Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:18

Янги парламентга эскича сайлов


Ўзбекистонда парламент сайловлари 27 октябрда ўтказилиши эълон қилинди.
Ўзбекистонда парламент сайловлари 27 октябрда ўтказилиши эълон қилинди.

Ўзбекистонда парламент сайловлари 27 октябрда ўтказилади. Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини эълон қилди.

Бу Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрида, собиқ президент Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келганидан буён иккинчи парламент сайлови бўлади.

Ўзбекистонда сўнгги 30 йил мобайнида парламентлар "чўнтак партия"ларидан шакллантирилган парламентлар деб кўриб келинди.

Уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни сезилмаган. Шавкат Мирзиёев 2016 йилда иқтидорга келганидан кейин шакллантирилган парламентда ҳам ҳукуматга чин мухолиф кучлар кўринмади.

Ўзбекистон ичидаги ягона мухолифатчи Хидирназар Оллоқулов ўзининг "Ҳақиқат ва Тараққиёт" номли партиясини рўйхатдан ўтказиш уринишлари қаттиқ босимлар ва жисмоний ҳужумлар манзарасида, муваффақиятсиз бўлган.

“Октябр ойида сайловлар бўлиши керак. Лекин, мамлакатда бу катта сиёсий тадбирда сукунат, жимлик. Ижтимоий тармоқларга қарасангиз Туркиядаги сайловлар кенг муҳокама қилинди. Ҳозир ноябр ойида бўладиган АҚШдаги сайлов муҳокама бўлиб ётибди. Лекин мамлакатимизда уч ойдан кейин бўладиган сайловлар ҳусусида жимлик, сукунат. Шундай шароитда сайловдан нима кутиш мумкин? Мирзиёевнинг аввалги сайловларидай яна ёлғон сайлов бўлади, бошқа нимани кутиш мумкин?”, - дейди Оллоқулов.

Мирзиёевнинг "конструктив мухолифат" ҳақидаги ваъдаси

Ўтган йили 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очувчи конституциявий ўзгаришлардан сўнг ўтказилган рақобатсиз сайловда амалда учинчи муддатга президент этиб сайланган Мирзиёев ўзининг қасамёд нутқида "конструктив мухолифат" иборасини тилга олиб, демократик ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган эди.

“Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз”.

“Биз конструктив мухолифат – такрор айтаман, конструктив мухолифат – сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлаймиз”, деганди президент Шавкат Мирзиёев.

Лекин, шунга қарамай, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими ҳануз авторитар бўлиб қолмоқда.

Оллоқуловнинг айтишича, бу галги сайловларда ҳам катта эҳтимол билан мухолифат вакилларининг сайловга қўйилмаслигини таҳмин қилиш мумкин.

“Сабаби, тузум коррупцияга асосланган. Авторитар тузум шунинг учун мухолифат истамайди, мухолиф партиялар майдонга чиқишини, сиёсий майдонда рақобат бўлишини , сайловчиларда танлов ҳуқуқи бўлишини шунинг учун истамайди”, - дейди Оллоқулов.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, парламент ва маҳаллий сайловларда фақат мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган партияларгина иштирок этади.

Айни пайтда мамлакат бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партиялардир.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” партияларини ўзбек расмийлари амалдаги партия ўлароқ тан олмай келишади.

Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас.

Шунингдек, профессор Хидирназар Оллоқулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича 2021 йилдан буён амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.

“Бизни мухолиф ҳаракат тузишимизга тиш- тирноғи билан қаршилик қилиняпти, тазйиқлар кучайса кучайганки, камаймаган. Биз икки марта мухолиф партия сифатида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилдик. Мана учинчи марта ҳам ҳаракат қиляпмиз, лекин булар тиш-тирноғи билан қаршилик қиляпти”, дейди Оллоқулов.

Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлис - олий давлат вакиллик, қонун чиқарувчи органидир.

Олий Мажлис 2 палата — ваколати 5 йил бўлган Қонунчилик (қуйи) палата ва Сенатдан иборат.

Қонунчилик палатаси ҳудудий, бир мандатли округлардан - умумий ва тўғридан-тўғри асосда яширин тарзда сайланган 150 депутатдан иборат.

Бунинг 15 нафари Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун ажратилган.

Сенати 100 (аммо янги қонунчиликка биноан 65) аъзо - Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан - 6 кишидан сайланган ҳамда фуқаролар орасидан Президент танлаган 16 (бундан буён 9) сенатордан иборат.

2023 йилнинг ноябридан, Ўзбекистонда аралаш сайлов тизими жорий этилди. 150 депутатнинг ярми умумхалқ сайлови, 75 нафари бир мандатли округдан мажоритар тарзда сайланади.

Диктаторлик режимларига хос парламент

“Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин баъзи депутатларда фаоллик кузатилди, лекин Мирзиёев ҳокимиятини танқид қилиши кузатилмади. Чунки бизда диктаторлик режими ва шунга хос парламент”, дейди АҚШда яшовчи сиёсатшунос Баҳодир Файз.

Ўзбекистон сиёсий ҳаётида мухолифатнинг ўрни муҳимлиги юзасидан баҳслар бошланган 2019 йил охирида амалдаги президент Мирзиёев бунга муносабат билдириб, “мухолифат мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши лозим”лигини урғулаган эди.

Бироқ ўшандан бери мавжуд беш партия фаолиятида мухолифатга хос бўлган, мавжуд иқтидорни танқид қилиб, муқобил бошқарув йўлларини таклиф қилган қадамлар қўйилмади.

“Ўзбекистонда парламент депутатларини ижроя ҳокимият тайинлаши ҳеч кимга сир эмас. Сайлов олдидан депутатлар рўйхати тузилади. Кейин оз вақт қолганда сайлов эълон қилинади ва ўша рўйхатдаги депутатлар Олий Мажлисга ўтади. Ҳозир ҳам шундай. Ҳозир ҳам бўлажак сайловларга рўйхат тузиляпти. Шунинг учун жим-жимжитлик. Команда берилганидан кейин, сайлов томошаси бошланади. Эски ҳаммом эски тос”, - дейди АҚШда яшовчи собиқ ўзбек мулозими Смаил Оспанов.

Шу тариқа, бу йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида парламент сайлови бўлади.

Бу олий давлат вакиллик органи - Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги 33 йиллик тарихида илк бор аралаш тизимда сайланади.

Бунга қадар айни тизим Қозоғистонда президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифи билан жорий этилди.

Ўтган йилнинг 19 мартида парламент сайловлари янги тизимда ўтди - Мажлис депутатларининг 70 фоизи партия рўйхатлари пропорционал тизими, 30 фоизи эса мажоритар тизим бўйича сайланди.

Аммо, вилоят ва йирик шаҳарлар депутатлари кенгашларидаги номзодларнинг ярми пропорционал, ярми мажоритар, вилоятлар масъуллари эса тўлиқ мажоритар тизим билан сайланди.

Ҳозир жамоатчиликни қизиқтираётган саволлардан бири - бу янгича сайловдан кейин Ўзбекистонда нима ўзгаради, деган саволдир.

“Дунё жамоатчилигида Мирзиёев ислоҳотчи президент деган ишонч бор эди. Лекин, бу ишонч 2018 йилдан бошлаб сўна бошлади, рейтингларда Ўзбекистон яна ортга қайта бошлади. Мана бу сайловлардан сўнг яна обрўси тушади”, - дейди Хидирназар Оллоқулов.

Ўзбекистон тарихида таркибида ҳақиқий сиёсий мухолифат фаоллари бор парламент ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида мамлакат мустақиллигини қабул қилган парламент бўлган.

У ҳали Горбачёв ошкоралиги даври сўнмаган пайт эди.

Ҳозирда АҚШда яшаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммад ўша пайтда парламент депутати эди.

“Ўзбекистон яқин келажагида парламентни роли у қадар кўринмайди. Бўладиган бу парламент сайловидан кейин ҳам. Шахсан мен шундай таҳмин қиламан. Лекин, истагим эркин сайловлар бўлиши”, - дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

Ўзбекистонда бу йил бўладиган парламент сайловлари - Ўзбекистон конституцияси 65 фоизга ўзгарган, қарийб тўлиқ янгиланганидан кейинги илк сайловлар бўлади.

Президент ташаббуси билан янгиланган конституция Шавкат Мирзиёевга 2037 йилгача ёки умрбод президентликда қолиш имконини берган.

Айни конституция янги сайланадиган парламент ва Сенатнинг янги раисига кенгайтирилган ваколатларни тақдим қилиши айтилган.

Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, мухолиф партияларга йўл бериш ҳақида гапирган, аммо ҳозиргача Каримовдан қолган сиёсий тузумни ўзгартириш йўлида бирон жиддий қадам қўйгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG