Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Равшан Эрматов бригадаси футбол бўйича Жаҳон чемпионатини тарк этди


Бригада Абдуҳамидулло Расулов оёғидаги жароҳат туфайли чемпионатни тарк этди
Бригада Абдуҳамидулло Расулов оёғидаги жароҳат туфайли чемпионатни тарк этди

Россияда ўтаëтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган ўзбекистонлик таниқли арбитр Равшан Эрматовнинг мусобақалардаги иштироки тўхтади.

Ўзбекистонлик ҳакамнинг мундиалдаги ўз ишини якунлашига унинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловнинг жароҳат олгани сабаб қилиб кўрсатилди.

Беш марта Осиёнинг энг яхши футбол ҳаками, 2011 йилнинг “Энг яхши футбол судьяси” унвони соҳиби 41 ёшли Равшан Эрматов Россияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатини тарк этди.

Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида берилган тушунтиришга кўра¸ Эрматов гуруҳидаги ён ҳакам Абдуҳамидулло Расулов оёғидан жароҳат олиб, кейинги учрашувларда иштирок эта олмайди ва шу боис бутун гуруҳ ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Футбол шарҳловчиси Алишер Никимбаев ўз саҳифасида ўзбекистонлик ҳакамнинг мусобақаларни тарк этиши унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

- Жароҳат иккинчи ўйиндан кейин билинди ва Ҳамид ўша кундан бошлаб ҳатто машқларга чиқмади. Ҳакамлик қўмитаси унинг тузалиб кетишини интиқлик билан кутди. Аммо, афсуски, бундай бўлмади. Шу сабабли ўйинлардан четлатиш уларнинг ҳакамлик даражасига боғлиқ эмас. Равшан ва унинг ёрдамчилари Москвада қоладики, бу ФИФАнинг уларга бўлган ҳурматидан даракдир, деб ёзди шарҳловчи.

ФИФА қоидаларига биноан, бригадада фаолият кўрсатаётган ҳакамни бошқасига алмаштириш тақиқланган.

Айни пайтда, ФИФА мусобақаларни тарк этадиган ҳакамларга умумий миннатдорчилик билдирилган баëнот эълон қилди.

- ФИФАнинг ҳакамлик қўмитаси 2018 йилги Жаҳон Чемпионатига жалб қилинган барча рефериларга миннатдорчилик билдиради, уларнинг ўз ишларига содиқлиги ва профессионализмини юқори баҳолайди, дейилади баëнотда.

Равшан Эрматов - ЖЧ энг кўп ҳакамлик қилган рефери
Равшан Эрматов - ЖЧ энг кўп ҳакамлик қилган рефери

Чемпионатнинг кейинги босқич ўйинларида ҳакамлик қилиш учун¸ ФИФА хабарига кўра¸ 17 нафар ҳакам сараланган.

Равшан Эрматов ҳозирга қадар жаҳон чемпионати ўйинларида жами 11 марта ҳакамлик қилган. Россиядаги мусобақаларда у Аргентина-Хорватия ва Испания- Марокаш ўйинларини бошқарди.

Аргентина ва Хорватия ўйини давомида россиялик футбол шарҳловчиси Василий Уткин Twitterда Равшан Эрматовни “эшак боласи” деб атагани ўзбекистонлик мухлисларнинг ғазабига сабаб бўлган ва Василий Уткин жамоатчилик босими остида сўзларини қайтариб олган ва кечирим сўраган эди.

Равшан Эрматов 2003 йилда 25 ёшида ФИФА ҳаками сифатида фаолият бошлаган.

2007 йилда Ёшлар жаҳон чемпионатида, 2008 йилда клублар ўртасидаги финал баҳсларини бошқарган.

2008-2011 йилларда беш маротаба Осиёнинг энг зўр ҳаками сифатида тан олинган. 2013 йилда Халқаро футбол статистикаси федерацияси томонидан дунёнинг энг зўр ҳакамлар 10-лигига киритилган. Учта Жаҳон чемпионатида 11 маротаба ҳакамлик қилган Равшан Эрматов бу соҳада рекордсмен саналади.

У “Ўзбекистон Ифтихори”(2010), “Эл-юрт ҳурмати” (2014) орденлари соҳиби. 2011 йилда Равшан worldreferee.com портали томонидан оламнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган.

Асли тошкентлик 41 ёшли ўзбекистонлик ҳакам ҳозирда футбол инструктори бўлиб ҳам ишлайди. Уйланган, бир қиз ва икки эгизак ўғилнинг отаси.

XS
SM
MD
LG