Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Андижон ИИБсининг “тадбиркорларни қийратиб келган” ходимлари қамоққа олинди


Президент 2019 йилнинг 10 январини Ўзбекистон ички ишлар тизимидаги аҳвол таҳлилига бағишлади.
Президент 2019 йилнинг 10 январини Ўзбекистон ички ишлар тизимидаги аҳвол таҳлилига бағишлади.

10 январь кунги махсус селекторда президент Шавкат Мирзиëевнинг алоҳида танқидига учраган Андижон Ички ишлар бошқармасининг камида тўрт нафар ходими мазкур мажлисдан уч ҳафтача олдин ҳибсга олинди.

Андижон ички ишлар тизими мулозими¸ қолаверса, ишга бевосита алоқадор маҳаллий тадбиркорларнинг айтишича¸ вилоят ИИБсининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармасининг тўрт ходими ҳозирда вилоят ДХХ ертўласида сўроқ қилинмоқда.

14 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка Андижон вилояти ИИБ ходимларининг 2018 йил 19 декабрь куни ҳибсга олинганини тасдиқлади.

“Милиция ичидаги мафия” қўлга олинди

Озодлик билан хавфсизлик хавотирлари боис исми сир қолиш шарти билан гаплашган андижонлик тадбиркорлардан бирига кўра¸ вилоят ИИБсининг жиноят қидирув бошқармасининг тўрт хизматчиси ҳозирда вилоят ДХХси подвалида сақланмоқда.

Биринчи ўринбосар Тўланбой (Раззоқов) ишдан олинган¸ устидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят қидирувдаги тўртта опер – Ҳумоюн¸ Одил¸ Ботир ва Шукурлар ДХХ подвалида. Булар кейинги 5 йил давомида УВДни мафия қилиб олган экан. Иши юришган тадбиркорларни 15 суткага қамаб¸ уларни ноинсоний қийноқларга солиб¸ бизнесини бошқа одамга ўтказиб беришга мажбурлаб келишган. Рози бўлмаганларни¸ катта иқтисодий жиноятларда айблаб¸ 15 йиллаб қамоққа тиққан булар”¸ дейди воқеа тафсилотларига яқин андижонлик тадбиркор.

Андижон ИИБ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси тўрт ходимининг ҳибсга олинганини¸ вилоят ҳуқуқ тизимидаги мулозим ҳам тасдиқлади.

15 суткага қамалиб¸ қийноққа солинганларнинг яқинлари президент порталига ëзган. Андижонда Golden Chiken деган фирмани эгаларига ҳам булар шунақа босим қилган. У одамнинг Москвада каттароқ таниши бор экан¸ шу орқали президентнинг қулоғига чалинган бу жиноятлар. Видеоселекторда (10 январь кунги йиғин назарда тутилмоқда – таҳр.) президент Андижонни бекорга алоҳида танқид қилмади. Ҳозир ўндан ошиқ тадбиркор вилоят прокуратурасига бу оперлар устидан расман ариза берган»¸ деди маҳаллий ҳуқуқ тизимининг матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис исми очиқланмаслигини сўраган мулозими.

14 январь куни Озодлик Андижон ИИБнинг қатор бошқарма ва расмийлари билан боғланди. Уларнинг бирортаси бошлиқ ўринбосарининг лавозимидан бўшатилиб¸ камида тўрт нафар ходимнинг ушланганини ўзларида бундай маълумот йўқлигини айтиш орқали на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Андижон ИИБ расмий сайтида подполковник Раззақов Тўланбой Тўхтасиновичнинг 14 январь куни ҳам Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ​лавозимида экани ëзилган.

Ушланганларга қандай айб қўйилмоқда?

Ўзбекистон Бош прокуратураси 14 январь куни Озодликка берган расмий жавобида Андижон вилояти ИИБси жиноят-қидирув бошқ​армасининг ходими Х.Қ​осимов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш -таҳр.), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш -таҳр.) моддалари билан 19.12.2018 йилда Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, уларга қамоқ эҳтиё​т чораси қўлланилгани ва мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратуранинг ўта оғ​ир жиноятларни тергов қилиш юритувида» экани”ни билдирди.

Иш тафсилотларидан билвосита хабардор маҳаллий ҳуқуқ тизими мулозими Озодлик билан суҳбатда¸ жиноят иши Андижондаги GM Uzbekistan фаолиятини хам ичига олишини билдирди.

Иш катта занжир. Биринчи Одилхон қўлга олинди. Қолганлар унинг кўрсатмасига асосан олинди. Асака заводи ҳам шуларга қараган¸ бу ерда жуда катта ўғриликлар бўлган. Одил яқинда Асакадаги GM Uzbekistan заводига начальник мелиса этиб тайинланган эди. Президент бу ишдан хабардор»¸ деди вилоят ҳуқуқ тизими мулозими.

Тадбиркорлар ҳикояси

Андижон вилоят ИИБнинг камида тўрт юқори даражали ходимининг ҳибсга олингани тафсилотларидан хабардор маҳаллий тадбиркорлар¸ ушланганлар қўлида жабр кўрганлардан 150 нафарга яқини ҳозирда расман шикоят қилганини билдирди.

«Буларни бутун Андижон танийди¸ ҳамма тадбиркор шулардан қўрқиб яшайди¸ ҳалиям қўрқади. Йўқ ердан баҳона топиб¸ олиб кетарди. Бизнеси борми¸ уйи¸ машинаси борми¸ ўзининг одамларига ўтказиб берасан¸ деб урарди. Кўпчиликни дубинка билан таҳқирлаган¸ экспертиза хулосалари ҳам бор. Битта қора маскаси бор экан¸ шуни тақиб қўйса¸ одам 40 секундга бормай¸ ҳушидан кетади. 15 суткани кўпчилик Андижон горотделида ўтади. Бу ерга олиб келинган тадбиркорлар юролмайдиган бўлиб чиқарди. Буларнинг устидан ëзганлар 150 та бўп қолди. Горотделнинг начальниги¸ шунақаларга махсус навбат бераркан¸ ҳозир унгаям жиноий иш очилди»¸ дейди Андижон ИИБсининг ҳибсга олинган ходимлари қўлидан азият чекканлар яқини.

ИИБдаги “мафия” гуруҳи қасосидан қўрқиб¸ шахси очиқланмаслигини сўраган андижонлик тадбиркорлардан яна бири¸ ишнинг президент ва Бош прокуратура назоратида эканига қарамай¸ ушланганларнинг енгил жазо билан қутулиб кетишидан хавотирда эканини яширмади.

Вилоят ҳуқуқ тизимларини қўқонликлар назоратига олган ҳозир. Тошкентда жуда кучли ҳомийлари бор буларнинг. Булар эртага чиқиб келади¸ деган қўрқувда кўпчилик жабр кўрганлар индамай ўтирипти”¸ дейди ўзи ҳам иккиланиб турган бу тадбиркор.

ИИБ ходимларининг ҳибсга олиниш тафсилотларидан хабардор яна бир мулозим¸ маҳаллий тадбиркорларнинг бундай хавотирида жон борлигини¸ ўз ходимларининг ҳибсга олинишига охиригача қаршилик қилган Андижон ИИБ бошлиғи Шуҳрат Собиров уларни “жанжал босилганидан кейин¸ йўлини қилиб чиқариб олишини” иддао қилди.

«Прокуратурада вақтинча сақлаш хибсхонаси йўқ. УВД начальниги ўзимникини ўзим қамамайман¸ дегани учун ДХХ подвалида сақлашаяпти. Ҳаммасини ИИБ бошлиғининг ўзи чақириб¸ ўзи бўшатди»¸ деган бу мулозим¸ тўрт ходимнинг ҳибсга олинишини шунчаки ўйин¸ дея баҳолади.

«Просто ушлаб турилибди холос. Ўйин бу. Булар қамалиб кетадими энди¸ ëки начальник чиқариб оладими¸ ҳали кўрасиз. Жарима билан қутулиб кетишади. Раҳбарлар ҳаммаси биттаку иноқ¸ ҳаммаси бир -бирининг йўлига юради»¸ дейди маҳаллий мулозим.

XS
SM
MD
LG