Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:54

“Kompromatuzb иши” доирасида 10 дан ортиқ мулозим сўроқ қилинган


Журналистлар Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаева шу йил бошида ДХХ тергови дориасида ҳибсга олинганди.
Журналистлар Хуршид Далиев ва Мавжуда Мирзаева шу йил бошида ДХХ тергови дориасида ҳибсга олинганди.

Шу йил бошида мустақил Human.uz нашрининг Тошкентдаги идорасига рейд ва қатор журналистларнинг ҳибсга олиниши билан бошланган “Kompromatuzb”га оид жиноят иши судга оширилган.

Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати 4 июль куни маълум қилди. Матбуот котиби Азиз Обидовнинг билдиришича, жиноят иши бўйича 4 нафар айбланувчи, 19 нафар жабрланувчи, ва шунингдек, 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд.

Олий судга кўра, Human.uz таҳририяти директори Хуршид Далиев Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовлар Жиноят кодексининг “товламачилик” ва “жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш”да айбланмоқда.

Шу йилнинг 27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир неча журналистни қўлга олганини маълум қилганди.

Кейинчалик ҳибсга олинганлар орасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳам борлиги ўртага чиқди.

Озодликнинг терговга яқин манбасига кўра, ДХХ тергов қилган “Kompromatuzb” иши доирасида ўндан ортиқ ҳукумат мулозими, парламент аъзолари ва банк раҳбарлари сўроқ қилинган. Озодлик манбалари суд жараёни “жабрланганларнинг шахсига оид маълумотларнинг ошкор бўлиши” важидан ёпиқ ўтказилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Жиноят иши фигурантлари ва “жиноят” мотиви

Ҳозирда мазкур иш бўйича айбланувчиларнинг 5 нафарининг исми жамоатчиликка маълум.

Булар — Human.uz таҳририяти директори Хуршид Далиев, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, Аҳмадулло Аҳмаджонов (эҳтиёт чораси тилхатга алмаштирилиб, озод қилинган) ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги собиқ бошлиғи Афзал Ирматовлардир.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, жиноят иши қўзғатилган 2023 йилнинг 3 январидан буён жиноят иши доирасида 200 дан ортиқ шахслар гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари собиқ вазири Нозим Ҳусанов, Ҳукуматнинг бошқа аъзолари, Олий Мажлис депутатлари, журналистлар, блогерлар ва жамоат бирлашмалари раҳбарлари бор.

Жиноят ишида келтирилган умумий зарар миқдорининг Х. Далиев ва бошқаларга оид қисми 5 миллиард 138 миллион сўмдан ортиқ.

Жиноят иши доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг айрим хизмат хоналари, Human.uz таҳририяти ва бошқа бинолар муҳрланган. Агентлик таҳририят ва судланувчиларнинг мол-мулкларига таъқиқ қўйилган. Уларнинг банкдаги ҳисоб рақамлари музлатилган.

Озодлик нусхаси мавжуд айблов хулосасига кўра, айбланувчи Х. Далиев ва бошқалар “товламачилик йўли билан мазкур молия муассасаларини реклама ва бошқа ижтимоий роликлар кўринишида Human.uz ва бошқа сайтларда чиқишлар қилишга мажбурлаган”.

Айблов хулосасида шунингдек, айбланувчилар “бир қанча шахсларга нисбатан туҳмат қилиб, ўзлари томондан ташкил қилинган Kompromatuzb телеграм канали орқали обрўсизлантиришга ҳаракат қилгани” иддао қилинади.

Айблов юзасидан ҳибсдаги журналистларнинг муносабати Озодликка маълум эмас. Ҳозирга қадар адвокатлари уларнинг ҳибсдаги аҳволи ва айбловлар юзасидан жамоатчиликка бирон маълумот бермаган.

"Ҳамма хавотирда". Мавжуда Мирзаева ва “Kompromatuzb иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

Айни пайтда “Kompromatuzb” Телеграм-канали ва Human.uz таҳририятининг 6 нафар ходими қамоққа олинган соатларда таҳририятнинг муҳрланган эшиклари биноси олдидан ижтимоий тармоқларга тўғридан-тўғри репортажлар уюштирган журналист Абдуқодир Мўминов 5 ойдирки, қамоқда қолмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ тергов департаменти томонидан шу йилнинг 7 февралида ҳибсга олинган журналист Абдуқодир Мўминовга нисбатан фирибгарлик ва товламачилик моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. ИИВ маълумотида унинг товламачилик йўли билан бир шахсдан 3800 доллар, бошқасидан эса 70 000 доллар сўрагани айтилади.

Шу йилнинг 5 май куни унга нисбатан тергов ҳаракатлари процессуал тартибда 5 ойга узайтирилганди.

Тергов даврида Абдуқодир Мўминовнинг руҳий босимлар ортидан 8 та адвокатни рад қилгани, ҳозирда давлат ордери асосидаги адвокат хизматидан фойдаланишга мажбур бўлгани ва яқинларига кўрсатилмаётгани айтилади.

Журналистлар ҳимоясига чиққанлар ҳам жазоланди

26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2022-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан айбланган блогер Муҳаммад Матчонга нисбатан тергов органи томонидан эълон қилинган айбловни бекор қилди.

27 июнь куни эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди ижтимоий тармоқ фаоли Шер Назаровга нисбатан шу йилнинг 1 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судининг қарорини кучда қолдирди.

Суд тармоқ фаолини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2011-моддаси (Митинглар, кўча юришлари уюштириш тартибини бузиш) билан БҲМнинг 50 баравари (15 миллион сўм) миқдоридаги жарима билан жазолаганди.

Мазкур икки маъмурий иш материаллари ҳам журналист Абдуқодир Мўминовнинг қамалишини қоралаб, Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган постлар асосида йиғилган.

Жумладан, жиззахлик блогер Муҳаммад Матчон ўзининг Фейсбук саҳифасида “худди 1938-йиллардаги каби Абдуқодирларни ўғирлаб кетиб, ҳаммадан яширинча тергов, суд қилишаётгани” ҳақида ёзган.

Блогерга тегишли мазкур жумла Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсуновнинг алоқа хатидаги кўрсатма асосида Жиззах шаҳар ИИБ томонидан ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланган ва блогерга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди мавжуд қонунчиликка кўра, мазкур пост юзасидан жабрланувчининг мавжуд эмаслиги, унинг муайян шахсга қаратилмаганини таъкидлаб, тергов органи қарорини бекор қилди.

Бироқ шу йилнинг 1 февралида журналист Абдуқодир Мўминовнинг қамалиши юзасидан 3 та пост қолдирган тармоқ фаоли Шер Назаров митинглар, кўча юришлари уюштириш тартибини бузишда айбланиб, маҳкамага тортилган.

Аммо блогер ишини яқиндан кузатган фаолларга кўра, Назаровнинг постлари журналист Абдуқодир Мўминовнинг ноҳақ қамалганига оид шахсий фикрлар бўлиб, фаол ҳеч кимни митинг ва кўча юришларига чақирмаган.

Шунга қарамасдан суд уни айбдор деб топган ва жаримага тортган.

Мирзиёев оиласи ва юқоридаги коррупция - ўзбек матбуоти ҳануз ёзолмаётган мавзулар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:48 0:00

Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган.

Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.

“Чегара билмас мухбирлар” қайдича, Ўзбекистонда расмийлар оммавий ахборот воситаларининг катта қисмини ва ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган блогерларни назорат қилади. Ҳақиқий мухолифат қувғин қилинган ва фаолияти тақиқланган.

Ҳисобот муаллифлари мамлакатда ОАВга оид репрессив қонунларни бекор қилиш учун ўзбек расмийлари ислоҳотлар ўтказиши лозимлигини, мамлакатда таъқиб, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳали ҳам кенг ёйилганини урғулашган.

Шунингдек, Ўзбекистонда мулозимлар ҳеч иккиланмай журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни сотиб олишга уринаётганига, мустақил ОАВ ривожланишига феълан қонун билан тўсиқлар қўйилаётганига эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, RSF ҳисоботида 20 йиллаб қамоқда ўтирган журналистлар сўнгги йилларда озод этилган бўлса-да, улар реабилитация қилинмагани қайд этилган.

Форум

XS
SM
MD
LG