Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

"Ёмоннинг кучи япалоққа етибди". Тармоқлар Тошкент ҳокимининг "феодалча" пўписаси ҳақида


Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов.

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг Юнусобод туманидаги дўконда ўтказган “рейд”и ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама мавзусига айланди.

2023 йил март ойидан буён пойтахтни идора этиб келаётган Умурзоқов жамоатчиликка кам кўриниш берадиган, оммавий ахборот воситаларидан ўзини олиб қочадиган мулозим ўлароқ таърифланади.

Ҳокимлик матбуот хизмати хабарига кўра, Юнусобод тумани Собиробод маҳалласидаги муаммоларни ўрганган Шавкат Умурзоқов ҳудуддаги савдо объектлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермаслиги, дўконларда айниган сабзавот ва мевалар сотилаётганига эътибор қаратган.

“Мана, нима сотвотти аҳолига, мана, кўринг! Қани СЭС, қани солиқ?! Бяҳки, қаққа қаравоссилар?! Нима, эртага одамлар отравление бўлсинми?!” дея дўконда “моғорлаган ўрик” ва “суви чиқиб кетган олма” сотилаётганини “кўча услуби”да танқид қилади ҳоким тармоққа сиздирилган видеолавҳада.

Амалдорнинг қўл остидагиларга “феодалларча” муомала қилгани, мева солинган қутини отиб юбориши фаолларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

“Ўзбекистон пойтахти бўлган Тошкент ҳокимининг муомаласини қаранг: “Бяҳки, нима бу? Қаққа қаравоссан?” Умуман ҳокимнинг МЧЖ эгасига ёки сотувчига шундай муомала қилишга, маҳсулотини олиб қўполлик билан улоқтиришга ҳақ-ҳуқуқи борми? Аслида, биз ҳокимга Тошкентга қараяпсанми ўзи, деб ўдағайлашга ҳақлимиз. У биз учун хизмат қилиши керак шунинг учун ҳам солиқлар тўлаяпмиз”, деб ёзди журналист Анора Содиқова.

Журналист Шарофиддин Тўлаганов фикрича, “шаҳар ёки туман хокимининг хусусий дўкон(лар)га кириб, у ердаги маҳсулотлар сифати ҳақида қизиқиши ва қўл остидаги амалдорларга топшириқ бериши ва уни ижтимоий тармоқларга жойлашиши ўта кулгили. Бу пиардан бошқа нарса эмас. Одамларнинг энсасини қотирадиган бу каби ҳодиса(лар) Шимолий Корея ва Туркманистондагина бўлиши мумкин”.

“Ҳокимнинг тўғридан-тўғри мажбуриятлари қолиб тадбиркорнинг ўригига ёпишиши умуман мантиққа тўғри келмайди. Ҳокимиятнинг Телеграм каналига бир кунда мингдан ошиқ муаммо билан мурожат қилишади. Ҳокимнинг тўғридан-тўғри вазифаси шу муаммоларни бартараф қилиш эмасми?” дейди Туробжон Салимов.

“Кун кўрмаган кун кўрса, кундуз куни чироқ ёқармиш, дегандек бўлибди”, дея тагмаъноли луқма ёзди тарихчи олим Шуҳрат Барлос.
“Ёмоннинг кучи япалоққа етибди”, дея халқ мақолини ёдга олди Матчон Султонов.

“Барибир прокурорлигига боради-да ҳоким бўлса ҳам”, деб ёзди журналист Миролим Исажонов пойтахт раҳбари муқаддам узоқ йил прокуратура тизимида ишлаганига шама қилиб.

Аксар фаоллар Тошкент ҳокимига сифатсиз мева олди-сотдиси билан эмас, балки нобоп йўллар, электр энергия ва газ узилишлари, чириган канализация қувурлари, ноқонуний қурилишлар, аёвсиз дарахткушлик каби долзарб муаммоларга эътибор қаратишни тавсия қилган.

“Юнусободда шу чириган ўрик ва олмадан ҳам бошқа каттароқ муаммолар бор эди лекин”, дейди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

“Шаҳар ҳокимининг режаларида: асфальт қилинмаган йўллар ва бетон қилиниб дабдаласи чиққан тротуарлар, йўл ўтказгичларида ишламайдиган лифтлар, ўрнатилмаган чиқинди челаклар, ишламайдиган дренаж тизими ва яна +100500 та ўз зиммаларидаги муаммоларни текшириш бормикан?” дея савол қўйди блогер Умид Ғафуров.

“Юнусободни сув босиб, “Сквер”даги катта дарахтлар кесилиб кетсаям майли. Муҳими – чириган ўрик сотмаларинг!!!” дея кинояли пост қолдирди журналист Аброр Зоҳидов.

“Шунча йил яшаб, биронта одам айниган олма ёки айниган ўрик еб ўлганини эшитмадим. Лекин Ҳиндистоннинг сифатсиз дорилари сабаб ўнлаб болалар ўлганига шоҳидман”, дея мулозимни қамровни кенгроқ олишга ундади Аҳмад исмли фойдаланувчи.

“Шу “брат”нинг (пойтахт ҳокими назарда тутилмоқда – таҳр.) муборак пойи қадамлари фақат шу дўкон билан чекланмасдан бошқа антисанитар жойларга ҳам ташриф айлаб туришларини илтимос қилардим. Масалан, Тошкент бозорларида об-ҳавога қарайдиган ўзига хос монопол идоралари бор. Муниципиал активларни бошқариш ДУК деб аталади. Шу ДУК қилаётган ишларидан воқиф эмаслар десам, кунда-кунора Фарҳод бозоридан ўтадилар. Шундо “Мерс”дан сакраб икки қадам қўйсалар, ҳақиқий антисанитар ҳолатларни кўрардилар”, деб ёзди Телеграмдаги “Telegraf.uz” канали.

Аксар блогерлар пойтахт раҳбарини бозор иқтисодиёти қонуниятларини тушунмаслик ва шахсий мулк дахлсизлигини бузишда айблаган.

Бошқа бир гуруҳ фаоллар фикрича, муаммо Умурзоқовнинг шахсиятида эмас, балки тизимда.

“Агар ҳокимлар сайлов йўли билан раҳбарликка келса, уларнинг иш услуби ҳам, одамларга ва қўл остидагиларга муомаласи ҳам ўзгаради, шаҳар “катта холасининг уйи” эмаслигини тушуниб ётади”, деб ёзди Муродхўжа Азимхўжаев.

Форум

XS
SM
MD
LG