Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Андижоннинг Қорасувида она, унинг ўғли ва келини ўз уйида ўлдирилди


Man holding knife, generated photo
Man holding knife, generated photo

Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида 3 апрелга ўтар куни кечаси она, унинг ўғли ва келини номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилди.

Марҳумлар 3 апрель куни тушга яқин ўз уйида ўлик ҳолда топилган.

Ўша кечаси уйда бўлган 3 яшар қизча тирик қолган. Ички ишлар ходимлари айни пайтда қотилларни қидиришда давом этмоқда.

Қорасув шаҳрининг Амир Темур маҳалласида яшаган 63 яшар аёл, унинг 30 яшар ўғли ва 23 яшар келини 3 апрелга кечаси ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақда Озодликка марҳум келиннинг яқин қариндоши хабар берди.

Унинг айтишича, жасадлар 3 апрель куни тушга яқин уйидан пичоқланган ҳолда топилган:

“Бу воқеа ярим кечаси бўлган. 3 апрель куни менга шундай воқеа бўлди деган хабар келди. Югуриб борсам, мелисалар уйни ўраб олган, мени ичкарига киргизишмади. Мелисаларнинг айтишича, жиянимнинг қайнонасини ётган уйида пичоқлаб ўлдиришган, куёв бола коридорда пичоқланган ҳолда ётган, жиянимни эса, (келинни - таҳр.) ўзининг ётоқхонасида бошини ёриб, ўлдиришибди, маразлар”, дейди марҳумлар қариндоши.

Унинг айтишича, уч яшар қизалоқ бу қирғиндан омон қолган:

“Ўша куни улар қаергадир боришмоқчи экан. Куёв боланинг Андижондаги опаси бир неча бор учаласига телефон қилган, ҳеч ким жавоб бермаган. Кейин хавотирланиб, қўшни яшайдиган холасига телефон қилган. Кейин холаси чиқиб дарвозадан қараса, мошиналари турибди экан. Ичкаридан бола йиғиси эшитилибди. Чақирса ҳеч ким чиқмабди. Кейин болаларни девордан ошириб, дарвозани очиб, ичкарига кирса шунақа ҳолат экан. Бола диваннинг тагида йиғлаб ётибди экан. У диваннинг тагига қандай кириб қолгани ҳам номаълум”, дейди марҳума қариндошларидан бири.

Амир Темур маҳалласининг участка нозири Азизбек Нурматов, Озодлик саволларига жавобан, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

Андижон вилоят ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, бу жиноятни очиш учун вилоятдан мутахассислар юборилганини айтди:

“Вилоят УВДси бошлиғи ҳам ўша ерда ҳозир. Ҳозир Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш моддаси бўйича жиноят иши очилган. Ҳозирча ўғрилик учун қилинганми бу жиноят ёки шахсий адоватми, шу йўналишлар бўйича иш олиб боряпмиз. Шу оиланинг яқинлари, таниш-билишлари сўроқ қилиняпти. Бу воқеа бўйича аниқ бир нарса айтишга ҳали эрта”, деди ички ишлар мулозими.

Оила қариндошининг айтишича, марҳум она ва ўғил Қўрғонтепа бозорида атторлик моллари билан савдо қилган, келин ҳеч қаерда ишламаган:

“Пул учун ўлдирди десак ҳам унча ўхшамаяпти. Чунки, келин ва қайнонанинг тилла тақинчоқларига тегилмаган экан. Энди бор умидимиз, милициядан. Қотилларни топиб жазосини берсин”, деди марҳумлар қариндошларидан бири.

Ўзбекистонда маиший муаммолар ёки қасос негизида содир бўлган бошқа шу каби фожиалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

2017 йилнинг октябрь ойида Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Шомирза қишлоғида яшайдиган фолбин Ойшахон Шерматованинг 24 яшар ўғли ва 22 яшар келини ўтган жума куни ўз уйида пичоқлаб кетилди.

Ўтган йилнинг 31 августида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшайдиган аёл ўғли билан бирга Қумқўрғон туманидаги кундошини ўлдириб, икки ёш боласи билан ёқиб юборган эди.

14 август куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайнонаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиб юборган, оқибатда 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлган эди. Аёлнинг 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

2017 йилнинг 19 август куни Фарғонанинг Бағдод тумани, Олчин қишлоғида 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборган эди. Ота жиноят жойидан ғойиб бўлган ва кейинчалик ушланиб, ҳибсга олинган. Жабрланувчи ўғил танасининг 70 фоизи куйиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

XS
SM
MD
LG