Инстаграмда президент Шавкат Мирзиёев ҳақида танқидий пост ёзган 19 ёшли йигит икки ярим йилга қамалди.
26 октябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани суди Дилшод Искандаровни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси, 3-қисми - "Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш"да айбдор деб топди.
Озодликда нусхаси мавжуд суд ҳукмидан маълум бўлишича, Искандаров шу йил ўрталарида Россияда бўлган пайтда Инстаграм ижтимоий тармоғида “President family” номли видеолавҳа остида “avlodinggiga …Sh.M.Mirziyoyev” (имло ўзгаришсиз берилмоқда - таҳр.) деган изоҳ қолдирган.
“Шу йил ёз ойлари бошида Дилшод Искандаров ўзининг “Xiaomi 11N” телефони ёрдамида Инстаграмдаги “President family” номли видеолавҳа остига avlodinggiga … Sh.M.Mirziyoyev” деб изоҳ қолдирган. Кейинчалик, унинг профилини кузатиб борувчи танишлари “...ака профилингизга нима учун бундай ҳақоратли сўзларни ёздингиз?, ўчириб ташланг яхши бўлмайди” деб огоҳлантирганидан сўнг изоҳини ўчириб ташлаган”, дейилади суд ҳукмида.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд экспертиза маркази мазкур постда “президентни ҳақоратлаш, обрўсизлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар мавжуд”, дея хулоса берган.
Суд ҳукмида айтилишича, Дилшод Искандаров 2022 йил ноябрь ойида Россиянинг Владивосток шаҳрига ишлаш мақсадида борган, интернетдаги пости учун ўзига нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши очилганидан гўёки хабар топган ва 2023 йил август ойида Ўзбекистонга қайтган.
Судда ўзига қўйилган айбга иқрор бўлган, бундай пост ёзишга уни ҳеч ким мажбурламагани, қилмишидан пушаймонлигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси, 3-қисми (Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш), 2021 йил 30 мартдаги ўзгартишларга мувофиқ уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутади.
Биринчиси эмас
Озодлик сўнгги бир йилда Ўзбекистонда камида уч фуқаронинг ижтимоий тармоқларда ёзган пости учун ЖКнинг айни моддаси бўйича қамоқ жазосига маҳкум этилганини аниқлади.
Жумладан, фарғоналик 27 ёшли Ўткирбек Собиров 2022 йил январь ойида Фарғонада газ тақчиллигидан норози бўлиб Телеграмдаги “Қўқон метан газ” номли гуруҳда овозли шарҳ қолдиргани учун уч йилга қамалган.
Экспертиза Собировнинг овозли матнида “президентни ҳақоратлаш аломатлари” борлигини аниқлаган.
“Собиров 2022 йил 27 январь куни табиий газ ва электр тармоғидаги узилишлар сабабли давлатимизда юритилаётган сиёсатдан норози бўлиб Ўзбекистон президентини ҳокимиятдан четлатиш лозимлигини айтиб, қонуний равишда сайланган ҳокимият вакилини ҳокимиятдан четлатишга очиқдан-очиқ даъват қилиб шу мазмундаги фикрларини овозли ва матнли шаклда гуруҳга жойлаштириб, “Қўқон метан газ” номли гуруҳга тарқатган. Бундан ташқари гуруҳ аъзоларини Қўқон шаҳридаги Ўрда мажмуаси олдида йиғилиб митинг ўтказишга чақирган”, дейилади суд ҳукмида.
Ундан олдин Фарғона вилоятининг Қува туманида 30 ёшли Аҳрорбек Қўчқоров Телеграмдаги овозли пости учун 4 йиллик уй қамоғига маҳкум қилинганди.
Суд ҳукмида Қўчқоров “Қўқон метан газ” номли гуруҳида “ўзбек тилининг ўта қўпол сузлашувидаги сўзлари ёрдамида президентни обрўсизлантириб ҳақорат қилган”и айтилади.
"Сўкиниш эшитишни истамаса, халқни эшитсин"
Ўзбекистонлик фаоллар фикрича, ижтимоий тармоқлардаги изоҳ учун, ҳатто сўкиниш бўлса ҳам, қамоқ жазоси белгиланиши сўз ва ифода эркинлигининг бузилишидир.
“Мамлакатда иқтисодий аҳвол танг, изғирин совуқда газ йўқ, свет йўқ бўлиб турган шароитда халқ оғзидан ҳар нарса айтилиши мумкин, жумладан сўкинишлар ҳам. Ҳукумат, сўкиниш эшитишни истамаса, халқ дардига қулоқ тутсин, муаммосини ҳал қилсин. Тармоқда сўкиниш, кимнидир ҳақорат қилиш, шаънини топташни мен ёқламайман. Кўп бўлса бу безорилик сифатида малакаланиши мумкин. Францияда ёки АҚШда шу мамлакат президентлари номига сўкиниш ёзилган постларга кўп дуч келасиз. Ҳаммасини олиб бориб қамамаяпти-ку”, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.
Канадада яшовчи журналист ва ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров ҳам бу фикрга қўшилади:
“Ғарб давлатлари, АҚШ ёки мен яшаётган Канадада сўз эркинлиги юз фоиз таъминланган. Буни ичига сўкиниш ҳам киради. Кимдир давлат раҳбари ёки ҳоким ишидан норози бўлса, баралла сўкиши мумкин, тармоқларда ҳам. Лекин, телевидение ёки радиода қўйилса, устидан ёпишади. Газетада нуқта, нуқта билан беришади. Яъни сўз эркинлигига сўкиниш эркинлиги ҳам киради. Лекин, афтидан Ўзбекистонда аҳвол бошқача”, - дейди Шоҳназаров.
Ўзбекистонда турли нашрлар босган мақолалар остида қолдирган изоҳи ёки ижтимоий тармоқлардаги пости учун блогер ва фойдаланувчилар ИИБ ва ДХХга чақирилгани, айримлари жаримага тортилгани ҳақида Озодлик хабар берган.
Ҳақорат қонунлари
Медиа ҳуқуқида “ҳақорат” қонунлари (“Insult Laws”) деган тушунча бор.
Яъни давлат ва ҳукумат расмийлари, миллий муассасалар, давлат рамзлари ёки давлатнинг “шаъни ва қадр-қимматини” таҳқирлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонунлар.
Медиа экспертларга кўра, амалиётда бу қонунчиликдан шахсни таҳқирлаганлик учун жавобгарлик белгилаш билан бир қаторда, фикр, ифода, юмор учун жазолаш ва сўз эркинлигини чеклаш мақсадида ҳам фойдаланилиши мумкин.
Халқаро ташкилотлар у ёки бу давлатда матбуот эркинлиги аҳволини ўрганар экан, асосий эътибор ҳақорат қонунларининг тури ва сонига қаратилади.
Халқаро матбуот институти (International Press Institute) Ўзбекистон қонунчилигидаги бир қатор моддаларни матбуот эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаган.
Булар Жиноят кодексининг Туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутадиган 139-140 ҳамда Давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарлик белгиловчи 215-моддалари. Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 156-модда ҳам шулар жумласидан.
Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига асосан президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан эса Президентнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ҳамда бундай ҳаракатлар қонун билан таъқиб қилинади.
Ўзбекистонда биргина Телеграм фойдаланувчилари сони 18 млн.дан кўпроқни ташкил қилади.
Тармоқларда нарх-навонинг ошиши, газ ва электр таъминотидаги узилишлардан кўп.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлигига оид сўнгги рейтингида Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан 4 поғона пастлаб 137-ўринни эгаллади.
Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият "мураккаб" бўлиб қолмоқда, ОАВ тўғрисидаги "репрессив" қонунлар амалда ҳамда "кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш" ҳукмрон.
Форум