Икки кўнгилли британиялик Украинада ҳалок бўлгани тасдиқланди
Крис Парри ва Эндрю Багшоу Украина шарқида одамларни эвакуация қилиш чоғида ҳалок бўлди, дея хабар берди Паррининг оиласи.
Россиянинг Вагнер гуруҳи аввалроқ Украина шарқида бедарак йўқолгани хабар қилинган бир кишининг жасадини топганини маълум қилган эди.
Украина полициясига кўра, икки кўнгилли 6 январь куни Краматорскдан Соледарга жўнаб кетган ва эртаси куни кечқурун улар билан алоқа узилган. Шундан сўнг, уларнинг бедарак йўқолгани хабар қилинган.
Уларнинг ўлими борасида бошқа тафсилотлар маълум эмас.
Россия Мудофаа вазирлиги Атлантика океанига юборилган ҳарбий кемани синовдан ўтказганини билдирди
Атлантика океанининг ғарбий қисмида “Адмирал Горшков” номли фрегатнинг жанговар имкониятлари синовдан ўтказилган.
Вазирлик баёнотида айтилишича, фрегат ўзининг гипертовушли Циркон ракеталарида компьютер симуляцияси ёрдамида машгулот ўтказган.
"Бугун биз қуруқликдаги душман нишонларига зарба беришни cимуляцион машқ қилдик. Циркон гипертовушли ракеталари 900 километрдан ортиқ узоқликдаги нишонга зарба бера олади. Синовлар юқори самарадорликни кўрсатди", деди "Адмирал Горшков" кемаси қўмондони Игор Кромал.
Циркон ракеталари товуш тезлигидан бир неча баравар юқори тезликка эга. Бу эса ундан ҳимояланишни қийинлаштиради. Россия мудофаа вазирлиги баёнотида фрегатдан зиркон ракетаси учирилгани ҳақида айтилмаган. Вазирлик томонидан эълон қилинган видеода ҳам ракета учирилгани акс этмаган.
Россия ўзига нисбатан Ғарбнинг таҳдиди кучаядиган бўлса, ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини айтиб бир неча бор огоҳлантирган.
Украинадаги урушда ўлган яна бир Тожикистон фуқароси дафн этилди
27 ёшли Зулфиқор Муҳиддиновнинг жасади солинган тобут 22 январ куни Москвадан Душанбега олиб келинди.
У оилада ёлғиз ўғил эди. Зулфиқорнинг амакиси Хуршед Муҳиддинов Озоди радиосига берган интервюсида жияни у ердаги қурилиш ширкатларидан бирида ишлаганини айтди:
“2019 йили коронавирус авжига чиққан пайтида биз уни Россияга юборган эдик. Борганидан сўнг бир йилча қурилиш фирмасида ишлади. Биз унинг ишлаётганини аниқ билардик. Балки у бошқа йигитлар билан боғлангандир, билмайман, лекин у гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида айбланиб ҳибсга олинган ва 6 йилдан ортиқ муддатга қамалган эди”, — деди у.
Зулфиқор Муҳиддиновнинг яқинлари у бир ярим йил қамоқда ўтиргани ва ўтган йилнинг октябр ойидан бери оиласи билан боғланмаганини маълум қилган.
Хуршед Муҳиддиновнинг айтишича, жияни урушга кетаётганини ҳеч кимга айтмаган. Ва бир неча кун олдин Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари Муҳиддиновлар билан боғланиб, унинг Украинанинг Артемовск (Бахмут) шаҳрида ўлдирилгани ҳақида хабар беришган.
Яқинларининг сўзларига кўра, у ҳеч қаерда жанг қилмоқчи эмас, балки ватанига қайтиш учун муддати тугашини кутаётган эди.
Зулфиқорнинг онаси Нигора Муҳиддинова Россия қамоқхонасида жазо ўтаётган ўғли қандай қилиб Украинадаги урушда ҳалок бўлганини англай олмаётганини айтди.
Зулфиқор Мухиддинов 22 январ куни Душанбе шаҳридан 50 км узоқликда жойлашган Ҳисор шаҳрининг Яккатут қишлоғида дафн этилган. Қариндошларининг сўзларига кўра, у уйланиш учун пул йиғиш мақсадида Россияга ишлаш учун кетган эди, аммо тақдири бошқача якун топди.
Ҳозирча Россиядаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган қанча тожикистонлик ҳалок бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Охирги икки ой ичида Украинадаги урушда камида беш нафар тожикистонлик ҳалок бўлгани маълум бўлди.
АҚШ Украинага 31 та Абрамс танкларини юборади
АҚШ Украинага бир неча ой ичида қиймати 400 миллион долларлик 31 та М1 Абрамс танкларини етказиб бериши ҳақида эълон қилди.
Оқ уйда Жо Байден тегишли қарорни эълон қилар экан, Германиянинг Украинага Леопард 2 танкларини етказиб бериш қарорини ҳам олқишлади.
"АҚШ иттифоқчи ва ҳамкорлар билан биргаликда Украина ўзини Россиянинг шафқатсиз тажовузидан ҳимоя қила олиши учун ҳаракат қилмоқда. Мен узоқ вақтдан бери Америка ва Европа бу қадар жипслашганига гувоҳ бўлмаганман", деди Жо Байден.
Қўшма Штатлар Абрамс танкларини Киевга бериш ғоясига ён бермай келаётганди, аммо Германияни Леопард 2 танкларини Украинага юборишга кўндириш учун қарорини ўзгартиришга мажбур бўлди.
"Россияга нисбатан ҳеч қандай танк ҳужуми таҳдиди йўқ", деди Байден.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Абрамс танкларини Украинага юборишни пулни беҳуда сарфлаш деб атади.