Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:15

Ислом қизлар таълимини тақиқламайди. Толибон нега тақиқлади?


Аёллар таълими аҳамияти 200 дан ортиқ давлат ва ҳудудларда, жумладан, 50 га яқин мусулмон давлатларида тан олинади.

Аммо Афғонистондаги муросасиз исломий Толибон икки йил аввал ҳокимиятга қайтганидан бери ўсмир қизларни олтинчи синфдан кейин мактабда ўқишини тақиқлаб қўйди. Декабрь ойида тақиқ талаба қизларни ҳам қамраб олди.

Мамлакатдаги афғонларнинг саноқсиз норозиликлари, халқаро ҳамжамият босими ва мусулмон уламоларининг чақириқларига қарамай, фундаменталист Толибон етакчилари мактабларни қайта очмади.

Бу тақиқ Толибоннинг исломий талқини консерватив паштун қабилавий урф-одатлари асосида шакллангани сабаблими қўйилдими ёки юқори мартабали Толибон мафкурачилари исломни шундай тушунадими – бу масалада экспертлар фикри ҳар хил.

“Отасининг қизи”. Қизлар таълим олиши керак
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:33 0:00

Толибон етакчиларининг аксарияти этник паштунлар, сунний мусулмон клерикаллардир. Кўпчилик қўшни Покистондаги Деобанди мадрасасида таҳсил олган. Деобандизм 19-аср Британия мустамлакаси Ҳиндистонда ислом уйғониш ҳаракати сифатида пайдо бўлган. У сунний ҳанафий мазҳабига асосланган бўлиб, Афғонистон ва Покистондаги исломчилар орасида кенг таъсирга эга.

Қабилавий таъсирлар

Тажрибали афғон журналисти ва шарҳловчиси Сами Юсуфзайнинг таъкидлашича, Толибоннинг аёлларга нисбатан чекловлари Афғонистоннинг шарқи ва жанубидаги ижтимоий урф-одатлар ва маданий амалиётлардан келиб чиққан.

Толибон етакчиларининг аксарияти Покистон билан чегарадош бу ҳудудлардаги турли паштун қабилаларидан чиққан.

"Улар аёлнинг ўрни ё уйда ёки қабрда деб ҳисоблайди", - дейди Юсуфзай.

"Ҳозирги Толибон сиёсатчилари оилаларидаги аёллар ҳеч қачон таълим олмаган ва уйларини тарк этмаган", - дейди Юсуфзай.

У 1994 йил охирида Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида жангари исломий гуруҳга айланган Толибонни кузатиб келади.

«Бу аёллар ҳеч қачон ҳукумат ёки ноҳукумат ишлар билан шуғулланмаган», - дейди у.

Юсуфзайнинг айтишича, Толибон ана шу дунёқараш асосида шаклланган сиёсатини қўллаб-қувватловчи исломий таълимотларга таянади.

"Уларнинг асосий эътиқодига кўра, балоғат ёшига етган қизлар ҳеч қандай ҳолатда уйдан чиқмаслиги керак, – дейди у. – Шунинг учун улар ўқиш ёки ишлаш учун уйидан чиқаётган аёлларни ахлоқан бузуқ деб ҳисоблашади".

Тахминан 40 миллионлик мусулмон мамлакати Афғонистонда ҳуқуқ фаоллари Толибонни аёлларнинг таълим олиши, ишлаши ва ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб "гендер апартеидни" амалга ошираётганликда айбламоқда.

Аксарият мусулмонлар Ислом аёллар таълимига рухсат беради, деган фикрга қўшилади. Бироқ Толибон керакли шартлар асосида шароит яратилгандан кейингина таълим олишига рухсат берилишини эълон қилди.

Афғонистондаги деярли барча ўрта мактаблар жинс бўйича ажратилган ва Толибон ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг университетларда эркаклар ва аёллар ўртасида қатъий сегрегацияни жорий қилган эди.

Юсуфзайнинг айтишича, дунёдаги консерватив ва анъанавий мусулмон жамиятларида баъзи уламолар ҳам аёллар таълими, меҳнати ва жамият ҳаётидаги ролини чеклаш тарафдори. Аммо бу мамлакатлар ҳукуматлари одатда бундай ғояларга амал қилмайди.

Сўнгги йилларда энг консерватив сунний мусулмон давлатларидан бири – Саудия Арабистони аёлларга машина ҳайдашга ва эркак васийсиз кўчада юришга рухсат берди. Бу ўзгаришлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги ислоҳотларнинг бир қисми сифатида амалга оширилди.

Толибоннинг таълимни тақиқлаши бутун дунё мусулмонлари томонидан кенг кўламда қораланган.

“Толибоннинг аёллар таълимини тақиқлаши шариатга асосланмаган, аксинча, Ислом таълимотига зид бўлган маданий тарафкашликни акс эттиради”,- дейди АҚШдаги Мусулмонлар Жамоатчилик билан алоқалар кенгаши президенти Салам ал-Мараяти.

Унинг айтишича, “Ислом илмга чақиради, жинсидан қатъи назар, барча инсонларни билим олишга ундайди”.

Ёқуб Аҳмедов "Хилватдаги қизлар"ни тақиқлай олмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Тарихий зиддият

Аммо ислом уламолари ва Толибонни қизлар мактабларини қайта очишга ундаганлар бошқача изоҳ беришади.

Исломий уламо ва Би-би-сининг собиқ телебошловчиси Жон Муҳаммад Батт Ҳиндистоннинг Дарул Улум Деобанди мактабини тамомлаган ягона ғарблик. У Толибоннинг қизлар таълими бўйича сиёсати қабилавий эмас, балки замонавий таълим борасидаги бир асрлик зиддият туфайли шаклланганини таъкидлайди.

"Муаммо шундаки, Афғонистонда қизлар таълими ва умуман замонавий таълим дунёвийлик кун тартибига мувофиқ жорий қилинган", - дейди у.

1920-йилларда консерватив клерикаллар, қабила ва жамоа етакчиларидан иборат коалиция ислоҳотчи қирол Омонуллахонни ағдарди. У Афғонистонни турк етакчиси Камол Отатурк каби дунёвий руҳида модернизация қилишни хоҳлаган ва замонавий таълим ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган эди.

Замонавийлик ва дунёвийликка бу тахлит қаршилик давом этди ва консерватив клерикаллар аёлларнинг таълим ва меҳнатига қарши эдилар. Аёллар таълимига қаршилик 1978 йил апрелдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг, советларга хайрихоҳ Афғонистон коммунистик ҳукуматига қарши исломий мухолифатнинг асосий рамзига айланди. Мужоҳидлар коммунистларни аёллар таълими ва ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали ахлоқсизликни тарқатишда айбладилар.

"Бу Афғонистондаги консерватив доираларда қизларнинг таълим олишига нисбатан алоҳида хавотирларга сабаб бўлди", - дейди Батт.

«Чуқур мафкуравий эътиқод»

Афғонистондаги Америка университетининг сиёсатшунослик профессори Убайдулла Баҳир ўтган йили Толибон билан гаплашиб, тақиқни бекор қилиш ҳаракатларида иштирок этган.

Аммо унинг айтишича, уриниш муваффақиятсизликка учраган, чунки бу тақиқ Толибоннинг амалдаги олий раҳбари Мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг "чуқур мафкуравий эътиқоди»дан келиб чиққан.

Баҳирнинг айтишича, энг кўзга кўринган Толибон етакчилари Покистон мадрасаларида таҳсил олган ва шунинг учун қишлоқ ва қабила ҳаётидан узилган.

"Улар Деобанди мактабидан таъсирланган, шунинг учун энди улар афғонларга исломнинг энг қаттиқ версиясини мажбуран тиқиштирмоқда",- дейди у.

Унинг таъкидлашича, қизлар мактабларини тақиқлаш Охундзода томонидан қўллаб-қувватланган сиёсатдир ва у Толибон бош қозиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийнинг "Ислом амирлиги ва унинг тизими" китобини ҳам маъқуллаган. Ушбу китобда Ҳаққоний Муҳаммад пайғамбарнинг аёлларидан бири Савдо бинт Замъа вафотига қадар уйдан чиқмаганини асос қилиб олган.

Баҳирнинг айтишича, Ҳаққоний пайғамбарнинг кўплаб соҳаларида ижтимоий фаол рол ўйнаган бошқа аёлларини шунчаки эътибордан четда қолдирган.

“Бу фикрни барча Толибон етакчилари ҳам қўллаб-қувватламайди, аммо ҳозирги ҳокими мутлақ Толибон амири бунга ишонганга ўхшайди”, -деди у.

Баттнинг айтишича, ҳатто Ҳаққоний ҳам қайси ишники қилиш аёллар зиммасида бўлса, уни ўрганиш ҳам аёллар зиммасида эканини тан олади.

“Умид қиламанки, яқин келажакда Толибон ҳукумати аёллар таълими афғон аёлларини яхшироқ муслимага айлантиришини тушунади, – дейди у. – Бу уларга ўз мамлакати фаровонлигига кўпроқ ҳисса қўшиш имконини беради.»

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Том Уэст яқинда Twitter'да афғон аёллари таълим олиши ва ўз мамлакатлари иқтисодиётга ҳисса қўшиши кераклигини айтди.

"Агар сиёсатда ўзгаришлар амалга оширилса, бу чет эл талаби билан эмас, балки афғонлар талаби билан бўлади", деб ёзди у.

Форум

XS
SM
MD
LG