Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:17

"Хитой орқали Россияга жўнатган". Яна бир ўзбек ширкати санкцияга учради


АҚШ Молия вазирлиги
АҚШ Молия вазирлиги

АҚШ Молия вазирлиги 17 мамлакатдаги 400 дан ортиқ жисмоний шахс ва ширкатларга қарши санкциялар жорий қилди. Рўйхатга Россия, Беларус, Хитой, Ҳиндистон, Швейцария, Туркия ва Чили фуқаролари киритилган. Ўзбекистоннинг Uzstanex ширкати ҳам Россия билан алоқалари туфайли “қора рўйхат”га тушди.

Рўйхатда Россияга мансуб жами 150 та ширкат ва ташкилот бўлиб, улар Украинага қарши қўлланаётган ва қўллаш мумкин бўлган қуроллар яратиш имконини берувчи материал ва технологиялар, тайёр ҳарбий маҳсулот, жиҳозлар ёки бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, дейилади вазирлик хабарномасида.

АҚШ Давлат департаменти санкциялар аввал киритилган чеклов чораларини четлаб ўтишда Россияга кўмаклашаётган чет эл ширкатлари ва фуқароларига нибатан ҳам қўлланганини урғулади.

Санкцияга учраган ширкатлар орасида, жумладан, Ўзбекистоннинг Uzstanex ва Қозоғистоннинг Kazstanex ширкатлари бор. АҚШ Молия вазирлигига кўра, бу иккиси Европадан ўз номига дастгоҳлар олиб келиб, сўнгра Россияга етказиб бериши учун уларни Хитойнинг Shanghai Winsun ширкатига жўнатади. Ушбу схема ортида Россиянинг “Трос” ширкати раҳбари Сергей Ушко ва унинг ўғли Александр Ушко турибди.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Кичик Ушко Европадаги дастгоҳлар ишлаб чиқарувчи ширкатда ишлайди ва РФдаги якуний фойдаланувчилар учун дастгоҳлар сотиб олишда отасига ёрдам беради. Молия вазирлиги қайд этишича, улар дастгоҳларни Хитой орқали Россияга олиб келишда Марказий Осиё давлатларидаги воситачиларни қўллаш учун россиялик Игор ва Татяна Хоменко билан бирликда ҳаракат қиладилар.

Ўзбекистон ширкатлари АҚШ санкцияларига биринчи марта йўлиқаётгани йўқ.

Жумладан, 2023 йилда АҚШ, ЕИ ва Япония Ўзбекистоннинг икки ширкати “Alfa Beta Creative” МЧЖ ва “GFK Logistic Asia” МЧЖга қарши санкциялар жорий қилган эди.

Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, бу икки ширкат Россия ҳарбий-саноат комплексига кўмаклашгани, хусусан Россия мудофаа саноати учун Ғарбда товарлар харид қилишга урингани учун санкцияларга учраган.

2023 йилда АҚШ Савдо вазирлиги Тошкентда жойлашган “Мвизион” МЧЖга нисбатан санкциялар қўллади. Ширкат электрон ва телекоммуникация жиҳозлари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари билан улгуржи савдо қилади.

2022 йилда АҚШ Ўзбекистоннинг “Promcomplektlogistic” номли хусусий ширкатини ҳам “қора рўйхат”га тиркаган эди. У Россиянинг “Радиоавтоматика” ширкати билан яқин алоқада бўлгани ва Россия ҳарбий саноат комплекси учун электрон компонентлар етказиб бергани айтилади.

Россиянинг Украинага босқинига икки йил тўлиши ва рус мухолифатчиси Алексей Навалний ўлими муносабати билан АҚШ Россиянинг шерикларига қарши янги санкциялар киритди.

Иккиламчи санкциялардан қўрқув
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:43 0:00

Бу сафар Молия вазирлиги “қора рўйхати”га арабларнинг Polarstar Logistics ширкати тушдики, у турли мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам шуъбалари бор.

Ширкат сайтидаги маълумотларга қараганда, у машиналардан тортиб тез бузиладиган маҳсулотларгача – хилма-хил юкларни ташиш билан шуғулланади.

Polarstar Logistics ва унинг Тошкентдаги ваколатхонаси айнан қайси сабабга кўра санкциялар рўйхатига тиркалгани маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, 23 октябрда АҚШ молия вазири Жаннет Йелен Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши йўналтирилган янги санкциялар ҳақида эълон қилишга тайёрлигини айтди.

“Биз Кремл ҳарбий машинасининг ишлашига ёрдам бераётганлар, жумладан Россияга жуда муҳим товарларни етказиб бераётган учинчи мамлакатлардаги воситачиларга қарши янги кучли санкцияларни эълон қиламиз”, деди Йелен Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида.

Вазир АҚШ томонидан санкциялар қўлланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилаётган молия муассасалари АҚШ молия тизимидан узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирди.

Форум

XS
SM
MD
LG