Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:57

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги конституция кучга кирди. Расмийлар "ноллаштириш" ҳақида сукут сақламоқда

Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни кучга кирганини эълон қилди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган референдумда рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этгани ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз бергани ҳақида билдирган эди.

65 фоизга ўзгаргани айтилган конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Мирзиёевнинг амалдаги ваколати 2026 йилда тугайди. Тузатишлар, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиради. Ўзбекистон қонунчиларига кўра, ўзгартиришлар конституциянинг тахминан учдан икки қисмини ўзгартиради.

Таклиф этилган тузатишлар дастлаб мамлакатнинг Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни ўз ичига олган эди.

Бироқ 2022 йил июл ойи бошида минглаб қорақалпоқлар минтақанинг Ўзбекистондан мустақилликка интилиш ҳуқуқининг йўқ қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказгач, Мирзиёев Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғоясидан воз кечган.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, Қорақалпоғистонда хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар тарқатиб юборилганида 21 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик митингларнинг ўнлаб иштирокчилари конституциявий тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлик, оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Референдум мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи референдумдир.

2016-йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002-йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган. Президентлик муддати ҳам ўзгартирилди.

11:26 30.4.2023
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сайлов участкасида, Тошкент, 2023 йил 30 апрели
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сайлов участкасида, Тошкент, 2023 йил 30 апрели

Якшанба куни Тошкент вақти билан соат 11.00 га қадар ўзбекистонлик қатор расмийлар референдумда овоз беришга улгуришган. Улар орасида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаева, президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов, президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, муфтий Нуриддин Холиқназаров, бир қанча вазир ва вилоят ҳокимлари бор.

12:39 30.4.2023

Мирзиёев Тошкентдаги референдум участкасида овоз берди

Президент Мирзиёев ва унинг оила аъзолари референдум участкасида
Президент Мирзиёев ва унинг оила аъзолари референдум участкасида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59-референдум участкасида овоз берган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев референдумда овоз бериш учун участкага оила аъзолари билан биргаликда келган.

Референдумда овозга қўйилган янги таҳрирдаги конституцияда Ўзбекистонда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бу тузатиш Мирзиёевга яна икки марта (14 йил) давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш имконини беради.

Мирзиёевнинг кенжа куёви ва унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров президент оиласининг махфий бизнес келишувларига доир охирги Озодлик суриштируви марказида эди. Мирзиёев администрацияси Озодликнинг суриштирув хулосаларига доир саволларини жавобсиз қолдирган.

13:02 30.4.2023

«Газета.uz» мухбирлари айрим участкаларда қоида бузилиш ҳолатларини қайд этди

«Газета.уз нинг ёзишича, энг кўп кузатилаётган ҳолат — бу анъанавий равишда оила аъзолари ўрнига овоз беришдир.

«Шунингдек, эр-хотин участкага бирга келиб, улардан бири бошқаси учун ҳам бюллетенни тўлдириши ҳолатлари ҳам мавжуд. Комиссия аъзолари овоз берувчидан биттадан кўпроқ бюллетень топширгани, улар эса берилган бюллетенларнинг барини тўлдириб, урнага ташлаши ҳолатлари ҳам кам эмас».

Бундан ташқари, нашр мухбирининг кузатувига кўра, бир участкада фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса-да, унга овоз бериш учун рухсат берилган. Комиссия ID-картанинг электрон нусхасини шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида қабул қилган.

Ўзбекистондаги сайловларда оила аъзолари номидан бир киши келиб ҳаммага овоз бериш илгари ҳам кузатилган ва бу халқаро кузатувчиларнинг танқидига сабаб бўлган.

13:16 30.4.2023

Ғарб матбуоти Ўзбекистондаги референдум ҳақида

Reuters нашри 65 ёшли Мирзиёев референдум ёрдамида ҳукмронлигини узайтириши Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорлари ҳафсаласини пир қилиши ҳақида ёзди.

Мирзиёев нисбатан либерал сиёсат олиб боргани учун Ғарб мамлакатлари олқишига сазовор бўлган эди.

Айни дамда Reuters мақоласида Ўзбекистон конституциясининг ўзгартирилиши хорижий сармоялар оқимига таъсир қилмаслиги эътироф этилди.

Мақола муаллифига кўра, бунинг асосий сабаби Ғарб давлатларининг Россияни яккалаб қўйишга қаратилган уринишларидир.

Eurasianet нашри эса референдум арафасида таниқли шахслар ва блогерлар аҳолини ўзгаришларни қўллашга ундаганига урғу берди.

Нашр референдум олдидан уюштирилган кампанияда овоз беришга ёшлик қиладиган болалар ҳам жалб қилингани ҳақида ёзди.

“Ушбу плебисцитнинг ягона мақсади президент Мирзиёев бошқарувига легитимлик бағишлашдир”, — деди тошкентлик сиёсатшунос Eurasianet нашрига берган интервьюсида.

“Ҳукумат референдум халқнинг президент ва унинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатишини хоҳлайди”.

Ўзбекистон ҳукумати нафақат Ўзбекистонда, балки хориж мамлакатларида ҳам референдум ҳақида кампания ўтказди.

Хусусан, қароргоҳи Лондонда жойлашган Sans Frontieres Associates PR-ширкати хорижлик журналистларга конституциявий ислоҳотлар ҳақида фақат ижобий хабар бериб бориш учун ёлланган.

Deutsche Welle нашри эса референдумни “умрбод президент амалиёти” деб атади. Нашр референдум мутахассислар учун кутилган ҳодиса эканлиги ҳақида ёзди.

“Ҳокимиятни ўзидан ўзига ўтказиш бўйича “А-режаси” барча кузатувчилар учун кутилган чора”, — деди Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Темур Умаров нашрга берган интервьюсида.

Референдум орқали президентлик муддатини узайтириш минтақада янгилик эмас. 2016 йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002 йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган.

2022 йилда қўшни Қозоғистонда ҳам референдум ёрдамида президент ваколатлари оширилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG