Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:22

Андижонда тоннаси 150 минг сўмлик "халқ кўмири"ни 700 мингдан пуллаётганлар ушланди


Асака кўмир омбори
Асака кўмир омбори

Андижон вилоят, Асака туманидаги кўмир омборида аҳолига арзон нархда сотиш учун олиб келинган кўмирнинг ғайриқонуний савдоси билан шуғулланган шахслар 4 ноябрда ушланди. Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ва МХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида омбордан ғайриқонуний олиб чиқиб кетилаётган бир неча юк машинаси ушланган. Орадан икки кун ўтиб Ахтачи кўмир омборида ҳам ғайриқонуний кўмир ортилган бир неча машина қўлга олинган.

Андижонда 150 минглик "халқ кўмири"ни 700 мингдан пуллаётганлар ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

Асака туман ҳокимиятида ишлайдиган, кўмир воқеасидан яхши хабардор Озодлик манбаси 4 ноябрь куни шаҳардаги кўмир омборида катта текширув бошланганини айтди:

“Асакага тўққиз вагон кўмир келган эди. Гражданский кийимдаги МХХ билан ички ишлар вакиллари кўмир ортиб чиққан машиналарни бирма-бир ушлаб, Асака шаҳар ички ишлар бўлимига олиб бориб қамаб қўйишди. Омбор печатлаб қўйилди. Мен милициядан олган маълумотларга кўра, халққа арзон нархда сотилиши керак бўлган кўмирни, омборчилар қиммат пулга сотиб келган”, деди мулозим.

Асака кўмир омбори
Асака кўмир омбори

Мулозимнинг айтишича, айни пайтда кўмир омборининг масъуллари ўзгарган ва 7 ноябрдан бошлаб аҳолига кўмир тарқатиляпти:

“Кўмир ортган бешта ГАЗ-52, ГАЗ-53, ЗиЛ юк машиналаринининг кўмири тарозида тортилиб, акт қилиниб омборга тўкилди. Машиналарни жиноят қуроли сифатида жарима майдончасига олиб бориб қўйишди. Складдаги масъул одамлар ўзгартирилди. Ҳозир тергов давом этяпти”, деди мулозим.

Асакадаги кўмир омборидаги вазиятни назорат қиладиган ички ишлар ходимларидан бири, омбор раҳбарлари ўзгартирилганини, аҳолига белгиланган тартибда кўмир тарқатилаётганини Озодликка тасдиқлади:

“Омбордаги раҳбарият юз фоиз алмаштирилди. Тергов давом этяпти. Кўмирнинг давлат нархи бир тоннаси 150 минг сўм. Лекин, омборчилар кўмирнинг сарасини ғайриқонуний тарзда 600-700 минг сўмдан пуллашда гумонланяпти. Энди бу нарсага чек қўйилди. Аҳолига тартиб билан, маҳалланинг справкасига биноан кўмир бериляпти”, деди милиция ходими.

Лекин, Асака туманидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла раисларидан бирининг Озодликка айтишича, омбор мудири Э. Ж. устидан тергов кетаётган бўлса-да, лекин омбор раҳбариятида жиддий ўзгариш бўлмаган:

“Булар жуда катта пулдор одамлар. Ҳозир омборни мудирнинг Асакада Қора Шаҳзода деган лақаб билан танилган жияни бошқармоқда. Тарозида бошқа одаму, лекин вақтинчалик раҳбар жиян. Менинг милициядаги танишимнинг айтишича, бу катта ўғриликни Жиноят кодексидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси, майда ташмачиликка ўзгартиришга ҳаракат қилиняпти экан. Қани кўрамиз, охири нима бўлади экан”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Оқсоқолнинг бу гапини туман ҳокимлиги мулозими изоҳлашни истамади.

Маҳалла оқсоқолининг айтишича, кўмир тарқатишда энг биринчи ўринда пахта теримида иштирок этганлар эътиборга олиняпти:

“Энг аввало бу йил пахта теримига чиққан хонадонларни таъминлаймиз. Ҳар бир хонадонга 500 килодан кўмир берилади”, деди маҳалла оқсоқоли.

Озодликнинг Андижон вилояти ички ишлар бошқармасидан олган маълумотига кўра, 6 ноябрь куни Асакадаги Ахтачи кўмир омборида ҳам рейд ўтказилган:

“Асака Ахтачи кўмир омборида хам кеча кўмир ушланди, 4 та машина 20 тоннадан ошиқ кўмирни ғайриқонуний тарзда олиб чиқиб кетаётганда қўлга олинди. Ҳозир тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти”, деди ички ишлар бошқармаси мулозими.

Озодлик Асака шаҳридаги омборда кўмир олиш учун ур-тўполонлар ҳақида аввал ҳам хабар берган эди.

Ўзбекистонда қиш пайтида газ ва электр энергияси тақчиллиги сабаб, аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжи кучаяди.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бир йилда 3 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олса ҳам, лекин бу миқдор барча аҳолини кўмир билан таъминлашга етмайди. Чунки,бу миқдорнинг 85 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.

XS
SM
MD
LG