Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:00

Болаларнинг оммавий заҳарланиши: Расмийлар нимани яширмоқда?


Antistrumin
Antistrumin

Озодликнинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигидаги манбалари шу йилнинг 21 сентябрь куни бошланган Наманган вилояти ва бошқа ҳудудларда болаларнинг оммавий заҳарланиши дозани ошириб юбориш оқибатида содир бўлганини тасдиқлади.

Бир-биридан мустақил икки манбанинг айтишича, ҳозирда текширилаётган SAMO МЧЖ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан дори воситалари етказиб бериш бўйича илк шартномаларни 2021 йил ноябридан 2022 йил декабрига қадар вазир лавозимида ишлаган Беҳзод Мусаев даврида имзолаган.

Озодлик манбалари SAMO МЧЖ эгалари ҳозирда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бўлган Беҳзод Мусаев ва Бош вазир Абдулла Ариповга яқин шахслар эканини иддао қилди.

Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази 25 сентябрь куни “Антиструмин” йод препаратини ишлаб чиқарган "Samo” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Наманган вилоят, Чуст туманида 70 дан ортиқ боланинг оммавий заҳарланишидан беш кун ўтиб заҳарланиш сабаби ва миқёси ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Оммавий заҳарланиш ҳодисаси ҳақида ҳозирга қадар на Соғлиқни сақлаш вазири ва на ҳукумат бирон расмий баёнот берди.

Президент Мирзиёевнинг матбуот котиби ҳодисадан бир кун ўтиб президент “қаттиқ ташвишда” экани ҳақида қисқа баёнот берди, бунинг ортидан президентнинг тўнғич қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳамда президент администрацияси департамент раҳбари Комил Алламжоновнинг Чустдаги шифохонага ташриф буюргани хабар қилинди.

Болаларга берилган “Антиструмин” дори воситаси ишлаб чиқарувчиси бўлган SAMO МЧЖ ҳам ҳодиса юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Расмийлар бутун Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб болаларни қамраб олиши кўзда тутилган ҳукумат дастури доирасида кўп миллиард сўмлик шартнома қандай асосда айнан ушбу ширкатга берилгани борасида ҳам сукут сақламоқда.

Расмийлар Чустда болаларнинг оммавий заҳарланиш сабаби ва миқёсини очиқламаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00

Айни пайтда очиқ манбалардаги маълумотлардан “Антиструмин” дори воситасини етказиб берган SAMO МЧЖ асосчиси Нодир Юнусов “ўта хавфли жиноятчи сифатида Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилгани” ўртага чиқмоқда.

Нодир Юнусов одам савдоси, фирибгарлик, рэкет (товламачилик) ва коррупцион ташкилот яратиш бўйича қидирувга берилган.

Нодир Юнусов, шунингдек, Zuma-Pharma МЧЖ'нинг раҳбари ҳам саналади. Мазкур корхона "Паркент-Фарм" эркин иқтисодий зонасида фаолият юритади. Zuma-Pharma МЧЖ «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи бўлган эди.

АҚШ ҳукумати Юнусов топилган тақдирда зудлик билан хабар беришни сўраган.

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази “САМО” МЧЖ корхонасининг фармацевтик фаолияти бўйича текширув ишлари олиб бормоқда.

Zuma-Pharma'нинг расмий cайтида ёзилишича, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов фарм компанияни молиялаштириш ва унга ер ажратишга бош-қош бўлган.

“Uzgermed Pharm” фаолияти билан танишиш ва бу лойиҳани амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири, ҳурматли Абдулла Арипов 2020 йилнинг июл ойида Юқори чирчиқ туманида ишлаб чиқариш майдонимизни кўргани келди ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лойиҳани молиялаштиришга ва “Паркент-Фарм”га 3,2 гектар ер ажратилишига ёрдам берди”, дейилади Zuma-Pharma вебсаҳифасидаги хабарда.

Озодликда Бош вазир Ариповнинг бу лойиҳага шахсан алоқаси бор ёки йўқлигини тасдиқловчи маълумот мавжуд эмас.

"Марказнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари томонидан “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”га мувофиқ, “Антиструмин” дори воситасининг хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича ўрнатилган тартибда таҳлил жараёнлари кетмоқда", дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Аммо матбуот хизмати нега шу пайтгача “Само” МЧЖ фаолияти текширилмагани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу ҳолат юзасидан терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Шу пайтгача Ўзбекистонда қанча бола йод препаратларидан заҳарлангани ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ. Фақат Наманган вилояти Чуст туманида 71 бола касалхонага мурожаат қилингани ҳақида расмий хабар берилди, холос.

Ундан сўнг Қалампир.уз нашри 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам юздан ортиқ бола заҳарланиш ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилгани ҳақида видео чиқарди.

Гарчи ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда ҳам, бу ҳақда фикр билдираётган шифокорларнинг гапларида ҳам болаларнинг саломатлиги айнан ўша йодли препаратларни қабул қилганидан кейин ёмонлашгани айтилаётган бўлса ҳам, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова болаларнинг касалланиши дорига боғлиқ эмас деб баёнот берди.

Айни пайтда оммавий заҳарланишга дори сабаб бўлмаганини таъкидлаган вазир ўринбосари, шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ва “Калий йодид 1мг, таблетка Антиструмин дорисини тарқатган “Ўзмедимпекс” МЧЖ ва “Само” МЧЖга 22 сентябрь куни мактуб йўллаб, дори воситалари истеъмолини зудлик билан вақтинча тўхтатишни сўрайди.

Э.Боситхонова мактуби
Э.Боситхонова мактуби

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятида заҳарланган болалар ҳолидан хабар олгани тўғрисида телеграм каналида маълум қилди.

Ўша куннинг ўзида Поп туманида болаларнинг йодли доридан заҳарланиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

22 сентябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу воқеа юзасидан бундай баёнот берди:

“Наманган вилоятининг Чуст туманида мактабгача таълим ташкилотидаги болалар билан содир бўлган заҳарланиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча керакли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”.

Бу воқеадан бир кун ўтиб, Ўзбекистоннинг бошқа туман ва шаҳарларидан ҳам шу каби хабарлар кела бошлади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Андижон ва Қўқонда ҳам бир неча бола заҳарланганини иддао қилди.

Андижон вилоятида ҳам 12 нафар бола заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

22 сентябр куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига бориб, токсикология бўлимидаги 12 нафар бола билан учрашганлиги ҳақидаги видео тарқалди.

Шу йилнинг 23 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Республика Шошилинч Тез Тиббий илмий Марказининг токсикология бўлимига йод препаратидан заҳарланиш факти билан 200 дан ортиқ болалар мурожаат қилган.

Озодликнинг бу борадаги сўровини Марказнинг навбатчилик қисми тасдиқлади.

“Бугуннинг ўзида 400 дан ортиқ болалар мурожаат қилган. Шуларнинг 200 тадан ортиғи йоддан заҳарланиш, улар мактаб ва боғчалардан келган болалар. Боситхонова бўладими, бошқасими, биз ҳақиқатни айтишга мажбурмиз, ҳаммаси дори ичиб, ўзини ёмон ҳис қилган. Грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликлар билан келганлар ҳам кўп” , деди навбатчилик қисми ходимаси.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги 14-сонли болалар шифохонаси ва бошқа оилавий поликлиникаларга ҳам юзлаб мурожаатлар бўлган.

Шунингдек, Озодлик Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида ҳам оммавий заҳарланишга ўхшаш ҳолатлар билан болаларнинг поликлиникаларга мурожаат қилаётгани айтилмоқда.

“Айнан Наманган, Андижон ва Тошкентдаги оммавий заҳарланишларга ўхшаш ҳолатлар кузатилди. Бачалар қайд қилиб, қусиб мазаси бўлмаяпти. Дўхтирларимиз ваҳима қилманглар, интернетга чиқарманглар деяпти”, дейди қумқўрғонлик Озодлик манбаси.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари йод препаратидан оммавий заҳарланишларни рад қилаётганига қарамай бу ҳолат ўнлаб шифокор ва давлат ҳокимияти органлари вакиллари сўзлари билан тасдиқланиб бўлди.

Наманган вилоятининг Чуст туманида боғча ва мактаб болаларининг оммавий заҳарланиш ҳодисасидан қарийб бир неча кун ўтиб ҳануз заҳарланиш сабаби ва миқёси номаълумлигича қолмоқда.

Бу эса жамоатчиликда саволларни янада кўпайтирмоқда.

Болаларнинг йоддан заҳарланиши эҳтимоли бўлган воқеа содир бўлганидан буён орадан беш кун вақт ўтди.

Беш кундан буён ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг якуний лаборатория хулосаси берилмади. Бу хулоса берилмасдан туриб, барча боғча ва мактаблардан йодли препаратлар йиғиштириб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия қилган бу препаратлар нега қўлланишдан олдин лаборатория синовидан ўтказилмади?

Дорини ишлаб чиқарган ва тавсия қилган “Само” МЧЖ раҳбарияти нега шу пайтгача бу ҳақда бир оғиз ҳам изоҳ бермади?

Нега Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчиликка очиқ ва аниқ хулоса бериш ўрнига, ҳар хил баҳоналарни қилиб, чайналишдан бошқа гапни айтмаяпти?

Бу каби саволлар жамоатчилик томонидан ижтимоий тармоқларда ҳар куни расмийларга бериб борилмоқда. Аммо аниқ жавоб йўқ!

Озодлик 25 сентябр куни “Само” МЧЖнинг сайтида берилган 4та телефонга кун бўйи қўнғироқ қилди. Аммо жавоб бўлмади.

Ижтимоий тармоқларда чиқишлари билан таниқли бўлган доктор Нодирбек Исчанов болаларнинг заҳарланишига оид ўз тахминларини бундай баён қилди.

Унинг айтишича, энг биринчи хато болаларга ҳатто катта одамларга ҳам бериб бўлмайдиган доза, ўн баравар кўп берилган.

Исчановнинг айтишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига кўра, йод препаратларини беришдан олдин врач-педиатр ва эндокринолог кўриги бўлиши шарт. Аммо бундай бўлмаган.

Ўзбекистонлик шифокор, профессор Зарифбой Ибодуллаев болаларга берилган йод препаратлари дозаси ота-оналар ва жамоатчиликдан яширилаётганини тахмин қилади.

Президент 7 апрел куни Сирдарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Zuma-Pharma МЧЖ нинг раҳбари Нодир Юнусов у билан учрашган ва фармацевтика соҳасига берилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар учун Мирзиёевга миннатдорчилик билдирган эди.

Август ойининг охирида президент Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчиларига йод препаратларини бепул тарқатиш бўйича топшириқ берган эди.

20 сентябрдан барча мактаб ва болалар боғчаларида йод билан таъминлаш дастури бошланди.

21 сентябрдан эса йоддан заҳарланиш белгилари билан болалар касалхоналарга туша бошлади.

22 сентябрда тарқатилган барча йодлар йиғиштириб олинди.

Аммо йод перпаратларини қадоқлабган ва гўёки тендерда ютган “Само” МЧЖ ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти. "Само"дан ҳам садо йўқ.

Ўзбекистонлик журналист ва блогерлар 25 сентябр куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг Чуст туманига келишини эшитиб, ундан расмий баёнот кутишган.

Аммо вазир Наманганда журналистлар қаршисига чиқмаган.

Журналистлар вазирни кутиб турган пайтда, ўзини Амрилло Иноятовнинг ёрдамчиси деб таништирган мулозим президент администрациясидан қўнғироқ бўлгани, вазирни ҳеч қандай интервью бермаслик ҳақида огоҳлантиришганини айтади.

Ўтган йил декабрида Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган Амрилло Иноятов биринчи марта зиддият марказида қолаётгани йўқ.

Бундан аввал у шифокорлар пул олиши мумкинлигини айтиши ортидан коррупцияга йўл очишда айбланганди.

Жамоатчилик Тошкент шаҳар судида давом этаётган "Док Макс" иши бўйича ҳам қатор саволлар очиқ қолаётганига эътибор қаратмоқда.

Камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган фожиадан бир йил ўтмай, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ яна бир йирик соғлиқ инқирозига юз тутган.

Мутахассислар бу инқирознинг ечими мамлакатдаги бошқарув билан, шаффофлик ва ҳисобдорликнинг йўқлиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда илдиз отган коррупция билан чамбарчас боғлиқ эканини айтишади.

Форум

XS
SM
MD
LG