Москвада мигрантлар Украинага қарши урушда қатнашиш учун шартнома тузишга чақирилмоқда
Москвада мигрантлар Украина билан урушда иштирок этиш учун шартнома имзолашга чақирилмоқда. Бу ҳақда Sota хабар берган. Нашр обуначилари “Вихино” метро бекатида тарқатилаётган варақаларни таҳририятга юборишган.
Хабарда айтилишича, варақа тарқатган одамлар “атай мигрантларни излашган ва уларнинг қайси мамлакат фуқароси эканини суриштиришган”. Таҳририят эълон қилган варақада Коллектис хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо мамлакатларнинг 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқароларига Россия армиясига хизматга кириш таклиф қилинади. Номзодларга камида 9 синф маълумотига эга бўлиш ва рус тилини билиш талаби қўйилган.
Варақада Россия армиясида хизмат қилишнинг “КХШТ доирасида Украина нацистларига қарши бирга курашиш”, “қимматли ҳарбий тажриба орттириш”, “Россия қаҳрамони бўлиш имконияти”, “маънан ўзаро яқин Россия халқларининг ришталарини тиклаш”, шунингдек “Буюк Россиянинг ҳамда биродар республикалар халқларининг уйғонишида бевосита иштирок этиш” каби афзалликлари борлиги айтилади.
Урушни ёқламайдиганлар ва Украинани қўллаб-қувватловчилар, шунингдек Россия армиясини “обрўсизлантирувчи” ролик ва постларни тарқатадиганлар номзод бўла олмайди.
Аввалроқ Россия қурилиш ширкатлари тожикистонлик мигрантларга Мариуполь шаҳридаги қурилишларда ишлаб, пул топишни таклиф қилган эди. Аммо у ерга ишга борган мигрантлар ваъда қилинган маошнинг ярми тўланаётганидан шикоят қилишди.
Шунингдек, Россия Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидан Украина урушида фойдаланаётганига доир маълумотлар бор.
КХШТ Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан ташкил топган. Sota қайд этишича, Россия Украинага қарши уруш очилишига ташкилотнинг дахли йўқ.
Александр Лукашенко Россия армиясининг Беларус ҳудуди орқали Украинага бостириб киришига рухсат берган, қолаверса, мамлакат ҳудуди Украина шаҳарларига зарба бериш учун ҳам қўлланмоқда. Шу боисдан Беларусга ва унинг ҳукуматига қарши халқаро санкциялар жорий этилган.
Путин ФХХга Россияликлар ва чегара устидан назоратни кучайтиришни буюрди
Владимир Путин Федерал хавфсизлик хизматига чет элдан келаётган хавф-хатарлар олдини олиш ва мамлакатдаги сотқинларни аниқлаш учун Россия фуқаролари ҳамда мамлакат чегаралари устидан назоратни кучайтиришни буюрди.
Россияда 20 декабрь Хавфсизлик хизмати куни нишонланади. Шу санага бағишланган нутқида Путин “пайдо бўлаётган янги таҳдидлар” разведка фаолиятини кучайтириш заруратини ошираётганини таъкидлади.
"Чегара хизмати ва Федерал хавфсизлик хизмати назоратни кучайтириши керак. Давлат чегараси мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омили. Шундай экан, чегарамизни ихтиёримиздаги барча мавжуд куч ва воситалар, махсус бўлинмалар билан ҳимоя қилиш, чегарани бузишга бўлган ҳар қандай уринишларнинг олдини олиш зарур”.
Путин ФХХга жамият устидан назоратни кучайтиришда "оператив, техник ва кадрлар захирасидан максимал даражада фойдаланиш"га кўрсатма берди.
Совет давридаги КГБнинг давомчиси бўлган ФХХ аллақачон Россияда кенг қамровли кузатув ва цензура аппарати сифатида фаолият юритиб келади. Москванинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси”га хавфсизлик хизматининг катта қисми жалб қилинган.
"Энди контрразведка идоралари ва ҳарбий разведкадан максимал даражада ўзини кўрсатиш, куч тузилмаларини жамлаш талаб этилади. Хорижий махсус хизматларнинг ҳаракатларига чек қўйиш, сотқинлар, жосуслар ва саботажчиларни тезда аниқлаш керак", - деди Путин.
Путиннинг иттифоқчиси деб қараладиган Александр Бортников раҳбарлигидаги ФХХ эндиликда оммавий йиғилишлар, стратегик обьектлар ва энергетика инфратузилмаси устидан назоратни кучайтиради.
Зеленскийнинг Украинада кеча 30 та Эрон дронлари уриб туширилганини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги мурожаатида 19 декабрь куни Эроннинг 30 та дронлари уриб туширилганини айтди.
Аввалроқ, Украина армияси қўмондонлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 28 та дрондан 23 тасини уриб туширганини маълум қилган эди.
"30 та Шаҳед дронлари уриб туширилди, бу яхши натижа. Мен барча, учувчиларимиз, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва мобил ўт ўчириш гуруҳларига Украина осмонини муносиб ҳимоя қилганликлари учун миннатдорлик билдираман"деди, Владимир Зеленский.
Бу Россиянинг олти кун ичида амалга оширган учинчи ҳаво ҳужуми бўлди. Рус армияси октябр ойидан бери Украина энергия иншоотларини нишонга олиб келади.
Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европада бўлаётган ва 10 ойдан бери давом этаётган энг йирик можаро ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди, миллионлаб одамларни қочқинга, кўплаб шаҳарларни эса вайронага айлантирди.
Зеленский Грузия расмийларини мамлакатнинг қамоқдаги собиқ президенти Михаил Саакашвилини озод қилишга чақирди
"Мен ҳозир Грузиядаги барча дўстларимизга ва виждонли одамларга мурожаат қилмоқчиман. Ҳозир ҳамма Михаил Саакашвилининг соғлиғидан бохабар бўлса керак. Мен Грузия халқига, Грузия ҳукуматига шундай мурожаат қиламан. Раҳм-шафқат кўрсатиш керак, айниқса Рождество арафасида. Михаил Саакашвили билан содир бўлаётган нарсалар шафқатсизлик. Бу Грузияга ярашмайди. Буни тўхтатиш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш керак. Саакашвилини Украинадаги клиникалардан бирига ёки бошқа бир Европа давлатига ёки Америкага кўчириш керак. Бу хайрли ишни қилиш вақти келди".
Саакашвили Грузияни 2004-2013 йилларда демократ ислоҳотчи сифатида бошқарган. Саакашвили ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Ҳозирда олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Бу айбловни Саакашвилининг ўзи ва унинг тарафдорлари сиёсий мақсадлар билан боғлиқ деб рад этиб келмоқда.