Хитой АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюргани тақдирда, Қўшма Штатларга "жиддий оқибатлар" билан таҳдид қилди.
Пелоси АҚШда президентидан кейин иккинчи ўринда турадиган шахс ҳисобланади. Сиёсатчининг Тайванга келиши 25 йилдан буён амалга оширилган юқори мартабали АҚШ расмийсининг ташрифи бўлиши мумкин. Хитой, агар Пелоси келса, "қатъий ва кучли чоралар" қўлланилиши билан таҳдид қилмоқда. Таҳлилчилар фикрича, бу Осиёнинг асосий потенциал порох қутиси ҳисобланган Тайван бўғозида кескинлик ошишига олиб келиши мумкин, дея хабар беради "Ассошиэйтед пресс" агентлиги.
Нега Пелоси Тайванга ташриф буюрмоқчи?
Пелоси Конгрессдаги ўттиз йилдан кўпроқ фаолияти давомида Хитойнинг ашаддий танқидчиларидан бўлиб келган. Бир пайтлар у Пекиндаги Тянанмен майдонида 1989 йилги демократия учун намойишларни қонли бостиришда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган баннер кўтарганди. Нэнси Пелосининг 2019 йил Гонконгдаги демократия учун бўлган норозиликларни қатъий тарафдори бўлгани ҳам уни Пекиннинг танқид нишонига айлантирди.
Пелоси ўтган ҳафта Конгрессда "Тайванни қўллаб-қувватлаш биз учун муҳим" дея таъкидлади. Тайван президенти Цсай Инг-вен Пекин таҳдидларига қарши чиқиб, унинг маъмурияти асосий демократик қадриятлар ва Пелосининг қалбига яқин либерал сиёсатни, шу жумладан, бир жинсли никоҳ ва кучли ижтимоий хавфсизлик тармоғини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Нега ташриф вазиятни кескинлаштиради?
Хитой Тайванни ўз ҳудуди сифатида кўради ва агар лозим бўлса, куч билан қўшиб олинишини айтиб келади. Пекиннинг сўнгги йиллардаги ҳарбий фаоллиги асосан ана шу миссияга қаратилган.
АP мақоласида келтирилишича, Пекин Тайпей ва Вашингтон ўртасидаги барча расмий алоқаларга эътироз билдиради ва мунтазам равишда жавоб бериш таҳдид қилади. 1995 йилда Тайваннинг ўша пайтдаги президенти Ли Тенг Хуйнинг АҚШга қилган ташрифига жавобан Хитой Тайван яқинида денгизда ҳарбий машғулотлар ўтказиб, ракеталар учирганди. Бироқ, ўшандан бери Хитойнинг ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада ошди.
Экспертларнинг таъкидлашича, Хитой Пелосининг АҚШга киришига тўсқинлик қилиш учун куч ишлатиши даргумон. Шу билан бирга, Пекиннинг жавобини олдиндан башорат қилиш қийин. Ҳарбий машғулотлар, кемалар ва самолётларнинг бостириб кириши бутун минтақани хавф остига қўядиган потенциал воқелик ҳисобланади.
Пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден Хитой етакчиси Си Цзинпин билан гаплашади. Байден маъмурияти Американинг Хитой билан муҳим, лекин тез-тез нотинч ва ўта мураккаб муносабатларини бир текисда сақлаб қолишни истайди.
Пелоси Тайванга апрель ойида ташриф буюришни режалаштирган эди, аммо COVID-19 юқтирганидан кейин ташриф қолдирилган. У келаётган ҳафталарда Тайванга саёҳат қилиш режаларини муҳокама қилишдан бош тортди. Бу Хитойда ҳукмрон Коммунистик партиянинг ҳарбий қаноти – Халқ озодлик армияси ташкил топганига 1 йил тўлиш санасига тўғри келади.
Хитойнинг янада кучли жавоби Си Цзинпиннинг шу йил охирида ўтказиладиган партия қурултойи олдидан ўзининг ваколатларини кучайтириш бўлиши ҳам мумкин. Унда Хитой етакчиси ўзининг учинчи беш йиллик президентлик муддатини эълон қилиши кутилмоқда. Ўз ваколатларини ҳар бир соҳада кенгайтириши ва ички эпидемияга қатъий ноль-COVID муносабати унга нисбатан маълум даражада норозиликни келтириб чиқарган эди. Си Цзинпиннинг Тайван масаласидаги позицияси унга танқидлардан сақланишда ёрдам бериши мумкин.
Тайваннинг ташрифга муносабати
Цай АҚШ, Европа ва Осиёда хизмат қилаётган ва нафақага чиққан барча чет эллик нуфузли шахсларни илиқ қарши олмоқда ва бундай ташрифлардан Хитойнинг Тайван ҳукумати билан ҳисоблашишдан бош тортиши ва муттасил дипломатик изоляция кампаниясига қарши қурол сифатида фойдаланиб келади. Шунга қарамай, унинг бундай ҳолатлардаги риторикаси одатда сокин бўлиб, ўзининг хотиржам хулқ-атвори билан Тайван билан ҳал қилувчи иқтисодий ҳамкор бўлиб қолаётган Хитойга янада қарама-қарши бўлмаслик истагини акс эттиради.
Пойтахт Тайпей душанба куни фуқаролик мудофааси машғулотларини ўтказди ва сешанба куни Цай йиллик ҳарбий машғулотларда қатнашди. Аммо бунинг Пелосининг эҳтимолий ташрифи сабаб юзага келган кескинлик билан бевосита алоқаси йўқ. Тайван жамоатчилиги Хитойнинг бирлашиш ҳақидаги талабларини қатъиян рад этса-да, орол армиясининг АҚШ ёрдамисиз PLАдан ҳимояланиши қийин масаладек кўринади. Шу сабабли ҳам қуролли кучларни кучайтириш Цай ваколат муддатининг муҳим вазифаларидан бири.
Сешанба куни Тайван Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Сун Ли-Фангнинг айтишича, ҳарбийлар Хитой ҳарбий кемалари ва самолётларининг орол атрофидаги барча ҳаракатларини кузатмоқда. “Бизда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашга ишонч ва имконият бор”, - деди Сун.
Форум