Бюджет параметрларида яққол кўзга ташланадиган жиҳат бу консолидациялашган бюджет дефицитининг 25,5 трлн.сўмдан 35,3 трлн.сўмгача, ёки ЯИМнинг 4%игача етгани билан боғлиқ (дефицит чегараси йил тугашига 1 кун қолганида ўзгартирилгани эсингиздадир).
Эътиборлиси, ушбу дефицитга йўл қўйилмаган бўлинарди, агарда Ўзбекистонни том маънода талаётган олигархларга ва чўнтакка яқин бир тўп мазахўрак шотирларга берилган имтиёзлар бўлмаганида.
Бюджет даромадлари таркибига назар солсангиз, фақат икки солиқ бўйича даромадлар камайиши кузатилган. Булар Фойда солиғи ва Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлардир. Бундан бошқа барча солиқлар бўйича 2 баробаргача кўпайиш қайд этилган.
Магар Фойда солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмасдан жами бюджет даромадлари ўсиши даражасида ўсиш таъминланганида эди, 37,6 трлн.сўм эмас, 47,0 трлн.сўм тушумга эришиларди (+9,3 трлн.сўм).
Худди шундай, Ер қаъридан фойдаланганлик учун зараркунанда имтиёзлар қўлланилмаганида эди, ўртача ўсиш индекси билан 13,9 трлн.сўм эмас, 19,4 трлн.сўм солиқ ундириларди (+5,5 трлн.сўм). Хусусан, тубга қараб қулашда давом этаётган энергетика тизимидаги олигархия назоратига ўтиб кетган конлар бўйича солиқлар табиий газ бўйича – 30%дан 10%га, нефть ва газ конденсати – 20%дан 10%га пасайтириб берилган. Ҳисобот тузувчилар бундан Ўзбекистон бюджети йўқотишларини кўрсатиб ўтишни лозим кўришмаган.
Яъни аслида бюджетники бўлиши керак бўлган 14,8 трлн.сўм феълан тортиқ этилган. Мазкур даромадлар ундирилганида дефицит шиширилиши ўрнига, камайиши юз берган бўларди.
Солиқ тўловчиларнинг ТОП-10талигидан очофат олигархларнинг ёки чўнтак компанияларнинг биронтаси ўрин олмаганидан ҳайрон бўлмаслик керак.
Отабек Бакиров, иқтисодчи
(Bakiroo Телегам-каналидан олинди)
OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Форум