Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда Навальний хотирасига мемориаллар пайдо бўлди

Тошкентдаги қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган паркда Алексей Навальний хотирасига бағишланган стихияли ёдгорлик пайдо бўлди.

16 феврал куни мухолиф россиялик сиёсатчининг ўлими ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, одамлар Россия элчихонасига гул олиб кела бошлади. Шунингдек, “Шаҳидлар хотираси” мажмуасидаги кўприкда шамлар, гуллар ва Навалнийнинг портрети пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги нашрларга кўра, одамлар бугун гул қўйишни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсий фаол Расул Кушербаев ҳам Навалний ўлимига ўзининг Фейсбук саҳифасида бундай муносабат қолдирди:

"ОВД-Инфо": Сўнгги икки кунда Россияда Алексей Навалний хотирасига ўтказилган акцияларда 400 дан ортиқ одам ушланди

“ОВД-Инфо” нашрига кўра, ўтган икки кунда Россияда Алексей Навалний хотирасига бағишланган акцияларда 401 киши ушланган. Жами 36 шаҳарда одамлар қўлга олингани айтилмоқда.

Санкт-Петербургнинг ўзида 200 дан зиёд киши ушланиб, улардан 38 нафари кечаси полиция бўлимларида қолдирилган.

“Медиазона” нашри Санкт-Петербург судлари матбуот хизматига таяниб, акцияларда иштирок этгани учун 42 кишига бир суткадан олти суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилгани ҳақида ёзди.

Яна 9 киши 10 мингдан 15 минг рублгача жаримага тортилган.

Шунингдек, Санкт-Петербургда Алексей Навалнийга жаноза ўқиш учун маросим ўтказмоқчи бўлган руҳоний Григорий Михнов-Вайтенко инсулт билан касалхонага ётқизилган.

Бу ҳақда шаҳар Қонунчилик кенгаши депутати Борис Вишневский маълум қилди.

Ҳуқуқ фаоли ва Ҳаворийлар православ черкови архиепископи Михнов-Вайтенко Навалнийга бағишланган маросимни Троицк майдонидаги Соловец тоши ёнида ўтказмоқчи бўлган.

Руҳоний бу ҳақда 16 феврал оқшомида маълум қилган, эртасига эрталаб уни уйидан чиқаётган чоғда қўлга олганлар. Руҳоний 43-полиция бўлимига етказилган, оқшом вақти у ердан тез ёрдам машинасида олиб кетилган.

Салехард манзараси.
Салехард манзараси.

Манба: Навальний танасида чангак оқибатида қолган моматалоқлар бор

Сиёсатчи Алексей Навальнийнинг жасади Салехард округ касалхонаси моргида сақланмоқда, деб хабар берди 18 февраль куни "Новая газета Европа" ўз манбаларига таянган ҳолда.

Маҳаллий тез ёрдам ходими журналистларга моргни полиция қўриқлаётганини айтган. Унга кўра, Навальний танасида чангак оқибатида юзага келадиган моматалоқлар борлиги аниқланган.

"Бундай моматалоқлар чангак оқибатида юзага келади. Кишининг томири тортишиб, қалтираб қолади. Атрофдагилар уни тинчлантиришга уринишига қарамай, чангак жуда оғриқли бўлади, бунинг ортидан танада қон қотиб қолиб, мана шундай моматалоқлар пайдо бўлади", - деб иқтибос келтирган газета тиббиёт ходими сўзларидан.

Манбанинг айтишича, Навальнийнинг кўкрак қисмида юракни билвосита массаж қилиш излари ҳам топилган. "Яъни уни жонлантиришга ҳаракат қилишган, у юрак тўхтаб қолиши оқибатида ўлган бўлиши эҳтимол. Лекин унинг юраги тўхташига нима сабаб бўлгани тўғрисида ҳозирча ҳеч ким ҳеч нарса айтмаяпти", - деди врач.

Хабарда айтилишича, ҳозирча Навальний жасади ёрилмаган, маҳаллий врачлар Москвадан мутахассислар келишини кутаётгани таҳмин қилинмоқда. Суд-тиббиёт экспертизаси ўтказилганидан сўнггина жасад Навальний яқинларига берилади. Агар қандайдир биоматериаллар Москвага экспертиза учун жўнатиладиган бўлса, бу жараён яна бир неча ҳафтага чўзилиши мумкин.

Аввалроқ Навальнийнинг онаси Людмила ва унинг адвокати Салехард моргига боргани, аммо морг ёпиқ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Навальнийнинг онасига телефон орқали мазкур моргда ўғлининг жасади йўқлигини айтишган. Хабарда айнан қайси морг ҳақида гап этаётгани аниқлаштирилмаган. Салехардда иккита морг бор.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Тергов қўмитаси ҳозирча сиёсатчининг ўлими сабаблари номаълум эканини, текширув якунланмагунига қадар жасад яқинларига берилмаслигини билдирган.

Хабарда таъкидланишича, Тергов қўмитаси айни пайтда адвокатларга «текширув якунлангани ва Навальний ўлимида криминал излари топилмагани»ни маълум қилган.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Юлия Навальная: Эримни Путин ўлдирди

Алексей Навальнийнинг хотини - Юлия Навальная марҳум эрининг ишинини давом эттиришини айтиб, видеомурожаат эълон қилди.

"Уч кун олдин Владимир Путин менинг эрим, Алексей Навальнийни ўлдирди", деб айтди Навальная X платформаси (собиқ Твиттер) да эълон қилган икки дақиқалик видеомурожаатида.

"Мен Алексей Навальнийнинг ишини давом эттираман. Сиз ва бизнинг мамлакатимиз учун курашни давом эттираман. Мен сизларни менинг ёнимда туришга чақираман. Нафақат ҳаммамизни эгаллаб олган ва қўйиб юбормаётган аччиқ қайғу ва туганмас азобни, балки ғазабингизни ҳам мен билан бўлишишингизни сўрайман. Ғазаб, жаҳл, бизнинг келажагимизни ўлдиришга журъат қилганларга нисбатан нафратингизни бўлишинг! Бугун оз иш қилиш уят эмас, ҳеч нарса қилмаслик уят! Сизни қўрқитишларига изн бериш уят!”

Навальная ўз мурожаатида россияликлар учун “Эркин, тинч, бахтли ва фаровон келажак керак”, деб таъкидлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG