Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

Мирзиёев Ички қўшинларни МХХдан олиб¸ Ички ишлар вазирлигига қайтариб берди


МХХнинг 22 йиллик қудратли раиси¸ генерал Рустам Иноятов(чапда) ва Ички ишлар вазири лавозимига яқинда тайинланган генерал Абдусалом Азизов.
МХХнинг 22 йиллик қудратли раиси¸ генерал Рустам Иноятов(чапда) ва Ички ишлар вазири лавозимига яқинда тайинланган генерал Абдусалом Азизов.

Ўзбекистон Президентининг қарори билан 1 майдан бошлаб Ички қўшинлар Ички ишлар вазирлиги ихтиёрига қайтарилди.

Бу ҳақда Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов 2 май куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда ўтказилган брифингда баёнот берди.

Таҳлилчилар 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ички ишлар вазирлигидан Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб берилган қўшиннинг аввалги “эгаси”га қайтарилишини ИИВнинг кучайтирилиши, деб баҳолади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов 2 май куни ички топшириқлар қўшинларини Ички ишлар вазирлиги сафларига қабул қилиб олиш якунлангани тўғрисида баёнот берди.

Бу ҳақда хабар хабар қилган нашр Азизовнинг баёнотидан иқтибос келтирди:

“Президентнинг қарори билан бу қўшинлар бизга қайтариб берилди. 1 майдан бошлаб улар юридик жиҳатдан тўла Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида”, деган жумладан Абдусалом Азизов.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайти кўчириб босган ЎзА агентлиги хабарида Ички қўшинларнинг ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилгани тўғрисида айтилмаган.

Кутилаётган яна бир ўзгариш

Вазир, шунингдек, яқин вақт ичида Ички ишлар вазирлиги ҳузурида махсус топшириқларни бажарувчи тезкор отрядларни шакллантириш устида иш бошланажаги, бу масалада мамлакат раҳбариятининг яна бир қарори чиқиши кутилаётганини айтган.

Вазирнинг изоҳи

Хабарда айтилишича, вазир Азизов 2 май куни ўтказилган брифинг чоғида ўзи бошқараётган вазирликнинг турли таҳдидлар, жумладан терроризм ва диний экстремизмга қарши қарши туриш имкониятлари тўғрисида айтган.

Ички ишлар вазирининг айтишича, мамлакатдан ташқарида бўлиб қайтган баъзи фуқароларнинг ватандошларига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича тезкор-тергов амалиётлари ўтказилмоқда.

Лекин бу гаплар билан Ички қўшинларнинг вазирлик таркибига киритилиши орасидаги боғлиқликни Абдусалом Азизов қандай изоҳлагани хабардан тушунилмайди.

Таҳлилчилар: ИИВ кучайтирилаяпти

Вазирнинг баёнотидан келтирилган иқтибосда Ички қўшинларнинг “қайтариб берилгани” тўғрисида айтилар экан, кимдан (қайси идорадан) қайтариб берилгани ҳам тушунарсиз қолган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ёқубовнинг Озодликка айтишича, Ички қўшинларнинг Ички ишлар вазирлиги таркибига киритилиши бу қўшинларнинг Миллий хавфсизлик хизмати таркибидан чиқарилаётганини англатади.

Ички ишлар вазири баёноти замиридаги воқелик ҳақида фикр юритаркан, Ёқубов бундай деди:

- Ички ишлар вазирлигининг ўз армияси бор эди. Ўша қўшинлар 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин МХХ раиси Иноятовнинг ташаббуси билан, Каримовнинг буйруғига биноан МХХга олиб берилган. Бу воқеа Андижон воқеаларидан 1 йил ўтиб, 2006 йилда содир бўлган, - деди Икром Ёқубов.

Ички қўшинлар Ички ишлар вазирлигига МХХдан олиб берилгани тўғрисида 2 май куни regnum сайти ҳам ёзди.

Ички қўшинлар нима учун МХХ ихтиёридан чиқарилиб, ИИВга ўтказилди?Озодликнинг бу саволига жавобан фикр юритар экан, Икром Ёқубов бундай деди:

- Агар бу хабар рост бўладиган бўлса, буни Шавкат Мирзиёевнинг МХХ раиси Рустам Иноятовга қарши катта бир ҳаракати, деб қабул қилиш мумкин. Чунки милиция собиқ ИИ вазири Зокиржон Алматов давридагидай қуролланган кучли қўшинларига эга бўлди. Бу ҳолатда милиция билан МХХ ўртасидаги кучлар нисбати тенглашди, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ёқубовнинг айтганларига ўхшаш фикрларни Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ички ишлар вазирлигининг собиқ мулозими ҳам билдирди. “Мирзиёев Ички ишлар вазирлигини кучайтираяпти”, деди исми айтилмаслигини сўраган собиқ мулозим.

Ички қўшинларга оид қарор матни ҳозирча эълон қилинмади

ЎзА агентлиги сайтининг “Ҳужжатлар” рукнида 2 май куни Ўзбекистон Президентининг бир неча қарори эълон қилинди, лекин улар орасида Ички қўшинларни Ички ишлар вазирлигига ўтказиб беришга оид қарор матни йўқ.

Январда тайинланган вазир

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 январда генерал-майор Абдусалом Азизовни Ички ишлар вазири этиб жорий йил 3 январида тайинлаган эди.

Вазирликни 2013 йилдан буён бошқариб келган Адҳам Аҳмадбоевнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича президент давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани айтилган.

56 яшар Абдусалом Азизов 2009 йилнинг май ойидан буён Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

22 йиллик раис

Жорий йил ёзида 73 ёшга тўладиган генерал-полковник Рустам Иноятов Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини 22 йилдан буён бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG