Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:14

"Кремль қўлидаги қурол". Тармоқ фаоллари АЭС га қарши ёзмаслик ҳақида огоҳлантирилди


Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида бошланиши айтилган, аммо бошланмаган АЭС қурилиш майдончаси очилиши маросимида, октябрь, 2018.
Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида бошланиши айтилган, аммо бошланмаган АЭС қурилиш майдончаси очилиши маросимида, октябрь, 2018.

Россия президенти Владимир Путиннинг 26-27 май кунлари Ўзбекистон қилган ташрифи чоғида Жиззах вилоятида икки давлат ҳамкорлигида кам қувватли атом электр станцияси (АЭС) қурилишига доир битим имзолангани эълон қилинди.

Бунга қадар расмий Тошкент бу борада ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик имконияти кўриб чиқилаётгани, Москва билан ниҳоий келишув йўқлиги ҳақида баёнот бериб келаётган эди.

АЭС қурилиши ҳақидаги келишув ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида норозилик билан қаршиланди. Маҳаллий журналист ва блогерлар АЭС лойиҳасини Украинага агрессиясини давом эттираётган Путин Россияси билан ҳамкорликда амалга ошириш мамлакат хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид экани ҳақида ёзишди.

Бир вақтнинг ўзида АЭС лойиҳасига қарши чиққан тармоқ фаоллари ва блогерлар куч тизимлари томонидан огоҳлантирилганига ишора қилувчи постлар пайдо бўлди.

Озодлик боғланган бир неча блогерга кўра, аксар фаолларга махсус хизматлардан боғланиб, АЭС мавзуда ёзишни тўғридан-тўғри тақиқлашган.
-----------------------------

Президент учун “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа”

Ўзбекистон атом энергетикаси агентлиги ва “Росатом” қўшма баёнотида қайд этилишича, Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга (ҳар бири 55 МВт қувватли олтита ректор) иншоот қурилиши ёзда бошланади.

“Танланган майдон аллақачон текширилган, яроқлилиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради”, дейилади расмий билдиргида.

Ваҳоланки, май ойи бошида “Ўзатом» директори Азим Ахмедхаджаев Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича ҳали ҳеч нарса аниқ эмас, деганди.

«Фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти. Қайси йўналишда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз», деди у.

Президент Шавкат Мирзиёев АЭСни “ҳаётий аҳамиятга эга лойиҳа” деб атаган.

“Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга”, деди президент.

Россия, атом ва бомба: "Росатом" Ўзбекистон билан "шартнома имзолашга яқин"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:32 0:00

“Сиёсий хатар”

АЭС қуриш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасисиз Россияга бериб юборилгани ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.

Жамоатчилик АЭС Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши "шантаж қуроли" бўлиб қолишидан хавотирда.

Жумладан, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев “Нега айнан Жиззахда қурилади, қурилиш нега ёздаёқ бошланади, нега айнан Россия билан?” деган саволларни ўртага ташлади:

“Хўп, АЭС керакдир, лекин нега “кам қувватли АЭС” – шунча овора бўлиб қурганга яраша у-бу кам-кўстимизни тўлдирадигани қурилмайдими, эй ЎзАтом? Нега Россия билан қуриш керак буни, нега бир очиқ танлови, тендери йўқ, эй Энергетика вазирлиги? ЎзАтом нега ўз хабарида бунинг нархини, қайси пулга қурилишини эълон қилмайди? Нега айнан Жиззахда қурилади, қурилиш нега ёздаёқ бошланади, нега айнан Россия билан, нега айнан кам қувватли АЭС – тегишли вазирлик ва идоралар бу жиҳатларни халққа тушунтирмайдими?”

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда қуриладиган АЭС сиёсий хатардир:

“АЭС бу – сиёсий хатар. Давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдиради. АЭС бу – иқтисодий хатар. АЭС бу – ижтимоий хатар. АЭС бу – экологик хатар. Ёлғон гапириладиган маконда, ҳукумат халққа ҳисобдор бўлмаган юртда АЭС қурилмаслиги керак. Қайси ақл дунёни ядровий шантаж билан қўрқитаётганларга, ўзлари қурган иккита АЭСни босиб олганларга АЭС қурилишини ишониб топшириши мумкин?”

“Халқаро ҳуқуқни, бошқа давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, тинч аҳоли ҳаётини бир тийинга олмайдиган, атом электр станцияларидан шантаж қуроли сифатида фойдаланадиган давлатга АЭС қурилишини бериб қўйиб бўлмайди”, деб ёзди эксперт Комил Жалилов.

“Ўзбекистон келажаги, экологик хавфсизлиги борасидаги ушбу жиддий қадамга киришишда жамоатчилик фикри қанчалик инобатга олингани номаълум. Нима бўлгандаям ушбу АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолмаса бўлди ”, дея хавотир изҳор қилди Экология вазирининг маслаҳатчиси ва жамоат фаоли Расул Кушербоев.

“Хавфсизлигига кафолат борми?”

Аксар фаолларни хавотирга солаётган жиҳат, аввало бу АЭСнинг рисоладагидек қурилишига ишонч йўқлигидир. Бундайларнинг аксари Ўзбекистонда йирик техноген фалокатга айланган Сардоба тўғонининг ўпирилиши, Тошкент ерусти метросининг қулашини ёдга олмоқда.

Ҳатто, тармоқларда сарказм билан саволлар қўйилган сўров ҳам пайдо бўлди:

АЭС қурилишини кимга ишониб топширса бўлади?

- Абдуғани Сангиновга
- Очилбой Раматовга
- Бахтиёр Фозиловга
- Шуҳрат Ғаниевга
- Элдор Шомуродовга

Сўровномада тилга олинган Абдуғани Сангинов, Очилбой Раматов, Бахтиёр Фозиловлар - айнан Сардоба сув омбори қурилиши, Тошкент метроси ҳамда Ўзбекистонда давлат буюртмаси билан катта маблағлар эвазига қурилган лойиҳаларга масъуллар кўрилади.

“Нега халқдан сўралмайди?”

Тармоқ фаоллари фикрича, кўп миллионли халқ тақдирига дахл қилувчи АЭС қуришнинг ижобий ва салбий жиҳатлари кенг омма иштирокида очиқ муҳокама этилиши лозим.

Бу борада эса қўшни Қозоғистон ўрнак ўлароқ кўрсатилмоқда.

“Қозоғистонда АЭС қуриш учун тўртта давлат – Жанубий Корея, Россия, Хитой ва Франция саралашдан ўтгани маълум қилинди. АЭС қуриш масаласи умумхалқ референдумида ҳал қилиниши кутилмоқда. Халқ овоз бериб, АЭСни ким қуришини аниқлаб беради... Бизда ҳали халқ шаклланмаганми?.. Агар халқ дейиладиган бўлса, нега ундан сўралмайди? Магарки, неоколониализмнинг қамчисига бош эгиб, унга сомеъ бўлсак, тушунарли”, деб ёзди Телеграмдаги “Platforma” канали.

Ҳуқуқшунос ва блогер Зафарбек Солижонов эса, аслида жаҳон миқёсида АЭСдан воз кечиб, унинг ўрнига водород тадқиқотларини молиялаш тенденцияси бошланганини эслатди:

“Ўрнига водород тадқиқотлари ва ишланмаларини молиялаш каррасига ўсган. Масалан 2002 йилгача 57 миллион доллар олган бу соҳа 2005 йилнинг ўзида 1 миллиардга, 2022 йилга келиб эса 3.1 миллиард АҚШ долларига етган. Бошқа энергия манбаларига ажратилган суммалар тақсимоти ҳақида интернетда маълумот тўла. Лойиҳанинг хавфсизлиги, уни ҳар ерга ва ҳамма учун қуриб бўлмаслиги ҳақида гапиришимам шартмас. Яна АЭСни бошқариш қийин, ўчириш иложсиз. Бошқа муқобилларни бемалол бошқарса бўлади. Сетдаям муаммо бўлмайди, тақсимлашдаям”.

“Атом электр станцияси қурилишини жуда чуқур ўйлаш керак. Унинг атрофидаги харажатлар қанча ва ким томонидан тўланиши, халқ бўйнида ўлпон бўлиб қолмаслиги ҳақида мулоҳазалар керак, менимча, ҳукумат анча шаффофроқ ишлаши керак. Бу муҳим стратегик қарор бўлгани учун парламент аъзолари ҳам овоз беришлари керак. Чунки бу фақатгина энергетика вазирлигида қабул қилинадиган техник бир вазифа эмас, балки сиёсий асоратлари, стратегик асоратлари бор қарор”, деб ёзди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Операция “G”: Путиннинг Ўзбекистондаги махфий омбори
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:21 0:00

“АЭС ҳақида ёзишни тақиқлашди”

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ва Россия дўстлиги, хусусан, Путин тўғрисида танқидий пост ва изоҳлар ёзган тармоқ фойдаланувчилари ИИБга суҳбатга чақирилаётгани ҳақида постлар пайдо бўлди.

АЭС мавзусини маҳаллий матбуотда ёритиш ман қилингани ҳақида хабарлар ҳам бор.

“Ўзбекистонда қуриладиган АЭС мавзусини муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ, мумкин эмас. Қозоғистонда эса шу масалада бутун бошли референдум кутилмоқда. Яна 4 та давлат танловда ўзаро курашаётган экан. Биз ҳам шу референдум, кураш жараёнларини ёритаверамиз энди”, деб ёзди журналист Илёс Сафаров.

Юрист Ботиржон Шермуҳаммад ва блогер Фаррух Самарқандий Фейсбук саҳифларида Путин сафари чоғида негатив пост ёзганлар огоҳлантирилгани ҳақида пост қолдиришди.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик бир неча блогер ва тармоқ фаоллари шундай босим борлигини тасдиқлашди.

“Тўғридан-тўғри АЭС ҳақида ёзишни тақиқлашди. Менга айтишларича, энергетика соҳасига масъул икки вазир президентга АЭС мавзудаги чиқишларни назорат қилиш ҳақида эслатма киритишган. Кейин бу назорат ДХХга топширилган. Ҳозир тармоқдаги фаолларга бу мавзуда ёзшини шунчаки тақиқлаб қўйишди”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган маҳаллий блогер.

Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлардан бирининг исмини сир сақлаш шарти билан гаплашган мухбирига кўра, Интернет нашрлари таҳририятларига ҳам АЭС мавзудаги чиқишлар қилмаслик ҳақида топшириқ келган:

“Катта нашрларнинг таҳририятларига АЭС ҳақида ёзмай туриш ҳақида топшириқ келди. Пост ёзадиган йирикроқ блогерларнинг ҳаммаси огоҳлантирилган. Айримлари Гвардейский (ДХХнинг Тошкентдаги ҳисбхонаси) ёки ИИВга чақирилган, дейишди. Лекин мен конкрет чақирилганларни билмайман. Аслида блогерларни жамоатчиликда қатъий муҳокама бошланган ёки йирик ҳодисалар бўйича ёзишдан чеклаш аллақачон бошланган. Масалан, ҳозир қийноқлар ҳақида ёзсангиз чақиришади. Дарахт ҳақида ёзсангиз чақиришади. Мана энди АЭС ҳақида ёзсангиз чақиришади. Ичкарига олиб кирамиз, деб очиқдан-очиқ қўрқитишяпти”.

Кейинги пайтларда тармоқлардаги блогерларга нисбатан босим кучайгани кузатилмоқда.

Озодлик сўнгги бир йилда ўнга яқин блогер таъмагирлик ва фирибгарлик айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, бир неча тармоқ фойдаланувчиси Жиноят кодексининг 3-қисми, 158 - моддасида кўзда тутилган президентни омма олдида ҳақоратлаганлик айби билан қамоққа ташланган.

Ўзбек расмийлари блогер ва тармоқ фойдаланувчиларининг ҳокимиятни танқид қилгани учун қамоққа ташланганини рад этиб келадилар.

“Бошида блогерлардан очиқдан-очиқ фойдаланишди, тадбирларга чақиришди, совға-саломлар беришди. Тўғри бунинг орқасида блогерларнинг орасида эркаланиб кетганлар бўлди, шантаж йўлига ўтиб кетганлар бўлди. Лекин, ўша юқоридаги катталар ниятига етиб, мансабини олиб бўлганидан кейин, мана энди секин-секин блогерларнинг тизгинини торишяпти. Ҳозир танқид қилиб турган 3-4та блогерларга ўзлари рухсат берган, деб ишонаман. Битта пости учун одамлар қамалиб кетаётган пайтда, у танқидчиларга рухсат берилгани учун шунақа танқид чиқариб туришибди. Уям жуда жиддий танқидмас, енгил гаплар. Бу ҳам шунчаки, бизда сўз эркинлиги бор, деб публикага ўйнаш учун қилиняпти, деб ўйлайман. Аслида вазият жуда чатоқ, битта пост учун қамалиб кетиш ҳеч гап бўлмай қолди ҳозир”, дея вазиятга муносабат билдирди исмини ошкор қилмаган ўзбекистонлик тармоқ фаолларидан бири.

Расмийлар АЭС қурилиши борасида фаоллар ва блогерларга босим ўтказилаётгани ҳақидаги хабарларга бирон бир шаклда изоҳ бергани йўқ.

Муқаддам шу каби ҳолат Озодликнинг газга бой Ўзбекистоннинг йирик газ конлари ва инфратузилмаси Кремлга яқин олигархларга махфий қарорлар асосида бериб юборилганини ўртага чиқарган суриштируви ортидан кузатилганди.

АҚШ давлат департаменти ва халқаро матбуот ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини сўз эркинлиги муҳитини яхшилаш, жумладан, Озодлик контентини блоклашни тўхтатишга чақириб келади.

30 май куни Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини "интернетда президентни ҳақоратлаганлик" учун жиноий жазони назарда тутувчи айбловни бекор қилиш ва ушбу айблов бўйича маҳкум этилган барча шахсларни зудлик билан озод этиш юзасидан амалий қадамлар қўйишга чақирди.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ўтган бир йил ичида 11 та позицияга ёмонлашиб, 137-ўриндан 148-ўринга тушиб қолгани қайд этилганди.

Форум

XS
SM
MD
LG