Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:41

"Қотил", "шумқадам", "гўрсўхта.." Тармоқлар Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида


Президент Мирзиёев Тошкент аэропортида президент Путинни қарши олмоқда. 26 май, 2024. Кремль матбуот хизмати.
Президент Мирзиёев Тошкент аэропортида президент Путинни қарши олмоқда. 26 май, 2024. Кремль матбуот хизмати.

Россия президенти Владимир Путин бешинчи муддат президентликка сайланганидан икки ҳафта ўтиб давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

Бу Путиннинг Хитой ва Беларусга ташрифидан кейин учинчи хорижий сафаридир.

Тошкентда Путин ташрифига фавқулодда тайёргарлик кўрилган, президент Шавкат Мирзиёев Россия раҳбарини Тошкент аэропортида шахсан қарши олди.

Украинага агрессия сабаб Ғарб санкциялари остида қолган Путин Россияси учун Ўзбекистон, халқаро сурштирувчиларга кўра, санкцияга тушган товарлар Россияга экспорт қилинадиган асосий давлатлардан бирига айланган.

Уруш жиноятларида гумон қилиниб Халқаро жиноят суди томонидан қидирувга берилган Путиннинг борадиган жойи кўп эмас.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди 2023 йил март ойида Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор деб кўрилган Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергани ортидан Россиянинг амалдаги президенти Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилмаган.

Газ: "Путинга ўлгунча қарамлик"- Тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:17 0:00

Ўзбекистон Рим статутини ратификация қилмаган. Бу Ҳаага суди ордер чиқарганидан буён Путиннинг Ўзбекистонга илк сафари бўлади. У Ўзбекистонга сўнгги бор 2022 йил сентябрида — ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун келганди.

"Ғарб санкцияларига тушиб қолмасак гўрга эди"

Ижтимоий тармоқларда ушбу ташриф умумият-ла нохуш кайфиятда қаршиланганини кузатиш мумкин. Тармоқ фаоллари ҳам очиқ тарзда, ҳам ишоралар билан “шимоллик меҳмон”нинг “қадами бехосият келгани” ҳақида ёзди.

“Ўзиям, амалиям, қадамиям совуғ-е бу гўрсўхтанинг. Майнинг 26-кунида футболкада юриб совқотдим”, деб ёзғирди журналист Муслим Мирзажонов.

“Қотил... Афсуски, бошқа иложимиз йўқ, миттигина давлатмиз”, дея қисқа пост қолдирди блогер Худойберди Зоминий.

“Шимоллик” меҳмон келишини ташриф эмас, таҳқир деб атагим келади. Чунки бу визит бизни шарафлантирмаслиги аниқ”, деб ёзди диний уламо Мубашшир Аҳмад.

Ташриф арафасида Тошкентда хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчиларга “кенг миқёсдаги халқаро тадбирлар ўтказилиши ҳамда айрим кўчаларда ободонлаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари давом этаётгани” муносабати билан 26-27 май кунлари пойтахтга келмасликни тавсия этди.

“Бунақасини биринчи марта кўришим. Тавба, тавба”, дея ҳолатга муносабат билдирди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Тармоқ фаоли Дима Қаюм “гап эгасини топади” қабилида Фейсбукдаги саҳифасига марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Чўчқалар” деб номланган шеърини қўйди.

Таҳлилчи Сардор Салим эса “Ўзбекистон – Россия: 160 йилдан бери жиддий синовларда тобланаётган стратегик шериклик ва иттифоқчилик” деган тагсўз билан Бухоронинг вассал амири ҳамда оқпошшо Николай Иккинчи суратини чоп этди.

Ўзбекистонлик аксар фаоллар босқинчилик уруши сабаб яккаланиб қолган Кремль хўжайини билан масофа сақлаш керак деган фикрда.
“Путин Россиясидан узоқроқ юришимиз керак. У билан ош-қатиқ бўлиб, Ғарб санкцияларига тушиб қолмасак гўрга эди”, дейди Азиз Тўхтаров исмли фойдаланувчи.

“Қизиқ, Халқаро жиноят судига бугун тезлаштирилган тартибда аъзо бўлсак нима бўларди?” деган фаразни илгари сурди эксперт Комил Жалилов Путинни ҳибсга олишга доир ордерга шама қилиб.

Тармоқ фаоллари “Ўз халқига адолат қилмаган диктатор бошқа миллат, бошқа давлат ва бошқа диндагиларга ҳам адолат қилмайди” деган тўхтамда.

Блогер ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов эса ҳозирги вазиятда “лўлининг эшагини суғориб пулини олиш” керак деб ҳисоблайди.

“Интернетда Путинни сўкиб ётишибди. Тўғри қилишади. Ўзбек халқининг урушга реакциясини у ва унинг атрофи билиши керак. Бироқ бу ишларга давлат амалдорлари қўшилиши, йўқ жойдан дипломатик конфликт пайдо қилишини хоҳламайман. Алдаб-сулдаб айни вақтда санкциялар сабаб ресурс қидираётганларнинг пулини олиш керак”, дейди блогер.

Отабек Мирзабеков ОАВ орқали жамоатчиликнинг Кремлга нисбатан нафратини сўндиришга уриниш бўлганига эътибор қаратган.

“Эътибор бердингизми, барча оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Россия билан қанчалик яхши алоқада экани, Россия энг катта бизнес ҳамкоримиз экани тўғрисида ахборот сиздирилди, деярли барчасига...” деб ёзди у.

Россия билан муносабатлар совуқлашмаслиги тарафдори бўлганлар кўпинча ушбу мамлакатда ўзбекистонлик бир неча миллион меҳнат муҳожири рўзғор тебратаётганини дастак ўлароқ келтиради. Аммо таҳлилчи Анвар Назир Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар учун истиқбол йўқлигини таъкидлади.

“Путиннинг келиши билан вазият шундай: мамлакатимизнинг Россия билан барча муносабатлари деярли тугади деса бўлади. Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларини Россия иқтисодиётининг турли соҳаларидан, ҳатто меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёж фонида ҳам ҳайдаб чиқармоқда. Россия билан саноат ҳамкорлигининг имкони йўқ, чунки Россиянинг бутун саноати ҳарбий йўлга, яъни қурол ишлаб чиқаришга ўтмоқда ва бу ерда Ўзбекистон ўзига фойда келтира олмайди”, деб ёзди Анвар Назир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Форум

XS
SM
MD
LG