Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:31

АҚШ ўзбек пахтасига тақиқни бекор қилди


Қўшма Штатлар ҳукумати ўзбек пахтасини мажбурий болалар меҳнати билан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 27 мартда тарқатган баёнотида бундай ўзгаришни олқишлади.

25 март куни Федерал регистрга қўйилган билдирувда АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини тақиқланган маҳсулотлар рўйхатидан чиқараётганини қайд этди.

АҚШ ҳукумати бундай маҳсулотларни “мажбурий ёки шартнома тузиш йўли билан мажбурланган болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда қазиб олинган, ишлаб чиқарилган ёки тайёрланган бўлиши мумкинлиги ҳақида етарли асосга эга бўлган тақдирда” шубҳали товарлар рўйхатига киритади.

Билдирувда айтилишича, вазиятни ўрганиб чиққандан сўнг Меҳнат вазирлиги, Давлат департаменти ва Ички хавфсизлик департаменти “Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш, алоҳида ҳолларни ҳисобга олмаганда, анча-мунча қисқарганини аниқлади”.

Рўйхатдаги товарлар Қўшма Штатларда тақиқланмайди, бироқ АҚШ ҳукумати шартнома тузувчилардан товарларни мамлакатга импорт қилаётганда уларни “қазиб олиш, ишлаб чиқариш ёки тайёрлашда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилмаганини аниқлаш учун виждонан ҳаракат қилгани”ни тасдиқлашни талаб этади.

Айни дамда ўзбек пахтаси Меҳнат вазирлигининг мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида барибир қолмоқда.

Ўзбекистон ҳокимият идоралари кўп йиллар мобайнида болаларни пахта теришга мажбурлаб келди. Пахта Ўзбекистон экспортининг анча-мунча қисмини ташкил этади. Кейинги йилларда пахта далаларидаги мажбурий болалар меҳнати инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг доимий босими сабаб қисқарди.

2018 йил май ойида Шавкат Мирзиёев ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам беришга оид фармон чиқарди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар вазият яхшиланганига қарамай, пахта саноати ва бошқа соҳаларда болалар меҳнати учраб туришини айтади.

Мирзиёев 2016 йил 2 сентбярда вафот этган Ислом Каримовнинг 20 йилдан ошиқ давом этган репрессив раҳбарлигидан сўнг ҳокимиятга келгач, ислоҳотга қўл урди.

Мирзиёев 2017 сентябрида БМТ Бош Ассамблеясида қилган маърузасида Ўзбекистонда мавжуд бўлган мажбурий меҳнат муаммоси ҳал этилишини айтган эди.

Ўтган ой Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева халқаро ташкилотлар томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бориш учун АҚШга борган ҳамда Cotton Campaign вакиллари билан учрашган.

Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан ўтказилган музокаралардан сўнг мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилмагунига қадар ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни сақлаб қолишга қарор қилган эди.

Cotton Campaign баёнотига кўра, учрашув чоғида ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш юзасидан қатъий чоралар кўрилганини юқори баҳолаган. Айни пайтда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилмагани, бу соҳада қилинадиган ишлар анчагина экани ҳам эътироф этилган.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йили Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилиш тадбирини бошлаган эди. Бунга Ўзбекистонда болалар ва катталар пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани асосий сабаб бўлган. Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levi"s, H&M, UNIQLO ва бошқа жаҳонга машҳур брендлар қўшилган эди.

Ўзбекистон пахта етиштиртиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Мамлакат пахта хом ашёсининг 60 фоизини Хитой, Бангладеш, Туркия ва Эронга экспорт қилади.

Ўзбекистон пахта саноати йилига 1 миллиард доллар даромад келтиради, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб чорак қисмини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG