбатда одатдагидан кичикроқ арча унга маъқул келганини айтди.
«Бу ерда арча бўлиши керак деб ўйлаймиз, чунки бу ерда одам яшайди: уруш давом этаётган бўлса ҳам, украиналиклар, болалар байрамга муҳтож», - деди у.
«Бу сафар ҳақиқий байрам бўлади, деб ўйламайман. Лекин биз ҳаммамиз бирга эканлигимизни, бир-биримизга ёрдам беришимиз кераклигини тушунишимиз керак», - деди Киев турғуни Ирина Солойчук.
Кличконинг сўзларига кўра, арча донорлар ва ширкатлар ажратган маблағ эвазига ўрнатилган ва бу йил оммавий байрамлар ўтказилмайди.
Украинанинг аҳолиси 43 миллион бўлиб, уларнинг аксари православ насронийлардир.
Россия: жума куни Украина энергетика инфратузилмасига ва ҳарбий иншоотларига зарба бердик
Россия мудофаа вазирлиги 17 декабрь куни эълон қилинган видеода эътироф этилишича, 16 декабрь куни «юқори аниқликдаги» қуроллар билан Украина ҳарбий-саноат мажмуаси ҳамда энергетика ва ҳарбий объектларга зарба берилган.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игорь Конашанков:
«Барча белгиланган объектларга зарба берилди. Зарба натижасида хорижда ишлаб чиқарилган қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиб бериш тўхтатилди, захирадаги аскарларнинг жанговар ҳудудларга юриши тўхтатилди, Украинанинг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ўқ-дори ишлаб чиқарадиган ва таъмирлайдиган мудофаа иншоотлари фаолияти тўхтатилди», — деди.
Украина расмийлари аввалроқ Россия жума куни Украинага қарата 70 дан ортиқ ракета отганини маълум қилишган эди. Ҳужамлар ортидан бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар содир бўлган.