Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:07

Текин мардикорга айлантирилган ўқитувчилар Андижон ҳокими дастидан дод демоқда


Андижонда ўқитувчилар Мирзиëев келиши олдидан мажбурий меҳнатга сафарбар қилинди
Андижонда ўқитувчилар Мирзиëев келиши олдидан мажбурий меҳнатга сафарбар қилинди

Ўтган йили ўқитувчиларни ҳақорат қилгани учун жаримага тортилган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев президент Мирзиёевнинг келиши олдидан шаҳарни ободонлаштириш учун шаҳардаги 50 та мактаб ўқитувчилари ва 60 та боғча тарбиячиларини кўчага ҳайдади.

Озодлик суҳбатлашган халқ таълими бўлими мулозимлари ва ўқитувчиларнинг айтишича, муаллим ва тарбиячиларнинг ярмидан кўпи, дарсларни ташлаб кўча тозалашга, гул экишга, аҳоли яшайдиган уйларнинг атрофини супуришга мажбурланяпти.

Шаҳар ҳокими Раҳматуллаев, Озодлик саволларини эшитиши биланоқ, телефонини ўчириб қўйди.

Озодлик 5 апрель куни шаҳарнинг 6- умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан бири билан у ишлаб турган жойда - аэропортга борадиган йўлнинг четига гул экаётган пайтда суҳбатлашди. Исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг йиғламсираб гапирган овозида алам бор эди:

“Сиз ҳаммага айтинг, сиз президентга етказинг, шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев жонимиздан ўтказиб юборди. Ўқитувчи хор бўлди, ўқитувчи одам ўрнида бўлмади, ўқитувчи бугун ҳокимнинг мардикори бўлди. Ўз ёнимиздан гул олсак, дарсларимизни ўтолмасак, бизни ҳоким одам ўрнида кўрмаса, додимизни кимга айтайлик? Мана ҳозир ҳам аэропортни йўлида ишлаяпмиз. Расмга ол десангиз, ҳозир олиб жўнатамиз. Халқ кўрсин, уларнинг фарзандларига таълим бераётган ўқитувчининг бугунги аҳволини. Эртага болаларимиз бесавод бўлиб қоляпти деса, бизни эмас, ҳокимнинг бўйнидан олсин”, деди ғазаб ва нафратдан ўзини тўхтата олмаган ўқитувчи.

Шундан сўнг андижонлик ўқитувчиларнинг турли жойларда ишлаётгани акс этган бир қанча суратлар Озодликка келиб тушди.

Расмларнинг бирида ўқитувчилар, шаҳарнинг 5-микрорайонидаги кўп қавқатли уйлар атрофидаги ерларни ағдариб, турли хил гуллар экаётгани акс этган.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир ўқитувчи эса, уларнинг устидан ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам кулаётгани ҳақида гапиради:

“Ўтган куни эркак ўқитувчиларимиз тўрт қаватли бинонинг олдидаги ерни ағдариш, аёлларимиз эса, кўчани супуриш билан банд эдик. Иккинчи қаватдаги бир одам балконида сигарет чекиб туриб, биздан қаерда ишлайсизлар, деб сўради. Биз ўқитувчимиз десак, ойликларингни ҳалол қилиб олинглар, тозалаб супуринглар, деб кулди. Ишонасизми, бизнинг Андижонда ўқитувчиларни мактабдан ташқарида ишлатиш ҳеч қачон тўхтамаган. Ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев Кун.уз мухбирига мактаб ҳовлисидан ташқарида ўқитувчилар ишламайди деб видеода ваъда берган эди. Лекин, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатдан халос қилиш эмас, балки бундан баттар бўляпти”, дейди ўқитувчи.

Андижонлик ўқитувчининг ойлик иш тартиби

Ўқитувчи бир ойдан бери шуғулланган ишларини бирма-бир санаб ўтди:

1. 5-микрорайондаги домлар ораларида ер чопдик.

2. Домлар орасидаги ноқонуний қурилмаларни буздик.

3. Домлар деворларини оқлаб бердик.

4. Домлар орасидаги ерларни ағдариб эгат олдик, гул экдик.

5. Буталмаган ниҳоллар ва дарахтларга шакл бердик.

6. Навоий проспекти, президент келса юрадиган Бўстон йўлини бегона ўтлардан тозаладик.

7. Ўзимиз эккан гулларга, анча узоқдан пақирлаб сув ташиб қуйдик.

8. Қабристонни тозалаб супурдик, ортиқча дарахтларни кесдик.

Дарслар нима бўляпти?

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирининг исми сир қолишини сўраган директорининг айтишича, шаҳар ҳокими уларни ҳолу-жонига қўймаяпти:

“Ҳар куни уч маҳал мажлис. Ҳар куни ҳоким шаҳар халқ таълими мудирига, мактаб-коллежлар директорларига участкаларни тозалаш учун бўлиб беради ва ҳар куни кечқурун ўша участкаларни бориб кўради. Бизнинг мактабда эркак ўқитувчи деярли дарсда йўқ. Улар ҳар куни мактабга ўқитувчи кийимида эмас, ишчи кийимида келишга, ўзлари билан белкурак, кетмон, болта олиб келишга ўрганиб ҳам қолишди. Аёл ўқитувчиларимиз эса супурги билан келади. Ҳар куни мактабимизнинг тенг ярим ўқитувчиларини кўчага чиқаришга мажбурман. Бўлмаса, ҳокимдан кун йўқ. Одам чиқармаган директорнинг мактабига текширувчиларни юборади”, дейди мактаб директори.

Унинг айтишича, ўқитувчиларнинг дарслари ҳам ўлда-жўлда бўлиб қолди:

“Тасаввур қилинг, ярим ўқитувчи бўлмаган мактабда қанақа дарс бўлишини? Қолган ўқитувчилар, гарчи мутахассислиги тўғри келмасада, бошқаларнинг дарсини ўтиб туради. Лекин бу ҳам ҳамма дарсга етмайди. Ўқувчилар икки-уч соат дарс ўтганидан кейин, муаллим бўлмагани сабабли жавоб бериб юборяпмиз. Бу биргина менинг мактабимда эмас, ҳамма мактабларда шу аҳвол. Президентга шаҳарни чиройли кўрсатиш учун ҳоким ўқитувчилар вақтини қурбон қиляпти, болаларнинг билим олишига тўсқинлик қиляпти”, дейди мактаб директори.

"Ўласан, фақат менинг айтганим бўлади!"

Андижон вилоят халқ таълими бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, ўқитувчиларнинг дарслари қолиб, бошқа ишларга мажбур қилинаётганини тасдиқлади:

"Гапнинг тўғриси, ҳоким ўқитувчиларни эшак қилиб миниб олди. Кўча тозалашга одам олиб чиқмаган директорларни ишдан бўшатяпти. Шаҳар халқ таълими бўлими мудири унинг югурдагига айланиб қолган. Биз ҳам нима қилишни билмай қолдик. Бир оғиз гап айтиб бўлмайди. Ўзини хондек ҳис қиляпти. Мажлисларда "мана шунча ёздинг, нима қилдинг, ҳеч нарса қилолмайсан ҳам, ўласан айтганимни қиласан, бўлмаса уруғ-аймоғинг билан йўқотаман", деяпти. Бунга ҳеч ким бас келолмайди экан, бу Худонинг балоси экан", дейди халқ таълими бошқармаси мулозими.

Ҳоким Озодлик саволларидан қочди

Озодлик ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига муносабат олиш мақсадида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев билан боғланди.

Ҳоким мухбирнинг Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётгани ва унга 3 масала бўйича саволи борлигини эшитганидан сўнг, дарҳол алоқани узди. Ҳоким билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг ўқитувчи ва бошқа бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилганлик ва уларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида Озодлик илгари ҳам бир неча мара хабар берган.

Жарима ҳам кор қилмади

Дилмурод Раҳматуллаев ўтган йили ўқитувчи ва маҳалла раисларини ҳақорат қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган эди

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5 миллион 167 200 сўмга тенгдир.

Аммо бу жаримадан сўнг ҳам, ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев 29 январь куни соат 19 да Андижон Давлат университетининг академик лицейи залида ўтказган навбатдаги мажлисида металлолом топшириғини бажармаган ва болалар спорти жамғармасига пул ўтказмаган раҳбарларни яна “ифлос, шакал, тварь, ҳайвон” каби сўзлар билан таҳқирлаган эди.

XS
SM
MD
LG