Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

"Рақобат йўқ". Ўзбек мухолифати ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш қарорини савол остига олмоқда


2019 йил декабридаги парламент сайловларини баҳолаган ЕХҲТ миссияси “нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини босолмагани”ни таъкидлаган эди. 
2019 йил декабридаги парламент сайловларини баҳолаган ЕХҲТ миссияси “нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини босолмагани”ни таъкидлаган эди. 

Ўзбекистонда президентликка номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси душанба куни эълон қилган оралиқ ҳисоботида айтилади.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон сайлов қонунчилигини ислоҳ қилиш жараёнида ДИИҲБнинг қатор тавсияларини инобатга олган, аммо фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, сайлов ҳуқуқларини чеклаш ва мустақил номзодларни кўрсатишга тақиқларни олиб ташлаш билан боғлиқ тавсиялар бажарилмаган.

ДИИҲБ ҳисоботида, шунингдек, журналист ва блогерларни қўрқитиш ва таъқиб қилиш, ОАВ учун тақиқлашга мойил қонун ҳужжатлари ва баъзи халқаро ОАВ органлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг веб-сайтларини ёпиш каби ҳануз давом этаётган амалиётлар борасида ҳам шикоятлар бўлгани айтилган.

ЕХҲТ ўтган ой Оуэн Мерфи бошчилигидаги 26 давлатдан танлаб олинган кузатув миссиясини Ўзбекистонга жўнатганди.

Ташкилот Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистондаги парламент ва президент сайловларига чекланган ёки баҳоловчи миссиясини юбориш билан кифояланган, аммо Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йил декабридаги президент ҳамда 2019 йилдаги парламент сайловларига тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юборган эди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини баҳолаган ЕХҲТ миссияси “нисбатан эркин матбуот мухолифатнинг ўрнини босолмагани”ни таъкидлаган.

Аммо ўтган сайловлардаги ушбу муҳим камчилик, афтидан ташкилотнинг 24 октябрда ўтадиган президент сайловига тўлақонли миссия юборишига тўсқинлик қилмаган кўринади.

“Сайловсиз сайлов”

Айни пайтда сайловлардан четлатилган ўзбек мухолифати вакиллари ташкилотнинг оралиқ ҳисоботидаги танқидларни олқишлаган ҳолда, унинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш қарори борасида турлича фикр билдиришмоқда.

Шу йил ёзида Ўзбекистон Адлия вазирлиги "имзо тўплашдаги камчиликлар" важидан рўйхатга олишни рад этган “Хақиқат ва тараққёт” социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақулов Озодлик билан суҳбатда ЕХҲТ кузатув миссияси хулосасини олқишди:

“ЕХҲТ бир сўз билан айтганда, сайлов эмас бу, дебди. Бу ғирром сайлов экани олдиндан маълум эди. Менинг фикрим шундайки, улар шу ҳолатни ўз кўзи билан кўрмоқчи. Кўришсин, бу сайлов аслида сайлов эмаслигини. Шу жиҳатдан қараганда, кузатувчи бўлгани, кўп бўлгани яхши. Халқ норози эканини кўрсин. Уларнинг тўғри хулосаси зарур”, - дейди Аллақулов.

Сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев овоз бериш жараёнлари барча халқаро андозаларга мос ва демократик тарзда ўтишини айтган. Ўзбек расмийлари сайловларга мухолифат қўйилмагани. сайловчилар ҳақиқий танлов имкониятидан маҳрум экани ҳақидаги танқидларни рад этишадИ.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган ой Лондонга сафари чоғида сайловлар сўз эркинлиги ва демократик ўзгаришлар муҳитида ўтаётганини иддао қилган.

Би-Би-Си мухбирининг "Нега Ўзбекистонда афтидан табиий тарзда етилган янги мухолиф партия - "Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси номзоди Хидирназар Оллоқулов сайловда иштирок этишига рухсат берилмади?", деган саволига Сафоев:

"Бу партия керакли овозларни йиғолмаган. Қолган нарсаларни муҳокама қилиш мумкин. Лекин қонун талаблари бажарилмаган бўлса, ҳеч ким кўзини юмиб, майли бажармабди, демайди.... Бугун Ўзбекистонда ҳамма тушунади, мухолифат бу жамият ривожи факторларидан бири. Мухолифатсиз, танқидсиз, муқобил фикрларсиз жамият ривожланолмайди. Мен сизга айтишим керакки, Ўзбекистон мухолифатдан манфаатдор. Қонун талабига риоя қиладиган мухолифатдан. Бугун ҳеч ким мухолифатни қўпорувчи куч, деб ўйламайди, агар ким шундай ўйласа, нотўғри", дея жавоб қайтарган эди.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси аввалроқ президент сайловини "томоша" деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган эди. Партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда ЕХҲТ оралиқ ҳисоботидаги хулосага қўшилишини айтаркан, ташкилотнинг Ўзбекистонга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юбориш қарори ўзи учун тушунарсиз эканини билдирди.

“ЕХҲТ жуда тўғри хулоса берган. Ҳеч қанақа рақобат йўқ, сайловсиз сайлов. Лекин, мени ҳайрон қолдирган нарса, бу -ташкилотнинг Ўзбекистонга катта кузатув миссиясини жўнатгани бўлди. Яъни бугунги эркин бўлмаган сайловни, сайловсиз сайловни бу билан легаллаштиряпти. ЕХҲТ ўзининг тўлақонли ҳайъатини юбориш билан бу сайловга легитим бир мақом беряпти. Бундай қилмаслиги керак эди, зотан бу сайловнинг олдингиларидан ҳеч фарқи йўқ”, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

"Босимлар"

Шу йил бошида мухолифатдаги “Эрк” партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини эълон қилган, кейинроқ ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан чекинишини айтган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов сайлов арафасида босимлар кучайганини айтмоқда.

8 октябрь куни YouTube каналида эълон қилган видеосида Отажонов ўзи ва ота-онаси дохил барча яқинлари кузатувга олингани, "бутун мол-мулки куч ишлатар тизимларнинг назорат остида" эканини айтади

“Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ҳозирда Жаҳонгир Отажонов унинг партиясини тамсил этмаслиги, аммо у ва бошқа фаолларга қарши босимларни қоралашларини айтди.

“Биз албатта, Жаҳонгир Отажонга бўлаётган босимларни қоралаймиз. Лекин шуни айтишим керак, биз уни партиядан номзодликка кўрсатганмиз, лекин у босимлардан сўнг номзодликдан воз кечди. Ҳозир “Эрк” ва Отажонов ўртасида боғлиқлик йўқ. Сайловолди тазйиқлари давом этяпти. Партиямиз фаолларидан Раҳмиддин Абраев яқинда қамоққа олинди”, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик санасининг 30 йиллигида қилган чиқишида, "бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтиши ва янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этишига ишониши"ни айтган.

Мирзиёев 2019 йилда "мухолифатга қарши эмаслиги, аммо у мамлакат ичидан чиқиши кераклиги"ни айтган, бироқ ўтган вақт давомида Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатга олмади.

2020 йил 10 январида "Эрк" фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов "Эрк" партияси тарихда қолгани"ни айтиб, ҳукуматнинг уни қайта рўйхатдан ўтказиш режаси йўқлигини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG