Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:43

"Кўча"га қарши рейдлар: Салимбой қамоқда, Ғафурбойга қарши "жиноят иши йўқ"

"Бахти Ташкентский", "Саидазиз медгородок", Салимбой, Ғафурбой...

Одатда Тошкентдаги чойхоналарда кўпроқ эшитиладиган бу номлар охирги кунларда маҳаллий матбуотнинг тилига тушди.

Бунга сабаб, Тошкентда жиноят оламига қарши бошланган кенг кўламдаги рейдлар.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари бу амалиётни “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб атамоқда.

Матбуот эса “кўча"га қарши кураш демоқда.

Тошкент ИИББ: Салим Абдувалиев қамоқда, Ғафур Раҳимовга қарши жиноят иши йўқ

Ғафур Раҳимов
Ғафур Раҳимов

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Салимбой номи билан танилган Салим Абдувалиевнинг қамоққа олинганини тасдиқлади.

ИИББ бошлиғининг ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга кўра, "Бахти Ташкентский" ва "Садиазиз медгородок" тахаллуси билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва Саидазиз Саидалиевга ҳам қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Абдуваалиев ноқонуний қурол сақлаш, Қудратуллаев гиёҳвандлик воситалари, Саидалиев эса товламачиликда гумон қилинмоқда.

Айни пайтда Тошхўжаевнинг айтишича, жиноий гуруҳ етакчиси сифатида АҚШ санкцияларига тушган Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иши йўқ.

“Бугун бизда бу шахсга (яъни Ғафур Раҳимовга) нисбатан жиноий иш очилгани йўқ. Бу шахс [Ички ишлар бош бошқармасига] олиб кетилмаган ва қидирувга ҳам берилмаган”, дея иқтибос келтирди Газета.uz нашри Дониёр Тошхўжаев сўзларидан.

Тошкент, Жиззах, Навоий ва Хоразмда рейдлар

Ўзбекистонда криминал дунё аъзоларини ҳибсга олиш давом этмоқда. Тошкент шаҳрида “Долзарб қирқ кунлик” тадбирлар давомида яна бир гуруҳ шахслар қўлга олинган.

Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушланганлардан 5 нафарининг шахсини очиқлади. Улар орасида эгизак ака-укалар ҳам бор. Тошкентлик 36 яшар Ҳасан-Ҳусан Собиржоновлар Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми яъни безориликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, “Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлар давоида қуйидаги шахслар ушланган:

1. 1993 й.т. Ўринов Умиджон Бахтиёр ўғли (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
2. 1995 й.т. Бегматов Асадулло Холмат ўғли (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик).
3. 1987 й.т. Собиржонов Хасан Абдусаматович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисми, безорилик);
4. 1987 й.т. Собиржонов Хусан Абдусаматович (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисми, безорилик).
5. 1990 й.т. Джалилов Хасан Назарович (Ўзбекистон Республикаси жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик).

Гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Тергов давом этмоқда.

Жиззах ИИБ

Жиззахда жиноят олами вакилларига қарши рейдда 30 дан ортиқ шахс ушланган.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, вилоятида «Долзарб - 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзо бўлган, ижтимоий муҳитга салбий таъсирини ўтказишга уринаётган шахсларни қўлга олиш ва уларнинг жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, махсус хизмат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейдлар давомида ижтимоий муҳитга салбий таъсирини ўтказишга уринаётган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши доирасида 3 нафар шахслар қўлга олиниб, 12 нафар шахсларга жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яширинган 17 нафар шахслар ушланди. Худди шундай вилоят ҳудудида тезкор вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи, жиноят содир этишга мойил 20 нафар шахсларнинг яшаш манзилларида махсус профилактик тадбирлар ўтказилди. Натижада ноқонуний буюм ва ашёларни сақлаб келган 10 нафар шахслар аниқланди.

Навоий вилояти ИИБ


“Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ҳамда қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда“

Навоийда ушланган гуруҳ зўравонлик, куч ишлатиш, фирибгарлик ва таҳдид йўли билан пул маблағларини қўлга киритиш билан шуғулланиб келгани айтилмоқда.

Навоийда «криминал авторитет» «Мехрик» ва унинг жиноий тўдаси қўлга олинди

Навоий вилоятида “Долзарб қирқ кунлик” тезкор-профилактик тадбирлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ Ахборот хизмати.

Мазкур тадбир доирасида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан “Мехрик” лақаби билан танилган, 1991 йилда туғилган, Аллаёров Мехриддин Музаффарович, 1995 йилда туғилган Тураев Умид Шухратович ва уларнинг 8 нафар жиноий шериклари қўлга олинган.

“Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган ҳамда қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, — дейилади хабарда.

Хоразм вилояти ИИБ

Хоразм вилоятида эса “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари доирасида жами 15 киши қўлга олинган.


6 декабрь куни вилоятдаги криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган, турли жиноятларга алоқадор фуқароларнинг яшаш уйларида ўтказилган тинтувлар жараёнида гиёҳвандлик воситалари, пневматик тўппонча ва совуқ қуроллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Хозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, тадбир давомида тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 12 нафар шахс ушланган.

Халқ тилида “Кўча” дея аталувчи криминал дунё аъзоларини ҳибсга олиш декабрь ойи бошида кўпайди. Аслида жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олиш Ички ишлар вазирлигининг 21 ноябрь куни бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида олиб борилмоқда.

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси

Айбсизлик презумпцияси!?

Маҳаллий ОАВда кенг ёритилаётган рейдлар айбсизлик презумпциясига доир хавотирларни ҳам ўртага чиқармоқда.

“Кейинги кунлардаги қамоққа олишларга гап йўқ, бироқ айбсизлик презумпцияси ҳалиям кучдами деган савол юзага келяпти. Ёки Каримов давридагидек истаган одамни ичкарига опкирволиб ОАВда судсиз бадном қилиш амалиёти қайтдими? Тўғри, буларнинг аксари жиноятчи эканини кўпчилик билади, аммо шундай бадном қилиш амалиёти эртага бегуноҳ инсонларга нисбатан ҳам қўлланмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди? Янгиланган конституцияда бу ҳақида нима дейилган эди?” дея савол қўйди блогер Обиджон Латипов.

Тармоқ фаоллари фикрича, суриштирув, тергов ҳамда суд жараёнлари шаффоф ва очиқ ўтиши лозим.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG