Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Amnesty International ФИФАни футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиладиган Қатарга босим ўтказишга чақирди


Қатарда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири.
Қатарда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири.

Amnesty International жаҳон футбол ташкилоти – ФИФАни 2022 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиладиган Қатарга меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан босим ўтказишга чақирди.

“Қатар сўнгги йилларда қатор ижобий ислоҳотларни амалга оширди. Жумладан, жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича қарор қабул қилингани ортидан бу борадаги шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш кучайтирилди. Шунга қарамай, бу назорат етарли даражада амалга оширилмаяпти ва минглаб меҳнат муҳожирлари эксплуатация ва ўзбошимчаликларнинг жабрдийдаларига айланмоқда”,- дейилади Amnesty International халқаро ташкилоти 22 март куни эълон қилган баёнотда.

ФИФА президенти Жанни Инфантинога йўлланган тўрт саҳифали мурожаатда Amnesty International футбол ташкилотини “турнир Қатардаги барча меҳнат муҳожирларида ижобий таасурот қолдириши учун тезкор ва конкрет чораларни кўришга” чақирган.

Халқаро ташкилотнинг билдиришича, ФИФА жаҳон чемпионати ташкилотчиси сифатида турнирни ўтказишга тайёргарлик ва турнир ўтказилаётган пайтда инсон ҳуқуқларига амал қилинишини таъминлашга масъулдир.

Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатаига тайёргарлик кўриш жараёнида Осиё ва Африка давлатларидан келган 2 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожирларига қарамдир. Улар Қатардаги ишчи кучининг 95 фоизини ташкил қилади.

Меҳнат муҳожирлари жаҳон чемпионати инфраструктурасини яратишда, жумладан, стадионларни, йўлларни қуриш ва жамоат транспортини бошқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон чемпионати ўтказилаётган пайтда ҳам меҳнат муҳожирлари хизмат кўрсатувчи асосий куч бўлади. Сўнгги йилларда энергия захираларига бой бўлган Қатар меҳнат қонунчлиги масаласида қатор ижобий ислоҳотларни ўтказди. Бунга халқаро ҳуқуқ ташкилотлари меҳнат муҳожирлари белгиланганидан ортиқ эксплуатация қилинаётганига жиддий эътибор қарата бошлагани сабаб бўлган.

Бундан аввал Британиянинг The Guardian нашри 2010 йилда Қатарга 2022 йилдаги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи берилганидан сўнг тайёргарлик кўриш ишлари жараёнида Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланкадан келган 6500 муҳожир ҳалок бўлганига оид маълумотни эълон қилганди.

XS
SM
MD
LG