Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Zimiston-UZ: "2024 да свет ўчмайди"

Ўзбекистонда тўрт фасл давом этаётган энергетик бўҳрон манзарасини Озодлик билан бирга кузатинг.

Вазиятга оид хабарлар ZIMISTON-UZ блогига жамланмоқда.

Сиз яшаётган ҳудудда вазият қандай? Қандай қишлаяпсиз? Газ ва свет борми?

Ҳабарларингизни Озодликка Телеграм орқали @ozodnews манзили
га йўлланг.

Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида бир оиланинг беш аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий матбуотга маълум қилди.

Ҳодиса 15 декабрь соат 11:45 ларда Чимбойнинг “Кенуэс” ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.Б.нинг хонадонида содир бўлган.

Расмий хабарда айтилишича, ис газидан оиланинг 7 аъзоси заҳарланган бўлиб, улардан 5 нафари ҳалок бўлган:

"Текширув давомида ушбу хонадонда яшаган 66 ёшли М.Б., 62 ёшли З.М,, 37 ёшли С.Б., 15 ёшли А.А. ва 12 ёшли М.А. вафот этгани аниқланган. Шунингдек, 28 ёшли Т.О. ҳамда 23 ёшли А.Б. оғир аҳволда ҳушсиз ётганлиги аниқланиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган".

15 декабрь куни Фарғона ва Наманганда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлган эди.

31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида сўнгги тўрт йилда жами 421 нафар киши ҳалок бўлгани айтилиб, ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ва бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмагани танқид қилинган.

Камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Йўл харитаси” тузилиб, икки ой муддатда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш режаланган эди. Қурбонлар сони кўпаётганига қараганда ҳозирча бу борада бирор ижобий ўзгариш қилинмаган.

Заправкаларда бир йилда 2 миллион литр сифатсиз бензин аниқланган

Тошкентдаги монопол "Ўзбекнефтгаз" давлат ширкатига қарашли АЁҚШ яқинида рассом Inkuzart чизган граффити.
Тошкентдаги монопол "Ўзбекнефтгаз" давлат ширкатига қарашли АЁҚШ яқинида рассом Inkuzart чизган граффити.

Ўзбекистонда метан газ тақчиллашаркан, бензинга талаб ошди. Бир вақтнинг ўзида заправкаларда сотилаётган бензиннинг сифати масаласи ҳам ўртага чиқди.

Жорий ойда мамлакат "заправка"ларида 215 минг 355 литр нефт маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати хабар қилди:

«Биргина декабр ойида жами 138 та олинган намуналар Давлат стандарт талаблари асосида олиниб таҳлил қилинганда нефт маҳсулотларидан 215 минг 355 литри давлат стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди»

«Ўзэнергоинспекция» хабарига кўра, жорий йил давомида жами 2 миллион литр бензин сифатсиз деб топилган.

Ўтган куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги "Тўйтепа" бензин заправкасидаги можарога "Ўзбекнефтгаз" ҳам аралашди. Ширкат собиқ маҳаллий кенгаш депутати Қобул Дўсов ва амалдаги депутат Жаҳонгир Тўлаганов устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига шикоят қилмоқчи.

Қобул Дўсов тармоқлар орқали жонли чиқиш қилиб, бензин сифатини танқид қилгач, Энергетика вазири ва Ўзбекнефтгаз мутасаддилари ўша заправкага етиб бориб, вазиятни ўргангани хабар қилинди. "Ўзбекнефтгаз" иддаосича, Дўсовнинг даъволари тасдиғини топмаган.

Zimiston-UZ. Икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлди

Фарғона ва Наманганда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан ҳалок бўлди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўлбола печкаларидан ноўрин фойдаланиш сабаб ис газидан қурбонлар бўлишини таъкидлаб келади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўлбола печкаларидан ноўрин фойдаланиш сабаб ис газидан қурбонлар бўлишини таъкидлаб келади.

Президент Мирзиёевнинг қишни беталафот ўтказиш бўйича йиғилишидан бир ҳафта ўтиб, икки оиланинг саккиз аъзоси ис газидан ҳалок бўлди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг матбуотга берган маълумотига кўра, ҳодисалардан бири 15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси Наманган вилояти Янги Наманган туманида содир бўлган.

Ҳодисада эр-хотин ва уларнинг 19 ва 14 ёшдаги икки қизи ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлган.

Расмий маълумотга кўра, худди шу куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ҳам эр-хотин ва уларнинг икки қизи ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Иккала ҳолатда ҳам фожеага қўлбола печкалар сабаб сифатида кўрсатилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни техника хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳақида огоҳлантириб келади, аммо бу каби ҳолатларда фуқароларга товон тўлаш ёки моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилмаган.

31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида сўнгги тўрт йилда жами 421 нафар киши ҳалок бўлгани айтилиб, ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ва бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмагани танқид қилинган.

Камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Йўл харитаси” тузилиб, икки ой муддатда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш режаланган эди. Қурбонлар сони кўпаётганига қараганда ҳозирча бу борада бирор ижобий ўзгариш қилинмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG