Қўшниларда нима гап?
Марказий Осиё минтақасига Россия ҳудудидан ўтган ҳафта кириб келган арктик циклон нисбатан илиқ ўлкалар бўлган Ўзбекистоннинг бешта қўшниси Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонни ҳам қамраб олган.
Ўзбекистондаги каби энергетик коллапс қўшни Афғонистонда ҳам кузатилмоқда.
Толибон ҳукумати вакилларига кўра, Афғонистонда аномал совуқ туфайли камида 16 киши қурбон бўлган, 3-4 минг бош қорамол нобуд бўлган.
Тармоқларда афғон фойдаланувчилари аномал совуқдан жабр кўрганлар сони Толибон вакиллари очиқлаётганидан анча кўп бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни илгари суришяпти. Мамлакат аҳли энергетик муаммолардан азият чекмоқда.
Қирғизистонда ҳам совуқ об-ҳаво сабаб вазият анча жиддийлашган. Беш кун аввал Майлуу-Суу шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қаҳратон совуқ сабаб шаҳардаги сув қувурлари музлаб қолгани оқибатида шаҳар аҳли иссиқлик тизими ва ичимлик сувидан ажралиб қолди.
Фавқулодда вазиятлар хизмати шаҳар аҳолисига сув олиб келиб беришга ва навбати билан иссиқлик етказиб беришга ҳаракат қилаётгани хабар қилинди.
Аномал совуқ сабаб мамлакатнинг учта вилоятидаги мактаблар онлайн ўқишга ўтказилди.
Сўнгги хабарларга кўра, совуқ сабаб Иссиқкўл ҳам музлаб қолган. Иссиқкўлда кейинги бир неча ўн йилликда умуман музлаш ҳолати кузатилмаганди.
Қўшни Тожикистон эса Ўзбекистондан фарқли совуқ бошланиши билан электр энергияси чекловларини бекор қилди.
Кеча эса суюлтирилган газ нархи қарийб ярим баробар арзонлагани хабар қилинди.
Айни пайтда мамлакатнинг айрим ҳудудларида, жумладан, пойтахт Душанбеда ҳам электр узилишлари бўлаётганидан шикоятлар бор.
Туркманистонда ҳам 20 даража совуқ. Ўзбекистоннинг асосий газ ва
электр импортчиси бўлган Туркманистоннинг ўзида ҳам энергетик муаммолар кузатилмоқда. Хабарларга кўра, пойтахт Ашхободнинг айрим уйларида сув қувурлари музлаб қолган, иситиш тизими ҳам яхши ишламаяпти. Мамлакатнинг турли шаҳарларида электр энергияси ва иситиш тизимида муаммолар кузатилмоқда.
Жумладан, Мари шаҳрида совуқ сабаб сув таъминоти ва иссиқлик тизими ишдан чиққан. Шунингдек, шаҳарда газ етишмовчилиги муаммоси ҳам борлиги айтилмоқда.
Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 30 даража совуқдан юқорини ташкил қилмоқда. Ўзбекистондан фарқли Қозоғистонда энергетик коллапс мавжуд эмас. Бироқ мамлакатнинг айрим ҳудудларида иссиқлик тизими яхши ишламаётганидан шикоятлар бор.
Жумладан, Қарағанда вилоятининг Темиртау шаҳри фаоллари шаҳарда иссиқлик тизими яхши ишламаётгани сабаб мулозимларни судга беришди.
Совуқ қотганлар исиниши ва овқатланиши учун чодирлар қурилди
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганининг эртасига пойтахт кўчаларида ҳарбий чодирлар пайдо бўлди.
Расмий хабарга кўра, бу чодирлар Мудофаа вазирлиги томонидан одамлар исиниши учун ташкил қилинган.
Пойтахтнинг 11 та туманида жами 19та шундай чодирлар қурилган. Чодирлар манзили пойтахт ҳокимлиги Телеграм каналида эълон қилинди.
Бу чодирларда совуқ қотган одамлар исиниб олиши мумкин. Чодирга кириб, нафақат исиниш мумкин, балки овқатланиш мумкин. Кунига уч маҳал иссиқ овқат ташкил қилинган.
Агар вақтингиз бемалол бўлса, ҳатто ўтириб китоб ўқишингиз, шахмат-шашка ўйнашингиз ҳам мумкин.
Бу каби чодирлар вилоятларда ҳам қурилгани хабар қилинди. Бутун мамлакат бўйлаб жами қанча чодир борлиги номаълум
Бу чодирлар неча кун давомида фаолият кўрсатиши номаълум. Чодирлар Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил қилингани айтилди. Лекин бошқа харажатлар кимнинг ҳисобидан экани номаълум. Худди Ортиқхўжаевнинг беш кунлик бепул ошлари сингари, расмийлар чодирлар билан боғлиқ ҳаражатлар миқдори ва манбаини ҳозирча ошкор қилишмади.
Қашқадарёда тошқин. Музлар туфайли канал суви маҳаллага тошди
Қашқадарё фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, 17 январь куни Яккабоғ туманидаги Самоқ маҳалласида сув тошқини содир бўлган.
Расмий хабарга кўра, ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган ва маҳалладаги бинолар, аҳоли мулкига бирор зиён етмаган.
Сув тошқинига музлар сабаб бўлганини айтган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳодисада аҳолининг ўзини айблади:
«Ушбу ҳудуд аҳолиси ўзбошимчалик билан Қизилдарёдан фойдаланиши яъни, сув тақсимлагичини очиши оқибатида қишлоқнинг ички каналларидан сув тўлиб оқишига сабаб бўлган. Қолаверса, муз бўлаклари тўпланиб, сув йўналишини ўзгаришига олиб келган».
Бўғзига пичоқ тиралган электрик. Свет йўқлигидан норози бўлиб пичоқ ўқталган аёлга иш очилди
Электр ўчганидан норози бўлган одамлар Электр таъминоти корхонасининг диспетчерлик пунктига бостириб киришди.
Тармоқларда тарқалган видеода ғазабнок аёллардан бири Электр таъминоти корхонаси ходимининг бўғзига пичоқ тирагани акс этган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳодиса 16 январь куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида содир бўлган.
Расмий хабарга кўра, видеодаги аёл 35 яшар чирчиқлик В.Н. бўлиб, у бўғзига пичоқ тираган киши эса Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонасининг монтёри бўлган. Аёлнинг қўлида ошхона пичоғи бўлгани айтилади.
Расмий хабарга кўра, ҳодисада ҳеч кимга жароҳат етмаган. 35 яшар аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси яъни Безорилик айблови билан иш очилган.