Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

"Мамлакат имижига зарба". Покистонлик талабалар Қирғизистонни тарк этмоқда


Покистонда Қирғизистондаги талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаби билан ўтказилган намойиш - 18 май, 2024
Покистонда Қирғизистондаги талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаби билан ўтказилган намойиш - 18 май, 2024

Ўтган ҳафта Бишкекда ҳиндистонлик ва покистонлик талабаларга нисбатан уюштирилган зўравонликлардан сўнг, юзлаб покистонлик талабалар Қирғизистонни тарк этди.

Юз берган тартибсизликлар ортидан Қирғизистондаги АҚШ ҳамда Туркия элчихоналари ўз фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди.

Сўнгги кўнгилсизликлар Қирғизистоннинг чет элликлар учун хавфсиз жой сифатидаги обрўсига путур етказибгина қолмай, уни даромад манбаидан ҳам маҳрум қилиши мумкин.

Қирғизистон расмийларининг айтишича, мамлакатда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ҳар йили иқтисодиётга 180 миллион долларгача фойда келтиради.

Бишкекда оломон хорижликларга ҳужум қилди - ўнлаб одам яраланган, 4 киши ҳибсда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00

Қирғизистон таълим вазири ўринбосари Расул Абазбек-уулунинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда пост совет ҳудудидан бўлмаган 28 мингга яқин талаба таҳсил олади. Халқаро талабаларнинг катта қисми, яъни 24,000 га яқини - Ҳиндистон ва Покистондан бўлиб, улар асосан тиббиёт йўналишида, йилига 3000 минг доллар контракт тўлаб ўқийди.

«Бу ерда яшовчи хорижлик талабалар такси, ресторан ва сартарошхона хизматларидан фойдаланиб, мамлакатимизда пул сарфлашади. Улар ҳар йили иқтисодиётимизга 136 миллион доллардан 181,4 миллион долларгача фойда келтирмоқда», — дея таъкидлайди таълим вазири.

Расмий статистик маълумотларга ишонилса, Қирғизистондаги хорижлик талабаларнинг умумий сони 60 мингга яқинни ташкил этади. Уларнинг каттагина қисми собиқ иттифоқ республикаларидан келган талабалардир. Ўзбекистондан 24,5 мингга яқин, Россия ва Қозоғистондан 2000 дан ортиқ талаба қирғиз олийгоҳларида таҳсил олади.

Қўшни давлатлардан келган талабалар асосан, рус ва қирғиз тилларидаги факультетларда таҳсил олади. Бу инглиз тили курсларига қараганда бирмунча арзонроқ.

Абазбек-уулунинг айтишича, пойтахтдаги талабалар ётоқхонасига қилинган ҳужумлар Қирғизистоннинг хорижлик талабалар учун «таълим маркази» сифатидаги обрўсига путур етказади.

Қирғизистондаги чет эллик талабалар сони сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада ошган. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2012-13 ўқув йилида Қирғизистонда 11300 га яқин хорижлик, жумладан Қозоғистондан 4457 ва Ҳиндистондан 1140 га яқин, Покистондан 778 нафар чет эл фуқароси таҳсил олган.

Абазбек-уулу ўз таълим тизими ва иқтисодини кўтариш учун хорижлик талабаларни жалб қилишга уринаётган давлатлар ўртасидаги кескин «рақобат» ҳақида ҳам гапирди.

Қирғизистон ва унинг Марказий Осиёдаги қўшнилари Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳлари контракт тўловлари ва яшаш харажатлари нисбатан пастлиги ҳамда соддалаштирилган виза режими туфайли ҳинд ва покистонлик талабалар орасида тобора оммалашиб бормоқда.

Ҳиндистон ва Покистонда тиббиёт энг обрўли ҳамда ва яхши ҳақ тўланадиган соҳалар сирасига киради.

Бошқа Осиё давлатлари ва Ғарб мамлакатларида ўқиш тўловлари анча юқори.

Тўқсон фоизи ўзбекистонлик. Қирғиз ОТМлари ўзбек талабаларни нимаси билан ўзига тортяпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:34 0:00


Қирғизистондаги «Оазис» жамғармаси раҳбари Меэрим Осмоналиеванинг айтишича, Бишкекдаги хорижлик талабаларга қилинган ҳужумлардан кейин мамлакатга ўз имиджини тиклаш учун «узоқ вақт» керак бўлади.

«Қирғизистон меҳмондўст мамлакат. Мамлакатимиз обрўсига путур етаётгани уятли ҳолат. Юртимиз имижини тиклаш кўп вақт талаб этади», дейди у Озодлик радиоси қирғиз хизматига.

2021 йилда Халқаро Миграция Ташкилоти томонидан ўтказилган сўров шуни кўрсатадики, қирғизистонликларнинг аксарияти ўз мамлакатига хорижлик талабалар ва муҳожирларни қабул қилишни маъқуллаб, бу Қирғизистонга ижобий таъсир кўрсатишини билдирган.

Респондентларнинг 80-90 фоизи хорижликлар иқтисодиётга сармоя олиб келиш билан бир қаторда халқнинг чет тиллари ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқишини оширади, шу билан бирга янги бизнес ва сармоявий имкониятлар яратади, дея фикр билдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG