Андижон вилояти Бўстон тумани (олдинги Бўз тумани) ўрта мактабларида ўтган ой ўрталарида намуна тариқасида ўрнатилган "замонавий иситиш тизими" бир ой ўтар-ўтмас, ишдан чиқди.
Оқибатда тумандаги аксар мактабларда ўқувчилар қишнинг совуқ кунларида яна иситиш тизимисиз ўқишга мажбур бўлмоқда.
Айрим мактабларда синф хоналари совуқлигидан бошланғич синф ўқувчилар уйларига жўнатилиб, дарслар онлайн ўқитила бошланган.
Солиқ тўловчи пулига олинган иситиш тизимларининг бир ой ичида ишдан чиқиши сабаблари ҳусусида уларни ўрнатган “Зиё-2002” МЧЖ хусусий ширкатидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
Андижоннинг Бўстон туманидаги ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, 14та мактабда ўтган ой ўрнатилган янги иситиш тизими бир ой ўтар-ўтмас, ёппасига ишдан чиқа бошлаган.
Бўстон туманидаги мактаблардан бирининг хўжалик ишлари мудирига кўра, "янги" деб кўрсатилган иситиш жиҳозлари эски бўлиб чиққан.
"Туманимиз таълим муассасаларининг барчаси "Зиё 2020" масъулияти чекланган жамиятининг намунавий иситиш тизими бўйича лойиҳалаштирилган эди. 15 ноябрда ўрнатишган бўлса, бир ой ҳам бўлгани йўқ, бузилди. Лойиҳада янги деб кўрсатилган котёлнинг мотори эски бўлиб чиқди. Давлатни шунча пули сарфланди, лекин мактаб ўқувчилари мана, бир ойдирки, совуқ ҳоналарда ўтиришибди", - дейди мактаб хўжалик ишлари мудири Озодлик билан суҳбатда.
Бўстон туманидаги 2-сон мактаб ўқитувчиси Озодликка "янги қозонхонани ўрнатган ширкатга шикоят қилавериб, чарчадик", дейди:
"Котёл янги, ичидаги мотори эски"
"Кўп марта шикоят қилдик. Охирги марта келишганида, ходимларидан бирининг оғзидан чиқиб кетди. "Бизни ҳам жонимизга тегди, опа. Ҳар куни мактабларни айланамиз. Ҳаммасида шу аҳвол. Котёл янги, ичидаги мотори эски. Мактаб катта бўлгани учун 5 тонналик сувни тортиб, ҳайдашга кучи етмаяпти. Жонимизга тегди. Фирма иш қилиндими, қилинди, деб ёпди. Балога қолган бизмиз" , - деди уста. Шунинг учун биз ҳокимиятдан бу холатни текширишни сўраймиз. Давлатни шунча пули сарфланди, лекин синфхоналар музлаб ётибди", - дейди муаллим.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 августдаги “Андижон вилоятининг Бўстон туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 153,6 млрд. сўм ажратилиши маълум қилинганди.
Ҳукуматнинг айни қарори бўйича, Бўстон туманидаги барча мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида янги Smart (Ақлли), экологик хавфсиз, тежамкор ҳамда юқори ҳажмда ишлаш имкониятига эга бўлиши айтилган иситиш тизимлари ўрнатилган.
Бу ишларни Бўстон туманидаги “Зиё-2002” МЧЖ ҳусусий ширкати амалга оширган.
Ушбу лойиҳа Сенат Раиси Танзила Норбоевага октябр ойида туманга ташрифи пайти кўз-кўз қилинган эди.
Замонавий экани айтилган иситиш тизимлари бир ой ўтмасдан, ёппасига ишдан чиқа бошлагани ва янги котёлларнинг моторлари эски экани борасидаги иддаолар юзасидан Озодлик “Зиё-2002” МЧЖ ҳусусий ширкатига боғланди.
Телефон гўшагини кўтарган ходим бу ҳақда фақат ширкат раҳбари изоҳ бериши мумкинлигини айтди.
Ширкат раҳбари Исроил Комиловга эса, Озодлик ҳозирча боғлана олгани йўқ.
Котёл учун юз сўм ҳам олганимиз йўқ
“Зиё-2002” МЧЖ ширкатининг исми очиқланишини истамаган раҳбар ҳодимига кўра, янги котёллар мотори эскисига алмаштирилган холда ўрнатилгани ҳақидаги иддаолар асоссиздир.
- Чунки ҳали бу котёллар учун юз сўм ҳам олганимиз йўқ. Туркиядан эллик фоизини кейин тўлаш шарти билан ўз ҳисобимиздан олиб келганмиз. Нархи қувватига қараб 12 миллион сўмдан бошланади. Ҳаммаси янги. Нега носозликлар бўляпти десангиз, ҳали ишлар якунига етгани йўқ. 15 ноябргача тугатишимиз керак эди, лекин коронавирус сабаб чўзилиб кетди. Бундан ташқари божхонадан ўтказишда қийинчиликлар бўлди. Шунинг учун мактаблар айтаётган иддаолар асоссиз. Жуда яхши котёл, сифатли ва тежамли. Иситиш объектларини қишдан чиқариш 5 миллиард сўмга тушган бўлса бу котёллар ўрнатилганидан сўнг 1 миллиарддан ортиқ сўм тежалади. Озгина сабр қилишса ҳаммаси яхши бўлади, - деди “Зиё-2002” МЧЖ ходими.
"Ҳоким носозликлар аниқланган мактабларни кўздан кечирди"
Бўстон тумани ҳокимлиги расмийси котёл бузилишларидан хабари борлигини айтди.
"Туман ҳокими мана шу масала бўйича “Зиё-2002” МЧЖ вакиллари билан шахсан учрашган. Иситиш тизимида носозликлар аниқланган олтита мактабга бориб, у ердаги тизимларни кўздан кечирган. “Зиё-2002” МЧЖ вакиллари билан носозликларни бартараф этиш бўйича келишиб олинган", - деди исми очиқланишини истамаган ҳокимлик расмийси.
Аммо ҳокимлик вакили қандай носозликлар эканига аниқлик киритмади.
Андижонлик блогер Ҳабибулла Норбоев мактабларда ўрнатилган замонавий иситиш тизимлари ишлаши билан боғлиқ яна бир муаммога эътибор қаратди.
"Намунавий деб айтилаётган бу котёллар токда ишлайдиган котёллар. Кўмирда ёнади, лекин электр бўлмаса, иссиқ сувни бутун тизимга ҳайдаб беролмайди. Ток бўлмаса, минг кўмир ёқсангиз ҳам ишламайди. Ўзбекистоннинг аксар туманларида бўлгани каби Бўстон туманида ҳам электр узилишлари одатий ҳолдир. Бунақа замонавий котёлларни ўрнатишдан олдин электр таъминоти қандайлигини ўйлаб кўриш керак эди", - дейди блогер.
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида шу кунларда ҳаво ҳарорати - 12 даражагача тушиб кетган.
Айрим мактабларда синф хоналари совуқлиги сабаб ўқувчилар уйларига жўнатилган.
"Кичкина болаларга уйида ўтирғизиб, онлайн дарс беряпмиз. Катта синфларга дарсларни 30-35 дақиқадан ўтиб, уйларига жўнатяпмиз. Чунки совуқдан эрталабдан кечгача ўтиришга болалар қийналишяпти", - дейди Бўстон туманидаги 2-сон мактаб ўқитувчиси.
Ўзбекистонда бу йил эрта тушган совуқ айниқса қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдирди.
Мамлакатнинг турли ҳудудларидан газ таъминотидан буткул узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Газ ва электр тақчиллиги сабаб айрим мактабларда синф хоналарига ўтин ва кўмир ёқиладиган печкалар ўрнатилгани айтилади.
Ўтган ой Халқ таълими вазирлиги Андижон вилоятидаги мактабларни иситиш масаласи Президенти маслаҳатчиси Т.А.Худайбергановнинг вилоятда ўтган сайёр қабули чоғида ҳам муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, Бўстон (расмий хабарда Бўз тумани-таҳр.) туманидаги 19-мактабда иситиш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан топшириқ берилган.
Ўтган йил ноябрида Халқ таълими вазирлиги республика бўйлаб куз-қиш мавсумида мактабларнинг иситилишига ҳокимликлар масъул экани ҳақида баёнот билан чиққан.
Вазирлик 2018 йилда Қашқадарё вилоятидаги 200 дан ортиқ мактабларда иситиш тизимлари янгилангани ва қўлбола “буржуйка” печлари, "маънавий эскирган, яроқсиз қозонлари янги замонавийларига алмаштирилгани" ҳақида хабар берган эди.