Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:02

Kompromаtuzb иши: Далиев ва Ҳошимов 7 йилданга қамалди, Аҳмаджонов ва Мирзаеванинг озодлиги чекланди


Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳамда Human.uz сайти директори Хуршид Далиев
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳамда Human.uz сайти директори Хуршид Далиев

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 26 сентябрь куни Human.uz сайти асосчиси Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, фуқаро Аҳмадилло Аҳмаджонов ҳамда Бандлик вазирлиги собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева иши юзасидан суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумот тарқатди.

Ҳукмга мувофиқ, суд Хуршид Далиев Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топиб, оқлаган.

Айни пайтда Human.uz асосчиси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилган. Унга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (99 миллион сўм) миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Хуршид Далиев қамоқ жазосини умумий тартибли колонияларда ўташи қайд этилган.

Сиёвуш Ҳошимов Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан жиноят ишининг айрим эпизодлари бўйича Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилиб, реабилитация этилган.

Аснода “Ўзбекнефтгаз” ширкати матбуот котиби мамлакат Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга ҳам ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У ҳам жазони умумий тартибли колонияларда ўташи айтилган.

Суд судланувчи Аҳмадулло Аҳмаджоновни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Мавжуда Мирзаева эса Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга нисбатан 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Суд жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундиришга қарор қилган. Олий суд хабарномасида судланувчилар ўзларига нисбатан чиқарилган ҳукм устидан шикоят аризаси киритиш ҳуқуқига эга эканликлари эслатилган.

Kompromаtuzb иши бўйича ёпиқ суд мажлиси шу йилнинг 18 июлидан буён давом этиб келаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўтган ҳафталарда давлат айбловчиси қатор моддаларда айбланаётган Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимов учун 15 йиллик, Мавжуда Мирзаевага 6 йиллик қамоқ, Аҳмадилло Аҳмаджоновга 5 йилга озодликни чеклаш жазоси сўраган эди.

Судланувчилар шу йилнинг 24 январида қамоққа олинган ва ДХХнинг "Гвардейский" номи билан билинган тергов ҳибсхонасида сақлаб келинаётган эди.

“Kompromatuzb иши” юзасидан шу пайтга қадар 10 дан ортиқ гумондорлар ҳибсга олинган. Ҳозирда мазкур иш бўйича айбланувчилардан 5 нафарининг исми жамоатчиликка маълум.

Озодлик манбасига кўра, суддаги сўнгги сўзида Human.uz раҳбари Хуршид Далиев “ҳатто терроризм ва конституциявий тузумга қарши жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан ҳам бундай катта жазо сўралмаган”ини айтган.

“Албатта, хатолар қилдик. Лекин бу давлат айбловчисининг бундай катта муддат сўраши адолатсизликдир. Масалан, мен таҳририятда йиллар давомида реклама ва бошқа турдаги даромадларимиз эвазига 30 та оилани боқиб келдим. Давлатга қарашли Аграр Университетнинг ўзимиз ижарада турган биноларини замонавий таъмирлатдик. Болаларим қиммат мактабларга бормади, уларга қиммат кийимлар олиб бермадим. Биронта банкнинг эшигини тақиллатиб, реклама сўраб борганим йўқ”, деганди Хуршид Далиев.

Журналист Мавжуда Мирзаева ўзининг айбдорлигини қисман тан олиб, судда қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо беришларини сўраган.

“Ўзбекнефтгаз” ширкати собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов эса “қонунларни бузмагани, жиноий йўл билан даромад орттирмагани, барчаси терговнинг уйдирмалари экани”ни айтган. У қарамоғида ногирон ота-онаси борлигини айтиб, прокурор сўраган жазо муддатининг ҳаддан ташқари адолатсиз эканини урғулаган.

Судланувчи Аҳмадулло Аҳмаджонов суднинг адолатли қарорга келишига умид қилишини айтган.

“Kompromatuzb иши” доирасида журналист Хуршид Далиев раҳбарлик қилган Human.uz, Sof.uz, Terrabayt.uz сингари таҳририятлар мулклари, хусусан, битта “Malibu”, битта “Lacetti”, 2 та “Nexia 3” ва 1 та “Damas” жиноий фаолиятдан келган даромадлар ўлароқ хатланган.

Шунингдек, мазкур таҳририятларнинг 10 дан ортиқ камералари ва компьютерлари, мобиль қурилмалар тергов органи томонидан ҳибсга олинган. Давлат айбловчиси буларнинг барчасини мусодара қилишни сўраган.

“Агар прокурор мусодара қилишни сўраган ҳамма нарса олиб қўйиладиган бўлса, Human.uz, Sof.uz, Terrabayt.uz сайтларининг фаолияти тўхтайди. Бу эса сўз эркинлигини бўғишга қаратилаётган ҳаракатдир”, деганди аввалроқ Хуршид Далиев раҳбарлик қилган лойиҳалардан бирида ишловчи ходим Озодлик билан суҳбатда.

Унга кўра, таҳририятнинг барча автомобиллари 2015-19 йиллар оралиғида харид қилинган ва унинг “Kompromatuzb иши” фаолиятига мутлақо дахли йўқ. Суднинг бугунги ҳукмида ҳам мазкур мулклар мусодара этилиши ҳақида бирор гап айтилган эмас.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам “Kompromatuzb иши” билан боғлиқ расмий баёнотида ишнинг Human.uz, Sof.uz, Terrabayt.uz сингари таҳририятларга алоқаси йўқлиги, бу таҳририятлар ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилган эди.

Бироқ, Озодлик суҳбатлашган журналистларга кўра, техник воситаларнинг тортиб олиниши ва мусодара қилиниши улар фаолиятининг тўхташига олиб келади. "Шундоқ ҳам ҳозир таҳририят ходимлари деярли тарқаб кетган, камера ва компьютерлар тергов органи томонидан олиб кетилган", деган эди журналистлардан бири Озодлик билан суҳбатда. Тергов баҳонаси билан олиб кетилган бу жиҳозлар таҳририятларга қайтариладими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.

ДХХ томонидан тергов қилинган ва “Kompromatuzb иши” номини олган жиноят иши доирасида 4 нафар айбланувчи, 19 нафар жабрланувчи, ва шунингдек, 10 нафар фуқаровий даъвогар мавжуд.

Жиноят оқибатида жабрланувчиларга нисбатан 5,1 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етказилгани тахмин қилинган.

Мазкур жиноят иши доирасида Миграция агентлиги мансабдорларига нисбатан шу йилнинг 3 январь куни жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва агентликнинг юқори мартабали мулозимлари ҳибсга олинган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG