Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Қирғизистонда мадрасаларга талаб ортмоқда. Жамоат фаоллари нимадан хавотирда?


Ўш вилоятидаги Сайида Ҳадича мадрасасининг талаба қизлари.
Ўш вилоятидаги Сайида Ҳадича мадрасасининг талаба қизлари.

Қирғизистонда диний таълимга талаб ортмоқда. Мамлакат диний мактабларда ўқийдиган қизлар сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринда. Аммо танқидчилар мадрасалар фаолияти зарур даражада тартибга солинмаган ва бу Қирғизистоннинг исломийлашувига олиб келади, дея хавотирга тушганлар.

Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги замонавий кўринишли чиройли мадрасада ўсмир ёшидаги икки қиз Қуръондан таҳсил олишмоқда. Улар ҳозиргина ўзлари қироат қилган арабча матнни тушунмасликларини тан олишади.

“Мен бунинг маъносини тушунмайман”, дейди талаба қизлардан бири ундан Рум сурасини изоҳлаб бериш сўралганида.

“Мен Набаъ сурасини ўқидим, – дейди иккинчи талаба. – Лекин маъносини ҳали тушунмайман”.

Қизлар мадрасаси ўқитувчиси Ибодат Можуева буни табиий деб ҳисоблайди.

“Мадрасада уч йил ўқиш тафсирни ўрганиш учун камлик қилади, – дея изоҳ беради у. – Аввало наҳв (араб тили грамматикаси)ни ўрганиш, кўп мутолаа қилиш ва шундан кейингина Қуръонни шарҳлашга ўтиш керак. Бу ерда тафсир ўргатилмайди”.

Ушбу суҳбат кечган мадраса Ўзганнинг Мирза-Ака қишлоғида бўлиб, Абдураим Қори номи билан аталади. Қирғизистонда бу каби диний мактаблар исломий таълим билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар марказида.

Бир тарафдан диний таълимга талаб ортмоқда, бунга, хусусан, ота-оналар қизларини “ислом қоидалари ва урф-одатини ҳурмат қиладиган келин қилиб тайёрлаш учун” мадрасаларга бераётгани ҳам сабаб бўлаётир.

Бошқа тарафдан эса, аксари норасмий бу мактаблар фаолияти давлат томонидан етарлича тартибга солинмаслиги, уларнинг молиявий манбалари, таълим бериш сифати ва дунёвий жамиятдан узилганлиги кўпчиликда хавотир уйғотмоқда. Айтилаётган фикрларга кўра, бу омиллар экстремистик ислом идеологларининг имкониятларини ошириши мумкин.

Мадрасалар “жуда ҳам кўп”ми?

Қирғизистон муфтияти маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда исломий таълим берувчи 130 ўқув муассасаси, жумладан, 9 йиллик ўрта мактабни тугатган қизлар қабул қилинадиган 34 та мадраса мавжуд. Қарийб 7 миллион аҳоли яшайдиган мамлакатда ҳар йили 6 мингдан зиёд қизлар диний таълим олишмоқда.

Қиёслаш учун: аҳолиси Қирғизистонникидан 3 баравар кўп бўлган қўшни Қозоғистонда атиги 12 та давлат мадрасаси бор, шундан фақат учтаси қизлар ва аёллар учун. 35 миллион аҳоли яшайдиган Ўзбекистонда эса бор-йўғи 15 та мадраса бўлиб, улар ҳам асосан, университет ёшидаги талабаларни ўқитишга мўлжалланган.

Ушбу рақамлар Қирғизистонда амалда эътиқод эркинлигига муносабат анча тоқатли эканини кўрсатмоқда. Бироқ, Диний ишлар бўйича давлат қўмитаси (ДИДҚ) собиқ раиси Ўразбек Мўлдалиев фикрича, мамлакатда мадрасалар “ҳаддан ташқари кўпайиб кетган”.

“Боз устига, уларда таълим сифати паст, – дейди Мўлдалиев. – Домлалар орасида билимлилари бор, аммо исломни тушунмайдиган чаламуллалар ҳам анчагина”.

200 нафар қиз бепул ўқийдиган ва яшайдиган Абдураим Қори мадрасаси ўз ўқув дастури билан фахрланади.

Бу ерда қизлар уч йиллик ўқиш даврида диний таълимдан ташқари, компьютер саводхонлиги асослари, жумладан график дизайн, тикиш-бичиш, ошпазлик ва бошқа ҳунарларни ҳам ўрганишади.

Яқинда ушбу мадрасада бўлган Озодлик мухбири оқ ҳижоб ўраган ва қора кўйлак кийган ёш қизлар кулишиб, чақчақлашиб волейбол ўйнаганларига гувоҳ бўлди. Ўйинга эркак ўқитувчи ҳакамлик қилаётган эди.

Қизлар мактабида мобил телефонлар тақиқланган. Дам олиш кунларидан ташқари, синфхоналарда ҳам, ётоқхоналарда ҳам чироқ соат 23:00 да ўчирилади.

“Ётишдан олдин дуо ўқиймиз. Қизларни Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнгра қўлларини кўксига қўйганча ухлашга ўргатамиз”, дейди мадраса қошидаги ётоқхона мудираси Нозгул Рисқулова.

Мадрасалар дипломи “шариат илми асослари”дан дарс бериш ҳуқуқини беради. Аммо бу диплом билан яхши иш топиш имкони жуда чекланган.

Диний мактаблар дипломи дунёвий университетлар учун ҳам бирон қийматга эга эмас. Абдураим Қори мадрасаси асосчиси Абдураҳмон Отабоев айрим битирувчилар университетларда ҳам ўқиб чиқиб, дунёвий мактабларда ҳам дарс беришаётганини айтади.

“Бузғунчилик бўлса, дарров хабар топамиз”

Отабоев Озодлик мухбирининг молиявий масалаларга оид саволларига жавоб бераркан, аниқ маълумотлар келтирмади ва мадраса маҳаллий манбалардан молияланишини ва “йирик ҳомийси йўқ”лигини айтиш билан чекланди. Унинг айтишича, мадрасани пул билан таъминлашда “маҳаллий оқсоқоллар ва йигитлар”нинг катта ҳиссаси бор.

Қирғизистондаги қатор диний мактаблар Форс кўрфази давлатларининг маблағлари ҳисобига қурилган. Араб давлатларининг ўз таъсирини кенгайтиришга интилиб, диний мактабларга ҳомийлик қилаётгани қирғиз жамиятида исломнинг бошқа мазҳаблари ёйилишига олиб келади, деган хавотирлар бор. Қирғизистон муфтийлиги эса мўътадил Ханафия мазҳабига таянади.

Яна бир қанча мактабларни аҳолининг исломга қизиқишидан фойдаланиб, улар орасида обрў орттиришни кўзлаган маҳаллий сиёсатчилар қуриб беришган.

Қирғизистон хавфсизлик хизматлари вақти-вақти билан диний таълим берувчи муассасалар фаолиятини текшириб, лицензиясиз, яширин ишлаётган мадрасаларни аниқлагани ёки айрим мадрасаларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилгани ҳақида ахборот бериб туради.

Март ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Қирғизистон муфтияти рухсат бермаган адабиётлар асосида 6–9 ёшли болаларга диний таълим берилган ҳужра аниқланганини маълум қилган эди.

МХДҚ хабарномасида айтилишича, мадрасада болаларга дарс берган эркакнинг диний маълумоти бўлмаган, ўқувчи болаларнинг аксари эса оддий мактабга қатнамаганлар. Ҳужра очган эркак 85 АҚШ долларига тенг миқдорда жаримага тортилган, аммо унга қамоқ жазоси хавф солмайди.

2023 йилда МХДҚ “қурилиш, санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани, шунингдек диний мактаблар учун мўлжалланган ягона таълим стандартларига риоя қилинмагани учун” Ўш вилоятидаги 12 та исломий таълим мактабини ёпгани ҳақида баёнот берган эди.

Қўмитанинг юқори мартабали мулозими Замир Қожомбердиев ушбу ўқув муассасалари “камчиликлар бартараф этилганидан сўнг”, яна очилганини атади. Унинг фикрича, ҳукумат мадрасалар фаолиятини тартибга солиш масаласида ўз ёндашувини ўзгартирмаслиги керак.

“Агар мадрасаларда кимдир бузғунчиликка чақирса ёки экстремистик ғояларни тарғиб қилса, биз албатта хабар топамиз. Чунки мадрасаларда ишлайдиганлар Қирғизистон фуқаролари, ватанпарвар одамлар. Улар бузғунчилик бўлса, бу ҳақда очиқ гапиришади, бунақа нарсаларга улар ўзлари ҳам қарши”, дейди Қожомбердиев.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

“Тарбиявий соатлар”

Бу жавоб диний таълим танқидчиларини сира қониқтирмайди. Хусусан, мадрасалар фаолиятини кузатувчи Ensan-Diamond нотижорат ташкилоти раҳари Жамила Қапарова айрим мадрасалар чет тилларни ўргатишга ихтисослашган хусусий ўқув муассасаси сифатида рўйхатдан ўтгани ва уларнинг ҳужжатларида диний таълим ҳақида гап-сўз йўқлигини айтади.

Қапаровага кўра, айрим мадрасалар таълим хайрия маблағлари ҳисобига бепул олиб борилишини иддао қилишгани билан, талабалардан ҳар ой маълум миқдорда тўлов ундиришади.

Озодлик суҳбатдоши диний таълим сифатига оид хавотирларда жон бор, деб ҳисоблайди. “Бир мадрасада бўлганимда талаба қизларга “тарбиявий соат” ўтилаётган экан. Ўқитувчининг маърузаси асосан, қанақа хотин ва келин бўлиш, эрнинг хонадонига қандай хизмат қилиш ҳақида эди. Менимча, уларга берилаётган таълим деярли шунақа нарсалардан иборат бўлиб қолмоқда”, дейди эксперт.

Қирғизистондаги мадрасалар тизимига оид хавотирлар Женевадаги “Булан” Тинч инновациялар институтининг 2019 йилги ҳисоботида ҳам тилга олинган эд. Унда институт раҳбари, Қирғизистонда туғилган Чўлпон Ўрозбекова “тизимни зудлик билан ислоҳ қилиш”га чақирган.

Бироқ “Булан” институтининг мадрасалар дастурига дунёвий фанларни киритиш, диний ҳам дунёвий маълумотли ўқитувчиларни жалб этиш каби асосий тавсиялари қоғозда қолиб кетмоқда.

Мадрасалардаги таълим савияси билан боғлиқ хавотирлар ислом ҳамжамияти ичида ҳам бор.

Мусулмон аёллар билан ишловчи “Мутакаллим” нотижорат ташкилоти раҳбари Жамал Фронтбек қизи мадрасаларни ўқув дастурига математика, физика ва жамиятшунослик каби фанларни киритишга чақиради. “Токи мадрасани тамомлаган қизлар ташқи дунёга яхшироқ тайёрлансинлар, гиперконсервати ва экстремистик мафкура олдида ожиз бўлиб қолмасинлар”, дея изоҳ беради у.

Жамаланинг ташкилоти ҳукумат билан ҳамкорлик қилади, Ғарбнинг донор ташкилотларидан ҳам грантлар олади.

“Бир лойиҳа доирасида 12 та мадрасада жамиятшунослик дарсларини жорий қилган эдик. Аммо лойиҳа тугаганидан сўнг айрим мадрасалар бу фанни ўқитмай қўйди”, дейди у.

Қизлар мадрасалари ўзининг жамоавий миссиясини уддалай олмаётганини тасдиқловчи кўрсаткичлардан бири – ушбу таълим муассасаларини ташлаб кетаётганлар сони кўплигидир.

Ўш шаҳридаги мадрасалардан бирининг директори айтишича, кўплаб талаба қизлар турли сабабларга кўра ўқишни битирмасдан мадрасани тарк этадилар. Масалан, турмушга чиқишади, иш топишга мажбур бўлишади ёки ўқишни эплай олишмайди.

“Бизнинг асосий мақсадимиз – қизларни ота-онасини ҳурмат қилишга, қалбини пок тутишга ўргатиш, жамиятга ўз ватанини севадиган яхши инсонларни етиштириб беришлари учун бўлажак оналарни тарбиялаш”, дейди “Саида Ҳадича” номли қизлар мактаби директори Жанара Мақсутова.

Озодлик билан гаплашган ушбу мадраса қизлари охиригача ўқишга қатъий аҳд қилганларини айтишди.

“Келажакда араб тили муаллимаси бўлмоқчиман, – дейди Маҳбуба Абазова исмли талаба қиз. – Худо хоҳласа, икки йилдан сўнг ҳофизи Қуръон бўлиб етишаман”.

Форум

XS
SM
MD
LG