Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Андижонда бошланғич синф ўқувчиларига ҳам пахта териб келиш буюрилди


Пахта териб келаётган балиқчилик мактаб ўқувчиси
Пахта териб келаётган балиқчилик мактаб ўқувчиси

Андижон вилоят, Балиқчи туманидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари дарсдан бўш пайтда пахта териб келишга мажбурланяпти. Ота-оналарнинг Озодликка айтишича, мактабларнинг юқори синф ўқувчиларидан беш-олти нафари ҳам пахта теримига чиқариляпти. Ўқитувчилар ҳеч қайси йили пахта теримида бундай қаттиқ сиёсат кузатилмаганини айтди.

Андижонда бошланғич синф ўқувчиларига ҳам пахта териб келиш буюрилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00
Бевосита линк

Балиқчи туманидаги 6-умумтаълим мактабининг ўқувчиларига дарсдан бўш пайтда пахта териб келиб, мактабга топшириши буюрилган.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган балиқчиликлардан бирининг ёзишича, ҳатто қуйи синф ўқувчилари далага чиқиб пахта териб келяпти:

“Менинг жияним ҳам 3-синфда, иккинчи сменада ўқийди. Эрталаб йўқ бўп қолди. Обедга яқин уйга пахта кўтариб кириб келди. Кейин билсак, унга пахта олиб келиш буюрилган экан. Аксарият ўқитувчилар Тошкент вилоятига пахта теришга юборилган. Ўнта фандан битта ўқитувчи дарс беряпти. “Қанақа қилиб дарс берасизлар, ҳамма фанни ҳам билмайсизларку”, деб сўрасам, “синфга кириб, энди китобингни оч, энди ўқи, деб тураверамиз. Шуни эълон қилинг, ўлсин ўша пахтасининг куни биринчи синфларга қоптими”, деб ёзди балиқчиликлардан бири.

Балиқчи туманидаги 6-мактаб ҳовлисидаги пахта уюми
Балиқчи туманидаги 6-мактаб ҳовлисидаги пахта уюми

Бу балиқчилик пахта териб келаётган қуйи синф ўқувчилари ва мактаб ҳовлисидаги пахта уюмини суратга олиб, Озодликка тақдим этди.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири ҳам ҳар бир мактабдан бир неча муаллим ётоғи билан пахтага жўнатилганини тасдиқлади:

“Туманимиздаги ҳар бир мактабдан 5-6 тадан ўқитувчи Тошкент вилоятига пахта теришга юборилган. Дарси кўп ўқитувчилар ва синф раҳбарларидан ташқари ҳамма маҳаллий ҳудудларда пахтага жалб қилинган. Ўқувчиларга дарсдан бўш вақтда пахта топиб келиш топширилгани ҳам тўғри. Дарслар фақат номига ўтиляпти. Одамларнинг президентга бўлган ишончи сўниб боряпти. Чунки бу йилгидек ҳолат ҳеч қачон бўлмаган эди”, дейди ўқитувчи.

Ўқувчилар мактабга пахта олиб кетяпти
Ўқувчилар мактабга пахта олиб кетяпти

Балиқчи туман халқ таълими бўлими мудири Нурхон Ҳамидова Озодлик билан суҳбатда ўқувчиларнинг пахта териб келаётгани акс этган суратларни инкор қилишга ҳаракат қилди:

“Шунга ишондиларингми? Энди суратни ҳозир компьютерда ишлаши мумкин, фотошоп қилиши мумкин. Журналистлар энди сизлар шунга ишониб турсаларинг, демак, ҳеч кимга ишониш мумкин эмас эканда”, деди мудира.

Озодликнинг “мактаб ҳовлисида йиғилган пахта уюми”га нима дейсиз, деган саволига, Нурхон Ҳамидова шундай жавоб берди:

“Ота-оналар уйидаги ғўзапоясидан чиққан пахталарни ўз ихтиёрлари билан териб, олиб келиб беришган. Ҳозир бу пахталарни мактаблардан чиқариб юбордик”, деди Нурхон Ҳамидова.

Халқ таълими бўлими мудираси, ўқитувчиларнинг Тошкент вилоятига ҳам, маҳаллий ҳудудларга ҳам пахта теримига жалб қилинмаганини “комил ишонч билан айтаман", деди.

Ваҳоланки, Озодлик 16 октябрь куни Андижон вилоятидан ўқитувчи ва шифокорлар дохил ўн мингдан зиёд одам махсус поездларда Тошкент вилоятининг Тўйтепа, Бўка, Чиноз туманларига пахта теримига сафарбар этилгани ҳақида хабар берган эди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари ҳамда тиббиёт ходимларининг дала меҳнатига жалб этилиши жиноят экани, бундай ҳол аниқланган тақдирда ходимларни далага чиқарган раҳбарлар нафақат лавозимидан айрилиши, балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

“Бугундан бошлаб Андижон вилояти бўйича, чунки мен Андижон бўйича жавоб бераман, 18 ёшга тўлмаган фуқаро, бюджет ташкилоти ходимлари, асосан мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, ходимлари, тиббиёт ходимлари, врачлар, ҳамширалар, коллеж ходимлари, ўқитувчилари, ўқувчилари, шуларни бирортаси далага чиқиши бу жиноят. Ва олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчилари ҳам бунга киради. Қайси туманда, қайси секторда мана шу тоифа одамлар пахта териб юргани аниқланса раҳбарига нисбатан нафақат лавозимидан кетиш балки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантираман”, - деган эди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Озодлик шу пайтгача Андижон вилоятида ўқитувчи ва шифокорларнинг пахта теримига мажбуран жалб этилаётгани ҳақида ўнлаб мақола чоп қилган бўлса ҳам, бироқ шу пайтгача бирор амалдорнинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар олгани йўқ.

XS
SM
MD
LG