Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:05

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка Ўзбекистонга киритилмади


Агнешка Пикулицка-Вильчевска.
Агнешка Пикулицка-Вильчевска.

Польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска бир суткадан ортиқ Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида қолмоқда.

Журналистнинг Озодлик радиосига билдиришича, ўзбек чегарачилари унинг мамлакатга киришига тақиқ борлигини айтишган. Қозоғистонга эса, COVID-19 боис ўрнатилган чеклов сабаб қайтиб киролмаётир.

Ҳозирча Ўзбекистон томони журналистнинг мамлакатга киритилмаётгани борасида бирор расмий изоҳ бергани йўқ.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска шу йил 1 февраль куни ўзининг Твиттер саҳифасида аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан рад жавоби олганини маълум қилганди.

Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишини сўраб, босим ўтказган. Шундан сўнг журналист бир неча бор ТИВ, ИИВ ва троллар томонидан ўзига қарши турли кўринишларда таҳдид ва ҳақорат кампаниялари уюштирилганини хабар қилган.



Агнешка Пикулицка бир суткадан ортиқ совуқда, тик оёқда чегара ҳудудида қолаётганини айтмоқда.

Унга кўра, 7 ноябрь куни Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтаётганида ўзбек чегарачилари томонидан тўхтатилган ва мамлакатга киритилмаган.

“Менинг Ўзбекистонга киришимни расман тақиқлашди. Менга ҳозирча сабаби номаълум. Ҳозир чегарадаман, лекин бу зонадан тезроқ чиқиб кетишим керак. Қачон кетаман, қаёққа кетаман - ҳануз номаълум. Бу ёғи, энди Ўзбекистон ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирликлари қарорига боғлиқ”, дейди журналист.

Пикулицка Ўзбекистонга киритилмагани ҳақида ўзининг Твиттер саҳифасида хабар қолдирди.

"27 соатдан бери қозоқ-ўзбек чегарасида турибман, совуқда, чунки Ўзбекистон менинг мамлакатга киришимни тақиқлашга қарор қилди", деб ёзди Пикулицка.

Журналистнинг Озодлик билан мулоқотда айтишича, Ўзбекистон томони унга тўғри Тошкент аэропортига бориш ва у ердан Туркияга учиб кетишни таклиф қилмоқда, аммо бу таклиф қачон амалга ошиши ҳам ноаниқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу йилнинг июнь ойида польшалик журналистнинг аккредитациясини узайтирмасликка қарор қилган эди.

Расмий баёнотда “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги сабабли” унинг аккредитация муддатини узайтириш рад этилгани маълум қилинган.

“Мени аккредитациядан маҳрум қилишганидан бери, мен бу давлатда 30 кунлик визасиз режимда қолаётган эдим. Ҳар 30 кунда хорижга чиқиб, қайтардим. Мен бу ерда ишламаётган эдим, китоб ёзаётгандим. Бу гал ҳам мамлакатдан чиқиб, қайта кирмоқчи эдим, лекин бўлмади. Мени тўхтатиб, тақиқ бор, дейишди. Сабабни очиқлашмади. Фақат менинг бирор жиноят содир этган бўлишим мумкинлигини айтишди ва киритишмади”, дейди журналист.

Тошкентда ишлаётган хорижлик журналист аккредитацияси шу йил февралда ярим йилга узайтирилган. У Ўзбекистонда сўнгги 3 йилдан буён фаолият юритиб келаётганди.

Айтишича, унга нисбатан расмий тақиқнинг пайдо бўлиши ва хусусан, аккредитацияси узайтирилмаётгани сабаби, шу йил февраль ойида Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг унга “шилқимлик қилгани” ва "босим ўтказгани" ҳақида ошкора баёнот бергани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, ўшанда вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва ижобий мақолалар ёзишини сўраб, босим ўтказган.

“Ўша ерда Рустам исмли, кейинчалик эса Илҳом бўлиб чиқди, ходим билан бўлган ҳодисадан кейин бошланди ҳаммаси. Кейин яна бошқа воқеалар бўлди, масалан ИИВ дан таҳдидлар эшитдим, менга қарши троллар кампанияси уюштирилди, ҳукумат қўллаган блогерлар мен ҳақимда ҳар хил ёлғон-яшиқларни ёзишди. Гўёки, мен ҳамма ўзбекларни гей, деб атаган эмишман, буларнинг ҳаммаси ёлғон, табиий. Аммо, бу жамоатчилик фикрига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ачинарлиси, буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёев иккинчи муддат президентликка сайланганидан кейин содир бўлмоқда”, дейди журналист 8 ноябрь куни Озодлик билан мулоқотда.

Ўзбек-қозоқ чегара ҳудудида совуқда қолаётган журналист эртаси мавҳумлиги ва бундан 3 йил муқаддам Ўзбекистонга келаётганда қилган умидлари оқланманганини айтмоқда:

“Мен бу давлатга жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўламан, деган умид билан келгандим. Бошида шундай ўзгаришлар бўлди. Ўзбекистонга бу давлатни қоралаш учун келмаганман табиийки ва бу яхши ўзгаришлар ҳақида мен ҳам ёздим. Аммо афсуски, ҳамма нарса мен хоҳлагандай бўлмади ва баъзан ҳукуматни ошкора танқид қилишга тўғри келди. Шунинг учун мана, ҳозирги воқеалар содир бўлди. Мен Ўзбекистондан кетишни умуман истамагандим. Бу ерда менинг дўстларим бор, сўнгги 3 йилда яшаган уйим бор. Мен ҳамма нарсамни шу ерда ташлаб кетишга мажбурман, ҳатто сўнгги бор уйимга боришга рухсат беришмаяпти. Ҳозирча ота-онамнинг олдига қайтмоқчиман, дам олмоқчиман. Кейин келажак ҳақида ўйлаб кўраман ва балки бу минтақага қайтаман”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналистнинг чегарада тутиб турилганига ҳозирча бирор муносабат билдирмади.

Бундан олдин Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги журналистни “Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6 моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 7-моддаси ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси талабларини бузганликда айблаб чиққанди.

Агнешка Пикулицка бу “туҳмат” эканини таъкидларкан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан судлашишга тайёрлигини айтганди.

Польшалик журналист Ўзбекистон ҳукуматини туҳматда айблади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:32 0:00

Ўзбекистонда чет эл ОАВларига ишловчи мухбирлар Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати томонидан аккредитация қилинади.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда "Би-Би-Си", “Озодлик” радиоси, “Америка овози” ва бошқа қатор халқаро оммавий ахборот воситалари аккредитациядан маҳрум қилинганди.

13 йиллик узилишдан сўнг 2019 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "Би-Би-Си", “Америка овози” ҳамда "Фарғона" агентлиги мухбирларини аккредитациядан ўтказди.

Ўзбекистонда ишлаган халқаро журналистлар аккредитация жараёни узоқ вақт олиши ва шаффоф эмаслигини айтишади.

АҚШ Давлат департаменти шу йил апрелида эълон қилган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда “хорижий ва маҳаллий барча оммавий ахборот воситалари субъектлари рўйхатдан ўтиши ва уларнинг муассиси, бош муҳаррири ва ходимлари исмларини кўрсатиши шарт қилиб қўйилгани”ни танқид қилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, қонун барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзлари бераётган маълумотлари тўғрилиги учун жавобгар бўлишини талаб қилади, чет эл журналистларининг мамлакатда расмий аккредитациясиз ишлашини тақиқлайди ва чет эл оммавий ахборот воситаларини ички оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга бўйсундиради.

“Ҳукумат баъзи хорижий журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини мамлакатда ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш учун аккредитация қоидаларидан фойдаланади. Масалан, ҳукумат Озод Европа / Озодлик радиосининг аккредитация учун сўровини рад этишда давом этди”, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

XS
SM
MD
LG