Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:31

"Кўча"га қарши рейдлар: Салимбой қамоқда, Ғафурбойга қарши "жиноят иши йўқ"

"Бахти Ташкентский", "Саидазиз медгородок", Салимбой, Ғафурбой...

Одатда Тошкентдаги чойхоналарда кўпроқ эшитиладиган бу номлар охирги кунларда маҳаллий матбуотнинг тилига тушди.

Бунга сабаб, Тошкентда жиноят оламига қарши бошланган кенг кўламдаги рейдлар.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари бу амалиётни “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” деб атамоқда.

Матбуот эса “кўча"га қарши кураш демоқда.

Намангандаги рейдлар: 35 киши ушланган

Наманган вилояти ИИБ хабарига кўра, вилоятда ўтказилган тезкор-профилактик тадбирларда тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахс ушланган.

Шунингдек, Намангандаги рейдларда 20 та ҳолатда кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддалари, 7 та ҳолатда 4. 615 дона психотроп дори воситаларини сақлаш ва ўтказиш ҳолатлари, 13 дона ноқонуний қурол ҳамда 190 дона ўқ-дориларни сақлаш ҳолатлари, 61. 000 донадан ошиқ турли хил пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда муомалага киритилиши ҳолатларига чек қўйилди.

Андижондаги рейдлар: Ушланганлардан 7 кишининг шахси очиқланди

Андижон вилоятида ҳам "Долзарб 40 кунлик" махсус профилактик тадбирлари ўтказилиб, бир қатор жиноят олами вакиллари, товламачилар, ўзидан "Етакчи" ясаб олганлар ҳамда уларга яқин бўлган шахслар ушланган. Бу ҳақда хабар қилган Андижон вилоят ИИББ қўлга олинганлардан етти шахснинг исмини очиқлади:

  • Жиноят кодексининг 219, 238, 241, 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Байханов Нофар Алишерович;
  • Жиноят кодексининг 97, 164, 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун бир неча маротаба судланган, Андижон шаҳрида яшовчи,1989 йилда туғилган Умаров Умидбек Рафукжонович;
  • Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун судланган, Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1961 йилда туғилган Мамажонов Дилмурод Адхамжанович;
  • Жиноят кодексининг 104, 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган, Андижон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган Киселов Андрей Ходжамқулович;
  • Андижон шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро Шодибоев Фаррух Патидин ўғли;
  • Хўжаобод туманида яшовчи 1973 йилда туғилган Эргашев Бахтиёр Тўхтасинович;
  • 1985 йилда туғилган Парпиев Алишер Адхамович;

Андижон ИИББ хабарига кўра, ушбу шахслар майда безорилик, товламачилик, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш, валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликлари аниқланган.

Хоразмдаги рейдлар: 15 киши ҳибсга олинди

Хоразм вилоятида “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари доирасида жами 15 киши қўлга олинган.

Хоразм вилоят ИИББ хабарига кўра, ўтказилган тинтувлар жараёнида 4 кг 800 граммдан ортиқ оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари, 97 дона психотроп моддалар, 1 та пневматик қурол, 2 та совуқ қурол (бита ва кастет) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Хозирги кунда ушбу ҳолатлар юзасидан, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми, 276-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, 3 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Шунингдек, тадбир давомида тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 12 нафар шахс ушланган.

Тошкент вилоятидаги рейдлар: 34 киши қўлга олинди

Тошкент вилоятида жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахслар (Тошкент вилояти ИИББ фотоси)
Тошкент вилоятида жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахслар (Тошкент вилояти ИИББ фотоси)

Тошкент вилоятида “Долзарб 40 кунлик” махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзоликда гумонланган 34 киши қўлга олинган.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, ушланганларнинг 11 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, 23 нафари маъмурий тартибда қамоққа олинган.

Хабарномада рейдлар чоғида мазкур шахслардан гиёҳвандлик ва психотроп воситалар ҳамда совуқ қуроллар процессуал тартибда олингани қўшимча қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG